turonzamin.org

“Бир туҳматнинг фош бўлиши”

Ёлғончи Солиҳ мен ҳақимда шундай ёзди:
“Бу туҳматчи нусха 1993 йил май ойида Бакуда “Апшерон” меҳмонхонасида олдимда тиз чўкиб йиғлаган, “Мени Туркияга обкетинг, бу ерда ўлиб кетаман”, деб (Агар бундан тонса, бу кимсани Аллоҳга ҳавола қилдим). Қилган яхшилигини миннат қилиш бўлмасин, уни Туркияга олиб келдим. Уй бердим, маош бердим”.
Шундан кейин мен қуйидагини ёздим:
“Ҳей, мунофиқ, муттаҳам, мен Ашгабатда эканимда сенга телефон қилдик, сен менинг Туркияга боришимга қаршилик қилдинг, лекин Туркияга ким билан борганимни ва қандай борганимни Номоз Нормўминдан сўра. У агар Аллоҳга ишонса ҳақ гапни айтар? Айтмаса, бошқача исботлайдиган йўллар ҳам бор. Ана бизни кутиб олган Аҳад Андижондан сўра! Худди мен сенинг жонингни олаётгандек бунчалик туҳмат қилма! Сен динга ҳам, Аллоҳга ҳам ишонмайдиган макруҳи ниёзий экансан. Бўлмаса бу дунёсидан у дунёси яқин қолган одам бунчалик туҳмату бўҳтонга бормасди”.
Энди бунга Номоз Нормўмин жавоб ёзди:

“Шундан кейин менга Термизда тазйиқлар бошланди ва мен аввал Тошкетга, кейин Ашхободга келдим. Бу ерда Мурод Жўраев мени кутиб олди. Жаҳонгир Маматов ҳам у билан бирга турар экан. Биз тахминан икки ойча Ашхободда турдик. Мунсобатларимиз самимий бўлмаса ҳам, нормал эди.(Сизга мақола ёзишни ўргатганим, уруслар юртида ўқиганингиз учун ҳар бир сатрингизни таҳрир қилиб, ўзбекча ёзишни ўргатганимни ҳам қўшмабсиз-да-ЖМ) Кейин Туркияга кетиш масаламиз кун тартибига келди. Жаҳонгир Маматов Станбулда яшаётган Муҳаммад Солиҳ билан телефонда гаплашди. Муҳаммад Солиҳ аввал бизнинг Туркияга келишимизга рози бўлмади.
Аммо Жаҳонгир Маматов қайта-қайта илтимос қилавергандан кейин, ( Солиҳга ўхшаб сизда ҳам хотира кетганми дейман, Муҳаммад Солиҳ билан бор йўғи бир марта у ҳам бўлса Ашгабат марказига бориб, халқаро телефондан гаплашганимизни унутибсизда-ЖМ) унинг ва Мурод Жўраевнинг Истанбулга келишига рози бўлди.

Менинг ҳам орқага, Ўзбекистонга қайтишимиз мумкин эмасди. Шундан кейин мен ҳам Туркияга кетмоқчи эканлигимни айтдим. Ва шу тарзда аввал Туркманистоннинг Каспий денгиз соҳилидаги ҳозирги Туркманбоши шаҳрига, ундан самолёт билан Бакуга келдик. Бу ерда Жаҳонгир Маматовнинг бир танишининг уйида турдик. У киши бу уй аҳли билан жуда апоқ-чапоқ экан. Икки ҳафтача кутиб, бизга Гуржистон паспорти қилиб беришларини кутдик. Паспортлар ҳозир бўлгандан кейин Бакудан Анқарага, у ердан автобус билан Истанбулга келдик. Бизни Аҳад Андижон кутиб олди ва Муҳаммад Солиҳ яшайдиган “Этилер” маҳалласига олиб борди”.

Демак, Солиҳнинг гапи ёлғонлиги исботланди. Аллоҳимга шукрлар бўлсин! Сизларни ўз тилингиздан сайратмоқда. Ҳар қанча туҳмат қиламан десангиз ҳам шарманда бўлмоқдасиз. Ҳатто Номоз Нормўминнинг ўзини ҳам Солиҳ акаси қаршилик қилган ва Туркияга мен олиб кетганимни сездириб қўйибди. Мен буни ёзмаганман ва ёзмоқчи ҳам эмасдим. У Худонинг йўлига қилинган иш эди.

Номоз Нормўминнинг Солиҳнинг варотасига томон урилган тўпларни ушлашга интилиб айтган ҳамма гапларига жавобни олдин батафасил ёзганман. Сайтимда турибди.

Менга уйни Солиҳ эмас, Бадриддин Далан берган. Бунга Анвар Олтойли гувоҳ. Мен ундан бир умр миннатдорман. Солиҳ эса унга уй берган Даланга ҳам тош отиб юрибди.

Номоз, лекин сиз ҳам мунофиқ эканлигингизни фош қилдингиз. Худонинг номини сотадиган кимса экансиз – Солиҳнинг биттаси экансиз. Мулласининг муриди-да!  Бўлмаса қўлингизга Қуръони Каримни олиб “Жаҳонгир Маматов Солиҳдан 700 доллардан маош олган” деб айтинг-чи? Бу ёлғонингиз учун сизни Худо уради. Мен Солиҳдан ҳеч қачон маош олмаганман! Буни ўзим биламан ва Алоҳим билади.

Агар Солиҳ менга 700 доллардан маош берган бўлса, ҳеч қаерда ишламаган одам бунча пулни қаердан олди? Сиз ҳам ҳар куни учрашиб турадиган МИТ (Турк разведкаси идораси) ходими Метинбейданми ёки Аҳмадбейданми? Унинг онасининг доллар фабрикаси бормидки, 100 долларга бир ой яшаш мумкин бўлган пайтда менга 700 доллардан маош берсин? Агар у менга маош берганда, мен Аҳад Андижонга иш топиб беринг деб борармидим? “Туркия” газетаси, Би-би-си радиосида ишлармидим, кечалари ухламай собиқ муфти айтган китобларни таржима қилармидим? Йўқ, газетани чиқариб, мазза қилиб ўтираверардим-ку? Бу мен учун энг осон иш эди-ку? Балки Солиҳ МИТдан ҳар бир кишига деб олган “маош”ларнинг рўйхатини сиз кўрган ва менинг номимга ҳам 700 доллардан ёзиб олганмидингизлар?

Ёрдамлари учун Аҳад Андижон, Бадриддин Далан, Темир Хўжа ўғли, Турон Ёзғон, Зуҳуриддин Туркистоний (оиламни олиб келаман деганда Солиҳ қаршилик қилган ва у билан орани узиб, бу одамдан 300 доллар қарз олиб, Бакуга кетганман) ва бошқаларга миннаторчилик мақоласи ёзганман. Солиҳ ҳам улар каби бўлганда, сиёсиий кўрлигини, сиёсий томондан халқимизга қилган душманлигини қўлламасамда, яхшилик қилганини эътироф этардим.

Афсуски, у Каримовнинг эгизаки экан. Ким уни мақтаса, камчилигини ўртса, уникига пахта қўйса, маддоҳлик қилса, ўшанга эгилади. Мен Солиҳнинг Каримовга ўхшаган жуда кўп жиҳатларини ёздим ва сиз масалани фақат моддий томонга олиб қочибсиз. Қаердадир ўқигандим, “…маддоҳлар – Эркин Самандаров, Нормурод Нарзуллаев, Барот Бойқобиловлар Ислом Каримовни мақташда, тагини тозалашда УХХчилардан  дарс олишлари керак” деб. Ким бўлса ҳам жуда ҳақ гапни ёзган экан.

 Жаҳонгир Маматов.


%d bloggers like this: