Zamondosh.com

Абдужалил Бойматов-Танқидим учун менга ҳам фитна ва бўҳтонлар қилишганди

Сўнгги 2 ой ичида Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ва унинг етакчиси Мухаммад Солиҳ тўғрисида мухолифатнинг кўзга кўринган намояндалари Жаҳонгир Мухаммад, Бобур Маликов, Uznews.net интернет сайти мухаррири Галима Бухорбоева ўз танқидий фикрларини билдиришди. Мен ҳам Мухаммад Солиҳ ва ЎХҲ тўғрисида ўз фикрларимни айтишни лозим топдим.

Мен 2009 йилнинг май ойида ЎИҲЖнинг президенти бўлиб сайланганимдан сўнг ўзбек мухолифати етакчилари Абдураҳим Пўлатов ва Мухаммад Солиҳнинг ўз партиялари етакчилигини шу лавозимга муносиб бошқа кишиларга бўшатиб бериш тўғрисида кампания олиб боряпман. Бу кампания айниқса 2009 йилда узлуксиз, шиддат билан олиб борилган эди. Афсуски, менинг танқидий мақолаларимга Абдураҳим Пўлатов ва Мухаммад Солиҳлар фитна ва бўҳтонлар билан жавоб беришди. Абдураҳим Пўлатов томонидан сохта конференция уюштирилиб, ЎИҲЖнинг Қашқадарё вилояти бўлимини йўқ қилишга ҳаракат қилинди.

Мухаммад Солиҳ эса ЭРК демократик партияси ва ЎХҲининг интернет сайтларида Самандар Самарқандий тахаллусли киши томонидан, Абдулла Абдураззоқ ўғли ва Толиб Ёқубовнинг менинг МХХнинг агенти деб бўхтондан иборат мақолаларни чоп эттирди.Шуниси қизиқки, Абдураҳим Пўлатов ва Мухаммад Солиҳни 20 йил давомида умуман танқид қилмаган эдим. Уларни танқид қилишим билан мен МХХ агентига айлантиришди, ЎИҲЖга нисбатан фитналар уюштира бошлашди. ЎХҲнинг айрим аьзолари томонидан менга нисбатан ҳақоратли, шахсиятга тегувчи, хаттоки уч қаватли сўкишлар ёғдирила бошланди. Ҳолбуки, мен 3 йил давомида Мухаммад Солиҳ ва ЎХҲининг биронта аъзосига нисбатан шахсиятига тегувчи, ҳақоратли сўзлар ишлатмаганман. Мухаммад Солиҳ ва ЎХҲни танқид қилишим мен учун яна бир кутилмаган натижага олиб келди. ЎХҲ тузилгандан бери,Толиб Ёқубов ва ЎХҲинингЎИҲЖга фитнасини фош қилганимдан кейин ББС ва Озодлик менга минбар беришни қарийб бутунлай тўхтатди. ББС ва Озодлик журналистлари Мухаммад Солиҳ ва ЎХҲини ким танқид қилса, танқидчига бу радиостанциялардан минбар беришмайди.

16 апрель куни Бирдамлик Халқ Ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориев бошчилигида 25 киши атрофида АҚШда Ўзбекистон элчихонаси олдида норозилик акцияси, митинг ўтказилди. Митинг қатнашчилари сиёсий маҳбусларнинг озод қилинишини, Бирдамлик Халқ Ҳаракатига нисбатан таъқиблар тўхталишини ва Ислом Каримов истеъфосини талаб қилишди. Баҳодир Чориев Мухаммад Солиҳга сиёсий рақиб бўлганлиги учун бўлса керак, бу норозилик акцияси Озодлик, ББС ва Америка Овози томонидан ёритилмади.

Uznews.net интернет сайтида Вячеслав Охунов Мухаммад Солиҳни мухолифатнинг энг муносиб етакчиси, мухолифатнинг бошқа вакилларини эса кемадаги аҳмоклар деб атади. Мен Вячеслав Охуновни рассом сифатида, ўз фикрига эга инсон сифатида, Ислом Каримов режимининг холис танқидчиси сифатида ҳурмат қиламан, лекин унинг Мухаммад Солиҳга берган баҳосига мутлақо қўшилмайман. Менимча, Вячеслав Охунов Мухаммад Солиҳнинг танқидчиларга жавоб мақолаларини ўкимаган бўлса керак. Масалан унинг Жаҳонгир Маматовга ёзган мақоласини ўқимаган бўлса керак ёки менга ва ЎИҲЖга қилган бўҳтон ва фитналаридан хабари бўлмаса керак. Мухаммад Солиҳнинг Абдураҳим Пўлатов ва Баҳодир Чориевларга нисбатан Ўзбекистонда аҳолининг кўпроқ билишига келсак, Мухаммад СолиҳнингЎзбекистонда кўпроқ таниқлигининг асосий сабаби, Озодлик ва ББС томонидан унинг мухолифатнинг демократик лидери сифатида реклама қилинишидир. Ваҳоланки, Мухаммад Солиҳ демократик лидер эмас.Озодлик ва ББС Абдураҳим Пўлатов ва Баҳодир Чориевга иложи борича кам минбар беришга ҳаракат қилишади. Абдураҳим Пўлатовга нисбатан умуман минбар берилмайди десам ҳам хато қилмайман. Мен инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида Вячеслав Охуновнинг мухолифатнинг Мухаммад Солиҳдан бошқа вакилларига кемадаги аҳмоклар деб берган баҳосини мухолифатга нисбатан ҳақорат деб биламан.

Муҳожиротда мухолифатни сиёсий кучга айлантириш учун, уни бир муштга айланиши келтириш учун Жаҳонгир Мухаммад, Бобур Маликов, Замондош муҳаррири Ризо Обидов,таниқли Замондош журналисти Улуғбек Бакиров ва камина мен томонидан кўп ҳаракатлар қилинди. Афсуски, бу ҳаракатлар мухолифат етакчилари Абдураҳим Пўлатов,Мухаммад Солиҳ ва Баҳодир Чориевларнинг салбий муносабати туфайли самарасиз бўлди.

Келажакда ўзбек мухолифати сиёсий кучга айланиши учун 1-навбатда қуйидаги ишларни амалга оширишга тўғри келади деб ўйлайман:
1.Бирлик Халқ Ҳаракати партияси раиси Абдураҳим Пўлатов ва ЭРК демократик партиясининг ва ЎХҲининг етакчиси Мухаммад Солиҳлар ўз ўринларини қобилиятли, тажрибали, етук ёшларга бўшатиб беришсин;
2.Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ва Бирлик Халқ Харакати партиясида танқидчиларга нисбатан ҳақоратли, шахсиятга тегувчи сўзлар ишлатилиши, танқидчиларга нисбатан фитналар уюштирилиши мутлақо тўхтатилиши керак;
3.Озодлик, ББС ва Америка овози радиостанциялари иложи борича мухолифат етакчиларига тенг минбар беришлари ва мухолифат партиялари ва ҳаракатларининг фаолиятларини холис ёритишлари керак.

29 апрель. 2012 йил.

Абдужалил Бойматов
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти.


%d bloggers like this: