Muvozanat.info

ўнглида кири йўқ, ҲАҚИҚИЙ ИНСОНларга буюк ҳурматлар

Қадим замонлар бир донишманд одамнинг шогирди: -Устоз, фалон даврада, фалончи сизни ғийбат қилибди – дея хабар етказибди. Донишманд устоз бир зум ўйланиб турибдида, шогирдига қараб: -Қизиқ, нега у мени ғийбат қилди экан, ахир мен унга бирон яхшилик қилмаган эдимку? – дебди ҳайрон бўлиб.
Ақлга ишораки, донишманд у гапни киноя қилиб айтмаган албатта. Аксинча, тўғри маънода айтган.
Чунки ғийбат аслида, ғийбатланувчи учун энг бебаҳо бойликдир. Мадраса кўрган, устозларининг юзига оёқ қўймаган, назардан қолмаган, донишманд Диний олимларимизнинг айтишларича, ғийбатланган банданинг гунохлари ўша ғийбатлар туфайли тутдай тўкилиб, у одам тобора покланиб бораверар, ғийбатланганнинг гунохлари Оллохнинг амри билан уни ғийбатлаган кимсаларнинг гарданига илиб қўйилар, ғийбатчилар шунда ҳам ғайрати ичига сиғмай, ўша ғийбатлангувчи қурбонни ноҳақ ғийбатлашда астойдил давом этаверсалар, ғийбатчиларнинг қилган тамоми савоблари бирин кетин ғийбатланган банда хисобига ёзиб қўйилар экан.
Охир – оқибат, ғийбатловчилар Қуръони Каримни хатм қилган, кунлик беш вақт номоздан ташқари, нафл ибодатларини, ярим тунда таҳажжуд номозларини ҳам адо этадиган, рўза тутадиган, закот берадиган мўъмин бўлсалар ҳам, ўз ғийбатчилиги туфайли савоб халтаси бўшаб, гунохлар ботқоғига ботиб, ишлари юришмай, элнинг назаридан қолиб, хору зорликда оламдан ўтганлари ҳам оздай, у дунёда Норга, яъни Дўзахга равона бўлар эканлар.
(Шу борада Нормўъмин исми қандайдир “дўзахга тушадиган мўъмин” мъносида номутаносиб жаранглашини хисобга олиб, Мусулмонча исмни яхши кўрадиган одамлар бундан кейин ўз фарзандларига арабча “Дўзах” мазмунини бергувчи “Нор” қўшимчасисиз исм қўйишларини тавсия қилардим. Бу сўзларимдан Нормўъмин исмли ёки фамилияли дўстларимиз мендан ранжимасинлар. Ваҳоланки, “Нор” қўшимчали исмлар жуда кўп ва у исмларнинг қўйилишига ота – оналар айбдор эмас деб ўйлайман. Аксинча, “Мўҳтарам жамоати муслимин, бу исмлар “Нор” қўшимчаси билан бироз хунукроқ янграр экан. Болаларга сал бошқачароқ исм қўйсак, шариатимизга мос бўларди – дея элни ўз вақтида огохлантирмаган дин пешволарининг, муфтият ходимларининг, дин олимларнинг айби, гунохидир. Х.В.)

Гунохкор банда эса, эса ғийбатлангани туфайли ўз гунохларидан қутилиб, ғийбатчи номозхоннинг савоблари эвазига иймонли мўъминлар қатори, бу дунёда ишлари юришгандан юришиб, вақтики бақо оламига ўтгач, Жаннатул Фирдавсга кирар экан.
Мана сизларга ғийбатнинг фойда ва зарари ҳақидаги тиниқ бир тасаввур.
Ҳўш, ғийбат ўзи нима?
Ғийбат арабча “Ғайб” сўзидан олинган тушунча бўлиб, “ўзбекчасига кўзга кўринмас, русчасига невидимое, инглизча айтилса, анвизибол” маъносини ташиярак, ғийбатлангувчи қурбоннинг ўзи йўқлиги пайтида, у ҳақда бирёқлама, адолатсизларча гапириш, айблаш ҳаракатини англатади.
Ҳозир ҒИЙБАТ иллати интернетга чуқур илдиз отган, замонавийлашган. Интернетда қандайдир номлар, ниқоблар ортига беркиниб, қўрқоқларча, номардларча, виртуал клавиатураларда сўз қадоқлаб, ёзилаётган мақолалар, КОММЕНТлар ана ўша оғир гунох хисобланган, одамни бор тўплаган савобидан, иймонидан бир дақиқа ичида мосуво қилгувчи ҒАЙБАТнинг энг ёвуз кўринишидир.
Шохмисиз, гадомисиз, бу беш кунлик умрингиз елдек ғувиллаб ўтиб, эртага Оллои Таолонинг ҳузурида, МАХШАРда ҳозир бўласиз.Пушаймон бўласиз! У маҳал кеч бўлади! Буни асло унутманг!Баъзиларнинг гапига кириб, кўзингизни абадий юмманг! Аксинча, кўзингизни очинг! Ғийбатчи бўлиб қолишдан эхтиёт бўлинглар, шайтоний васвасадан сақланинглар!
Бу гапларни сизларга дин олимлари аниқ – тиниқ етказа олмаган бўлсалар, мен – диний илми етарли бўлмаган оддий бир демократ бу вазифани Худо учун ўз зиммамга олиб, уни сизларга етказдим.
Бу амалимнинг савобидан умидворман.
Ҳўш, ёзганларимиз ва айтганларимиз ҒАЙБАТ бўлиб қолмаслиги учун нима қилишимиз керак?
Агар ўз номингиз остида, бошқаларнинг камчиликларини адолат билан, икки тамонлама ҳолис, асосли, хужжат билан айта олсангиз, бу ғийбат эмас, аксинча сиз ўша бандага кўзгу бўлган, камчилик, хатою нуқсонларини ўнглаб олишга кўмаклашган бўласиз ва бунинг учун Худо ҳохласа, ажру савобларга эга бўлсиз.
Бу ҳолда сизни ҳеч ким ғийбатчи деёлмайди.
Бордию, сиз маданият билан, шахсига тегмай, хақоратламай, асосли тунқид қилаганингиз – ўша нусха танқидга чидамай, сизнинг шахсингизга тегиб, хақоратлаб ёки масхаралаб жавоб қайтарса, асло хафа бўлманг.
Қайтага хурсанд бўлинг.
Негаки, шу ноҳақ тахқирланганингиз учун тахқирловчи кимсани Худо паст қилади, сизни эса юқорига кўтаради.Бу – ИЛОҲИЙ ҚОНУН!
Жаноби ҲАҚ у банданинг бор савобини сизга ёзиб, сизнинг гунохларингизни ўша одам гарданига оғир, чўян занжирлар каби илиб қўяди.
Энди сиз яшаётган маҳаллада, биронта одам уйма – уй юриб, одамлардан: -Илтимос, мени ғийбатланглар, эвазига ўзбек сўмида ёки қаттиқ валютада пул тўлайман – деётган бўлса, раҳмингиз келиб, уни руҳий касаллар даволанадиган шифохонага жўнатмоқ мақсади билан жиннихона сари қўнғироқ қилишга шошилманг.
Чунки у донишманд одам ва у шу тариқа ўз гунохларидан осонликча қутулмоқчи.
Энди креслоларинга яхшилаб жойлашиб ўтириб, хавфсизлик камарларини тақиб олинглар. Чунки, мақоланинг энг қизиқ жойига, кульминация нуқтасига етдик.
Бу қисм саволлар билан бошланади ва жавоблар билан итмомига етказилади, Худо ҳохласа.
Қадрли Ватандошларим, қани менга айтингларчи, нега президент Ислом Каримов 20 йилдан бери амалда?
Нега ўзбек мухолифати қамалда?
Нега Ислом Каримов минг йиллардан бери ҳали ҳеч бир ўзбекка, ҳатто Исмоил Бухорийга ҳам насиб қилмаган КАЪБАга киришдек олий эҳтиромга мушарраф бўлди?
Ислом Каримов буюк диний уламоларимиз сингари Қуръони Каримни хатм қилмаган бўлса керак?
Нега у бу қадар омадли?
Нега ҳар гал унинг иши ўнгидан келаверади?
Нега уни дунё ҳамжамияти турли санкциялар жорий қилиб ҳам тўхтата олмади?
Қайтага, шундай мутараққий, харбий салоҳиятга (Каримов “Салохият” сўзини кўп ишлатади. Салохият дегани “Силох”, яъни “Қурол” деган сўзга ўзакдош “Қуролли қудратли” деган маънога эга. Қурол деса фақат тўфангни, яъни милтиқни тушунмаслик керак. Сўз ҳам, ғоя ҳам қурол.Х.В.)қудратда тенги йўқ Европа ва Ғарбнинг Ислом Каримовга иши тушиб, бўйинларини эгиб, ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб олишлари учун ундан изн сўрамоқдалар.
Нега?
Шу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрмадиларингми?
Нега беш вақт номоз ўқиб, илтижо қилиб, рўза тутиб, кечаю кундуз тасбех ўгириб, зикру сано қилиб, жойнамоз устида йиғлайдиганларга Оллох ёрдам қўлини чўзмаяпти?
Нега улар КАЪБАга киришу Ҳаж амалини адо этиш у ёқда турсин, қамоқхоналарда азоб чекиб, касалланиб, ўлиб, омон қолганлари ўз ватанларидан қувилганларида, ҳеч йўқ уларни Ислом ўлкалари қабул қилмайди ва нега улар Европа ёки Ғарб мамлакатларидан бошпана топиб, амал – тақал ҳаёт кечирадилар?
Нега?
Бунинг сабаби битта.
Биз юқорида таъкидлаганимиздай, аввал бошдан турли яширин номлар остида, ўзимиз етарли фактларга, аргументларга эга бўлмаган ҳолда, туман – турли мақолаю комментлар билан, келса келмаса ўн беш қабилида Ислом Каримовни кечаю кундуз, тўхтамай ғийбат қилавердик.
Ўз номи билан, мардларча, очиқ ёзганлар ҳам бўлди, аммо уларнинг ёзганларида ҳам бир ёқламалик мавжуд.
Қолаверса, улар келтирган факт ва аргументаларнинг барчасини бирдай абсолут ҳақиқат дея хисоблаб, қабул қилиб бўлмайди.
Агар уларнинг ёзганлари абсолут ҳақиқат бўлганида эди, Худои Таоло диктатор Каримов салтанатининг оёғини аллақачон осмондан қилган бўларди.
Энг қизиғи шундаки, ўзбек мухолифатининг гоҳ очиқ, гоҳ ниқоблар ортида ёзган бу иддаоларига муносабат билдирилиб, президент Ислом Каримов госаппарати ёки матбуот котибияти тамонидан раддия ёзилмаганидир.
Назаримда, турли ному ниқоблар ортига беркиниб, Каримов тўғрисида аниқ хужжатларга, факт ва аргументларга таянмай ёзилган мақола ва коммент эгаларининг ва шу жумладан уларга ҳайриҳох одамларнинг бор савоби Ислом Каримовга олиб берилгандай, Ислом Каримовнинг ҳаёти дунёда қилган тамоми гунохлари эса, интернетдаги ниқобли муқанналар гарданига илиб қўйилганга ўхшайди.
Энди замонавий ғийбатчи муқанналар у дунёга ўтгач, бу дунёда тортган аламли азоблари ҳам камдай, ноҳақ, адолатсиз, ному ниқоблар ортида, виртуал клавиатураларда қадоқлаб ёзган ғийбатлари учун Парвардигори Олам тамонидан муносиб жазоланиб, дўзахга кетаётиб бундай қарасалар, сон – саноқсиз ғийбатлардан гунохлари тутдай тўкилган, Каримов Адолатли Оллох тамонидан олиб берилган ғийбатчиларнинг савоблари шуъласида одимлаб, ўзининг машҳур табассуми билан илжайганича Жаннатга кириб кетаётган бўлсая!
Астахфирилло, астахфирилло!..
Баъзилар бу мақолани Кваземода сингари хунук букчайганларича, кўзлари бўччи – бўччи бўлиб, ўқиб чиқиб, мени дарҳол ЭСЭНБЭшникка ёки хушомадгўйга чиқаришларини аввалдан биламан ва ҳозирданоқ кулгим қистаяпти.
Майли, бу уларнинг “иш”и.
У ҳолда ундайларнинг бу ҳаракати юқорида таъкидланган ҒАЙБАТнинг яна бир кўриниши бўлади ва мен ўшандай нусхаларнинг менга нисбатан навбатдаги ноҳақ ғийбати туфайли гунохлардан қутилишимни ўйлаб, хурсанд бўламан.
Кўнглида кири йўқ, ҲАҚИҚИЙ ИНСОНларга буюк ҳурматлар билан, Холдор Вулқон.

27 апрель, 2012 йил.
Кундаз соат 11 дан 11 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.

Muvozanat.info


%d bloggers like this: