yangifikr.com

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)нинг собиқ президенти Абдужалил Бойматов тўлиқ сукутга кетди

Толиб Ёқубов
Мен адашаётганим йўқ: ҳақиқатан Абдужалил Бойматов ЎИҲЖ Уставига кўра 2011 йил 6 майдан бошлаб ташкилот президенти ваколатидан ажралди ва унинг оддий аъзосига айланди. Худди шундай мен ҳам ўша санадан бошлаб ташкилотнинг вице-президенти эмасман.

А.Бойматов замонамизнинг Вацлав Ҳавел, Нельсон Манделла ва Андрей Сахаров каби энг буюк демократларидан биридир. Бундай иддао қилишга менда тўлиқ асос бор: у ўзининг шамширдай ўткир қатор сиёсий мақолаларида Ислом Каримов, Муҳаммад Солиҳ ва Абдураҳим Пўлатовлар демократияга ҳеч қандай алоқалари йўқлигини аёвсиз исботлади. Бу уч одамдан А.Бойматов мақолаларида номининг кўп учраши бўйича биринчи турган Муҳаммад Солиҳ демократ дейилишга умуман ҳаққи йўқ.

А.Бойматовнинг ноёб таланти у ЎИҲЖнинг президенти этиб сайлангандан кейин очилди, яъни президентлик лавозимини эгаллагач, у сиёсий публицистикага – жамият ва давлат ҳақидаги фанга – боши билан шунғиб кетди. Тўғри, А.Бойматовнинг мақолалари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга зиғирнинг гулича ҳам алоқаси йўқ эди. Ҳукумат тўраларидан А.Бойматовга ариза тушганми-йўқми аниғини билмаймиз, бироқ унга на “Эрк” партияси ва на-да “Бирлик” партияси аъзоларидан: “Бизнинг лидерлар ҳечам ўз лавозимларини бошқаларга беришни истамаяптилар; биз қийналиб кетдик; бу мустабид лидерлардан қутулишда ҳуқуқларимизни ҳимоя қилинг!” деган ариза тушмаганини аниқ биламиз. Бироқ ҳақиқий демократ бўлган инсонга бунинг фарқи йўқ: у бутун вужуди ва нафрати билан шамширини ялонғочлаб жангга киришиши керак!

Фалсафанинг асосий қонунларидан бири:
“Ҳар қандай сифат (ёки жараён) ўз ривожланишида қандайдир чўққи ёки тубанликка эришгач, янги даражадаги бошқа сифат (ёки жараён)га – ўз қарама-қаршиси (инкори)га ўтади” дан иборатдир. (1)-мис., физика-кимъёвий жараён сифатида чекланган ҳажмдаги сувни қиздириш қаралса, маълум бир вақтдан кейин сув ўзининг инкори (буғ)га айланади. (2)-мис., ижтимоий-сиёсий жараён сифатида партия лидери танқидига бағишланган мақолалар мажмуаси қаралса, икки-уч мақола ўқувчида муаллифга нисбатан хайрихоҳлик уйғотиши мумкин, бироқ шу руҳдаги мақолалар кўпайган сари ўқувчилар орасида муаллифга нисбатан олдинги муносабатнинг қарама-қаршиси, яъни унинг иддаоларини қабул қилмаслик келиб чиқиши табиийдир.

Демократик иддаоларини баён қилган ҳолда президент А.Бойматов бир-икки марта “Озодлик” радиосидан чиқиш қилиб, бир-икки мақоласини сайтларда эълон қилиб бас қиладиган одам эмаслигини яхшигина намойиш қилди. Натижада унинг сиёсий публицистикаси инқирозга учради. Одамлар: “Бу – ҳуқуқбонми ёки ҳукуматнинг ёлланган агентими?” дея сўрай бошладилар.

А.Бойматов менга ҳар куни, баъзи кунларда бир неча марта скайп орқали қўнғироқ қилар ва асосан икки масала: Муҳаммад Солиҳнинг демократ эмаслиги ва диндорлар Ўзбекистонда ҳукумат тепасига келишса мамлакатда улар шариатни жорий қилишлари ҳақида гап очар эди. Мен жисмоний оғир аҳволда бўлишимга қарамасдан бошида, узоқ сўҳбатларимиз чоғида, унга унинг хатоларини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Бугун тушунтирсам, эртаси куни “ассаломуалайкум”дан кейин у яна ўзининг ўша икки “масаласи” ҳақида гап бошлар эди. Охири мен уни, тишимни тишимга қўйиб, индамасдан тинглашга ўтдим. Бир куни: “Абдужалил, Сиз яхшиси ўзингизга ўхшаш бир одам топинг ва шу икки масалангизни истаганча ўша одам билан муҳокама қилаверинг. Мен бу икки масалада ўз позициямни Сизга кўп марталаб айтганман, мени тинч қўйинг” дейишга мажбур бўлдим.

Ҳозирги кунларда А.Бойматов тўлиқ сукутга кетди. У мен билан алоқани тамоман узди. У менинг бирорта хатимга жавоб ёзаётгани йўқ. Мен қуйида унга ёзган баъзи хатларим матнини келтирмоқчиман. Мана улар:

27 май
Ассаломуалайкум Абдужалил!

Ташкилотимизнинг 2-Конгрессини ўтказиш вақти ўтиб кетаяпти. Мен уни июньнинг охири-июльнинг бошида ўтказиш лозим деган фикрга келдим. Бу – ёзиш-чизиш ва бошқа ташкилий ишларни бажарадиган менинг келиним ва ўғлимнинг отпускага чиқиши билан боғлиқ.

Сиз 2 йиллик ҳисобот тайёрлашга киришинг. Бугун мен аъзоларимизга хабар бера бошлайман. Ҳамма ўз ҳисобидан келади. Банкда 360 евро пул бор, холос. Агар кичик бир грант гаплашсангиз ёмон бўлмас эди. Бўлмаса – имконини топган одамлар ўзи келади. СКАЙП-онлайн уюштиришимиз мумкин. Сизнинг ҳисоботингизни одамларимизга тарқатишимиз керак. Одамларимиз ўқиб ўз фикрини олдиндан билдирса яхши бўлади. Ҳисобот ёзишингизга қанча вақт керак бўлади? Кун тартибини ҳам ўйлаб ёзиб юборинг. Менинг фикримча:

1) Президент ҳисоботи муҳокамаси ва уни баҳолаш;
2) Президент ва вице-президент сайлови;
3) Ташкилот номига “Абдуманноб Пўлатов номли” деган сўзларни қўшиш; агар бу таклиф қабул қилинса, Уставга киритиш;
4) Ташкилотнинг бошқа мамлакатларда филиалини тузиш бўйича конкрет таклифлар;
5) Турли масалалар.

Шу конгрессда мен отставкага чиқмоқчиман. Ўрнимга одам излаяпман. Мендан ҳеч ким хафа бўлмаса керак.

Толиб акаман.

5 июнь
Ассаломуалайкум Абдужалил!

2011 йил – Конгресс ўтказиладиган йил ва уни ўз вақтида ўтказиш керак. Сиз табиатан демократ одамсиз, ҳаммамиз шу тузум учун курашиб келганмиз. Бироқ Сиз негадир Конгрессга қизиқиш билдирмаяпсиз. Асли уни ташкил қилиш ва ўтказишга Сиз президент сифатида бош бўлишингиз керак эди. Ундай бўлиб чиқмади. Касал ҳолатим билан Сизнинг ишингизни мен қилишимга тўғри келаяпти. Сиз бошқаларни нодемократликда айблаб келасиз, бироқ ўзингиз ҳақиқий демократ сифатида намуна кўрсатаётганингиз йўқ.

Ташкилотимиз офиси Angers шаҳрида – бу уставда ҳам қайд этилган. Конгресс шу шаҳарда ўтади ва унга Сиз келишингиз зарур. Биринчидан, Сиз ҳаракатдаги президентсиз. Иккинчидан, Сиз кўп марта “Мени олиб ташланг, мен президентликни топшираман” деган гапларни қилгансиз, гўёки ташкилот меникидай. Демократик ташкилот бўлгани учун Конгрессда президент сайлови ўтказилиши керак ва у альтернатив асосда бўлиши керак. Агар Сизда ҳақиқатан президентликдан кетиш ниятингиз бўлса, у ҳолда ўрнингизга одам топганингиз маъқул. Вақт эса оз қолаяпти.

Берлин Қурултойи (БҚ) масаласида Сиз қаттиқ адашдингиз. БҚ бировнинг оддий тўйи эмас, у сиёсий тадбир бўлиб, ё Ўзбекистонда катта ўзгаришларни юзага келтиради, ё мағлуб бўлади. Бу ташкилотнинг юзага келиши тарихий аҳамиятга эга. Агар шундай бўлмаганда эди, Ўзбекистон ҳукумати бугунгидай саросимага тушмаган бўлар эди. ЎИҲЖ Ўзбекистонда биринчилар қаторида тузилган демократик ташкилот бўлгани учун у ҳар бир тарихий аҳамиятга эга бўлган воқеаларга ўз вақтида ўзининг муносабатини билдириши керак. Шунинг учун ҳам БҚ ташкилотчилари менга мурожаат қилишганда мен уларни Сизга жўнатдим. Сиз ташкилот позициясини ҳеч бўлмаганда ярим бетлик баёнот чиқариб билдиришингиз керак эди. Сиз оғзаки жавоб бергансиз. Оғзаки айтилган гап тарихда сақланмайди. Келажак авлодлар ва тадқиқодчилар учун фақат ёзма баёнот ҳужжат бўлади.

БҚдан олдин мендан “БҚга ЎИҲЖдан ким қатгашади?” деб сўоашганда мен Сиз ва бир қатор одамларимизни айтдим. Шу жумладан Ҳазратқулни ҳам. Ҳазратқул ЎИҲЖга биринчи кунлардаёқ аъзо бўлган ва инсон ҳуқуқлари бўйича кўп ишлар қилган. Кимларни БҚга тавсия қилишга Сиздан бошқа менинг ҳам ҳуқуқим бор. Мен тавсия қилдим – нима, мен жиноят қилдимми? Сиз БҚга нисбатан нотўғри муносабатда бўлганингиз учун мен маъулиятни бўйнимга олдим ва Ҳазратқулга мен ваколат бердим. Сиз барча иддаоларингизни Ҳазратқулга эмас, менга қаратинг. Конфронтация қилмоқчи бўлсангиз, биринчидан, ютқизасиз, иккинчидан, Самандар Самарқандийнинг иддаосини тасдиқлаган бўласиз. Ваҳоланки, кашани Сиз қилгансиз, мен эса Сизни шиддат билан ҳимоя қилганман. Сиз ўта чегараланган одамсиз, Сизда бағрикенглик йўқ, аслини олганда демократликка зид бўлган бошқалар эътиқодига чидамсизлик юксак.

Биз Сизни Конгресс куни кутамиз. Бир кун олдин келсангиз батафсил гаплашиб оламиз.
Мендан хафа бўлманг, ҳарҳолда менинг Сиздан ёшим ҳам, ҳаётий, сиёсий ва ҳуқуқбонлик тажрибам кўпроқ. Ҳисоботни тезлаштиринг, одамларга ўқиш учун тарқатишимиз керак.

Ҳурмат ила Толиб акаман.

10 июнь
Ассаломуалайкум Абдужалил!

Мен билан алоқани узганингиз яхши бўлмади. “Кирадиган эшигингни қаттиқ ёпма” деган ҳикмат бор. Майли, ўзингиз биласиз. Масалага ўтаман.

Сизнинг “Замондош-ТВ”га берган интервьюнгизни эшитдим ва кўрдим. “Толиб ака мен билан алоқани узди, мен 8 марта скайп ва телефон орқали қўнғироқ қилдим – жавоб бермади” деб ғирт ёлғон гапирибсиз. Мен компьютер олдида ўтирсам скайп чақираётганини билишим мумкин. Ўшандаям – кўрсам, чунки менда звук.колонка йўқ. Менинг аҳволм шу даражадаки, сутканинг камида 15-16 соатида ётган бўламан. Телефон Сиз кўрган ва ўтирган залда туради: (1) қўнғироқни ё эшитмайман; ё (2) етиб бораолмайман. Деярли ҳар куни уйда бир ўзим қоламан. Мени ўзингиз каби навқирон йигит деб ҳисоблаётган бўлсангиз – адашасиз.

Сизнинг ва менинг ваколатларимиз устав бўйича ҳақиқатан ҳам тугаган. Ҳозир иккаламиз ҳам ташкилотнинг оддий аъзолари мақомидамиз. Сиз – ҳақиқий демократсиз. Бу – аксиома. Шундай экан, президент сифатида ҳар замонда уставга бир қараб, унда Сизнинг зиммангизга юклатилган вазифаларни қилишингиз керак. Конгрессни ташкиллаштириш айнан Сизнинг вазифангизга киради. 6 май яқинлашгач, Сиз: “Менинг ваколатим тугаяпти, янги Конгресс чақиришимиз лозим” деган фикр биринчи навбатда Сизда пайдо бўлиши керак. Мен кутдим, вақт ўтди, Сиздан садо чиқмади, ва мен ҳаракат бошладим. Нега буларни ТВда гапирмадингиз? Бу ҳам демократиянинг бир қиррасими? Икки йил давомида Сиз ЎИҲЖнинг нечта ҳужжатини ўзбек ва рус тилларида ёздингиз? Уларнинг аксариятини мен ёзганман, Сизнинг номингиздан тарқатилган. Интервьюнгизда менинг ҳам қилган меҳнатимни (оғир ахволда бўлишимга қарамасдан) айтиб ўтсангиз бўлмасмиди? Мени фитначи дейишга уялмадингизми? Менинг энг ашаддий душманларим ҳам мени ҳеч қачон фитначи деб аташга ботина олмаган. Шуми Сизнинг демократлигингиз?

Қатнашасизми-йўқми, Худо хоҳласа, 2-Конгрессни ўтказамиз. Сиз илгари икки гапнинг бирида: “Мен президентликдан кетаман, хоҳласаларинг мени президентликдан олиб ташланглар” деб айтиб келдингиз. Ё бу гап ёлғонми? Мана келинг, мажлисни олиб боринг. Конгресс кимни сайласа – ўша бўлади. Бироқ “Мен 20 та одам олиб борсам, Толиб ака 40 та одам тўплайди ва мени олиб ташлайди” деганингиз, бу – ҳақиқий фитна: (а) Сиз 20 та аъзомизни олиб кела олмайсиз, мен эса 40 сини йиға олмайман; (б) бу гапингиз Сиз ўзингизда ишонч йўқлигининг белгисидир.

Икки йил давомида қилган ишларингизни умумий махражга келтирилса, Сиз асосан икки иш билан шуғулландингиз: (1) сиёсий мақолалар ёзиш ва (2) интернет бўйлаб мақолалар тарқатиш. Буларнинг иккиси ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоқаси йўқ.
(1): ҳар бир одам сиёсий масалалар бўйича ўз фикрини айтиш, ёзиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Бироқ Сиз ўз маволаларингизнинг остига “ЎИҲЖнинг президенти” деб ёзиб келдингиз. “Фалончалар демократ эмас” дея мақола ёзиш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга нима алоқаси бор? Ё Сизга “Эрк” ва “Бирлик” партияси аъзолари: “М.С. ва А.П. раҳбарликдан кетмаяпти, улар бизнинг ҳуқуқимизни паймол қилаяпти, бизни ҳимоя қилинг” деб мурожаат қилишганмиди? Сизнинг бу мақолаларингиздан фақат битта ташкилот зарар кўрди – ЎИҲЖ, холос. Самандар Самарқандий балки тўғри ёзаётгандир? Кейинги пайтда мен ҳам ўйланиб қолдим!

Ҳисоботни қачон жўнатасиз? Ҳисоботга: “Мен шунча сиёсий мақола ёздим, шунча мақола тарқатдим” деб ёзиб юрманг – уятга қоласиз.

Толиб ака.

23 июнь
Ассаломуалайкум Абдужалил!

Сиз алоқани тамоман узиб қизиқ бир вазият шакллантираяпсиз. Мени 2-Конгресс ўтгандан кейинги даврда, Сиз президент бўлиб қайта сайлансангиз, ҳозир Сиз аразлашиб юрган одамлар билан қандай ишламоқчи бўлаётганингиз қизиқтиради. Узоққа бормайлик, масалан мен билан қандай ишлайсиз? Орамизда муносабат қандай бўлиши мумкин? Дўстона бўлишига мен ишонмайман. Сиз мени фитначи деб эълон қилдингиз, ваҳоланки мени шу давргача ҳеч ким, ҳатто мени ўзига душман деб ҳисоблайдиган одамлар ҳам, фитначи деб эълон қилмаган. Мен, масалан, Сиз билан илгаригидек бирга ишлашга ўзимда куч топа олмасам керак.

Конгресс бўладиган кун яқинлашаяпти, бироқ Сиз ҳанузгача ҳисоботни юбормадингиз. Қачон юборасиз? “Абдужалил Бойматов президент сифатида нима ишлар қилди?” деб одамлар менга мурожаат қилишаяпти. Ҳатто бир аъзомиз (Баҳодир бўлса керак): “Интернетда мақола тарқатиш учун президент бўлиш шарт эмас” деб ёзибди. Шундай аъзоларимиз билан қандай ишлайсиз?

Нодир Ахатов Конгрессда Сизнинг номзодингизни қўйишини ва Сизга овоз беришини эълон қилди. Сизнинг номзодингиз Конгрессда қўйилади. Шунинг учун Сиз Конгрессда қатгашишингиз керак. Конгресс Angers шаҳрида бўлади. Сиз изчил демократ сифатида ўз номзодингиз учун курашишингиз керак. Шунинг учун “Қайтиб кирадиган эшигингни қаттиқ ёпма” деган мақолга амал қилишингизни маслаҳат бераман.

Толиб ака.

24 июнь
Абдужалил, нега сайтимиз ўчиб кетган? Ким ва нима мақсадда қилган буни?
Жавобингизни кутаман.

Толиб ака.

25 июнь
Абдужалил, сайтни тузатинг, акс ҳолда катта гап-сўз бўлиши мумкин.

Т.Я. (Таклифнома илова қилинган)

27 июнь
Ассаломуалайкум ташкилотимиз аъзолари!

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг 2-Конгресси ечган масалалар, ўйлашимча, ўз ичида ҳам, ҳуқуқбонлик ҳаракатида ҳам, ва асосийси, Ўзбекистон ичида ҳам сезиларли ўзгаришлар қилади. 2006 йилнинг ўртасидан кейин ташкилотнинг иши кескин инқирозга учради ва бунинг юз беришида айб асосан менинг бўйнимдадир. Ташкилотга янги кучлар келиши пайти етди.

Сизнинг диққатингизга мен 2-Конгресснинг КУН ТАРТИБИни ҳавола этмоқчиман ва олдимиздаги икки ҳафта ичида Сиз ўз фикр ва мулоҳазаларингизни ёзиб юборасизлар, деган умиддаман. Қуйида мен Кун тартибининг баъзи масалаларига ўзимнинг қарашларимни қисқа ҳолда айтиб ўтмоқчиман.

3.1. Бу масалада иккинчи фикр ҳам бор, яъни вице-президентлар сони 3 та бўлиши керак деган.
1-вице-президент Ўзбекистон ичида фаолият олиб боради;
2-вице-президент МДҲ давлатлари (Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Украина ва б.) бўйича иш олиб боради;
3-вице-президент Ғарбдаги демократик давлатлар бўйича ишлайди.
1-вице-президент лавозимида албатта Ўзбекистонда муқим яшайдиган аъзомиз ишлаши керак. Бу – ўта муҳим лавозим ва ташкилотнинг барча структура ва лавозимли шахслари мазкур вице-президентга кўмаклашиши лозим.
2-вице-президентлик лавозими ҳам жиддий ишдир. Миллионлаб ватандошларимиз МДҲ давлатларида кўп ҳолларда ҳақсиз-ҳуқуқсиз юрган, ватандаги ҳукумат уларни ҳимоя қилмаётган бир пайтда ҳуқуқбонлик ташкилотлари уларнинг биринчи ёрдамчиси бўлиши керак. Ватандошлардан ташқари Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қозоғистон каби мамлакатларда ҳақсиз-ҳуқуқсиз яшаётган миллатдошларимизни ҳам унутмаслигимиз керак. ЎИҲЖ халқаро ташкилот бўлгани учун бу вазифа биринчи навбатда унинг зиммасига тушади.

3.2. Абдуманноб Пўлатовни мен яхши биламан. ЎИҲЖ тарихида Абдуманнобнинг ўз ўрни бор. Биринчи навбатда у шу ташкилотни тузган инсондир. У 1991 йили бу ишга киришганда биз, 10-15 бирликчилар, унинг ёнида сафдош бўлганмиз. Унинг сай-ҳаракати билан 1992 йил 2 февралда ташкилотнинг таъсис Қурултойи, 1996 йил 6 сентябрда 2-чи Қурултойи ўтказилди. Ҳаммамизнинг ўзимизга яраша хато ва камчиликларимиз бўлганидек Абдуманнобнинг ҳам шундай хато-камчиликлари бор эди. Бироқ ҳуқуқбонлик соҳасида Абдуманнобнинг қилган ишлари унинг хато-камчиликларини минг карра ювиб кетади.
Дунёда асосчининг номи берилган (вафотидан кейин) ҳуқуқбонлик ва бошқа соҳадаги ташкилотлар жуда кўп. Мас., Швейцарияда Мартин Энналс номидаги ҳуқуқбонлик ташкилоти бор (ватандошимиз Мўътабар Тожибоева шу ташкилотнинг мукофотини олган).
Менинг фикримча ҳозир орамизда йўқ бўлган Абдуманноб Пўлатовнинг номи ташкилотимизга берилса айни муддао бўлади.
Менинг бу ташаббусимни барчангиз чин сидқи-дилдан қўллаб-қувватлайсиз деган умиддаман.

4.4. Ҳарбир инсоннинг ўз ички ресурслари бўлади ва бу ресурс қачондир тугайди – буни инсоннинг ўзи сезиши керак. Мен ички ресурсларим тугаганини сездим. Мухолифат ҳаракатидаги бир лидер “Толиб аканинг ресурси тугаган” деб илгарироқ адашмасдан ёзган ҳам эди. Мен ЎИҲЖни имконим қадар бирмунча вақт яхшими-ёмонми бошқардим. Бировга ёқдим, бировга ёқмадим. Менинг ёшим 70 дан ошди, соғлиғим, хусусан кўзим кескин ёмонлашди. Бошқача айтганда, яқинда мен ҳақимда муҳтарам Васила Иноятова ёзганидек “шартим кетиб партим қолди”. Ёшларга йўл бериш вақти келди ва балки 10 йилча ўтиб ҳам кетди. Буни мени ҳурмат қилган аъзомиз ҳам, ҳурмат қилмаган аъзомиз ҳам яхши тушунади. Шунинг учун Конгресс бир овоздан менинг истеъфомни қабул қилади деган умиддаман.

Ҳурмат ила Толиб акаман.

(Мазкур мактуб ташкилотнинг 20 дан ортиқ аъзоларига, хусусан А.Бойматовга ҳам жўнатилган).

Қурултой/Конгресс Кун тартиби лойиҳаси:

1. Конгресснинг очилиши.
Мажлисни олиб бориш учун 2 кишидан иборат Ишчи Ҳайъати сайлаш -10 мин.;
10.00 – 10.10

2. ЎИҲЖнинг ўтган 2 йиллик даврдаги фаолияти ҳақида ҳисоботни тинглаш – 20 мин.;
10.15 – 10.35

3. ЎИҲЖ Низомига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш – 60 мин.;
10.40 – 11.40
3.1. Вице-президентлар сонини 2 тага ўзгартириш: 1- Ўзбекистон бўйича; 2 – Ўзбекистон ташқарисидаги давлатлар бўйича;
3.2. Жамият номини “Абдуманноб Пўлатов номидаги Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти” деб ўзгартириш;
3.3. Жамият Котибиятини сайлаш.

ТАНАФФУС – 20 мин.;
11.40 – 12.00

4. Ташкилий масалалар:
4.1. ЎИҲЖ президенти сайлови;
4.2. ЎИҲЖ вице-президентлари сайлови;
4.3. ЎИҲЖнинг доимо ишлайдиган Котибиятини/Секретариатини сайлаш;
4.4. Толиб Ёқубовнинг истеъфоси – 60 мин.;
12.00 – 13.00

ТУШЛИК – 60 мин.;
13.00 – 14.00

5. Жамиятнинг Шавриқ Рўзимуродов номли мукофот фондини ташкил қилиш – 20 мин.;
14.05 – 14.25

6. Жамиятнинг «Ўзбекистон Халқ Ҳаракати»га расмий муносабати – 15 мин.; 14.25 – 14.40

ТАНАФФУС – 20 мин.;
14.40 – 15.00

7. Бошқа масалалар – 60 мин.;
15.00 – 16.00

Яна такрорламоқчиман:
Ҳозирги кунларда А.Бойматов тўлиқ сукутга кетди. У мен билан алоқани тамоман узди. У менинг бирорта хатимга жавоб ёзаётгани йўқ.
Охири бахайр бўлсин. Бироқ чуқур сукутнинг инкори чуқур жанжалдир. А.Бойматов айни кунларда қандай келажак режалар тузаётганини айтиш қийин. 2-Конгресс тинч, конструктив руҳда ўтишига максимал даражада тўсқинлик қилишга эришиш унинг асосий режаси эканлигини башорат қилиш қийин эмас. Афсусли жойи шунда-ки, ташкилотимизнинг баъзи аъзолари буни тушунишни истамаяптилар.
http://www.yangifikr.com

Комментарии

0 #5 yahoo 01.07.2011 16:54
Ulgan odam tugrisida yoımon gapirish kerakmaydi, ammo muholifat ichida Abdumannop Pulatovning obrusi bulmaganini aytish haqiqatni aytish buladi. Uning atrofida deyarli hech kim yoq edi, chunki giybat-fisqu fasod bilan yashab utgan kishilar ichida yashab, ulardan bittasi bulib qolgandi uning uzi ham. Tolib Yoqubovning tashkilotga bu ismni qoyish istagi orqasida nima borligini hech tushunmadim.
Цитировать

0 #4 Норвей 01.07.2011 15:50
Демак Толиб Якубов Абдирайим жинни билан алокани яна тикламокчи.
Цитировать

0 #3 Метин 01.07.2011 15:48
Нега энди Пулатовни номи, жудям бир обрули булган ташкилотга куйилиши керак экан? Толиб ака сиззи хурмат киламиз лекигин, Абдуманнобни номи ташкилотингизга яхшилик олиб кемайди.
Цитировать

0 #2 nom 01.07.2011 14:43
NİMAGA ENDİ TASHKİLOT BİROVNİNG NOMİGA QOYİLİSSHİ KERAK? BU KOMMUNİSTCHA USLUBLARDAN QACHON QUTİLAMİZ BİZ?
TOLİB AKA YAXZSHİ INSON, AMMO BUNAQA NARSALARNİ AYTİB ODAMLARNİNG GASHİNİ KELTİRYAPTİ, AXİR BNDAN BOSHQA MUAMMOSİ QOLMADİMİ BU HUQUQCHİLARNİNG ?
Цитировать

#1 Kamollidin 01.07.2011 13:54
Abdumanop Pulatov umrining oxirida Islom Karimovga xat yozib kechirim so’raganini uning akasi Abdurahim Pulatov uning qirq kuniga bag’ishlab Harakat saytida yozib chiqqandilar. Abdumannop aka umrining oxirgi yillarida Islom Karimov rejimi tomonida edilar. Andijon voqealarida ham u Islom Karimovni ochiq zashita qilgandilar. O’IHJ bulsa antikarimovchi. Doim unga qarshi kurashib kelgan. Shuning uchun bu tashkliotga Abdumannop akaning nomini berish u kishining ruhini chinqiratish buladi. Men u kishi yaqindan bilardim. Sudimda expert sifatida qatanshgandilar . (bepul emas).Tolib aka bunday gunohni buyningizga olmang. Tashkilotga eng munosib nom bu sizning nomingiz. Chunki siz doim karimov rejimiga qarshi turdingiz. Bu tashkilotning diktaturaga qarshi bulgan simvolini uldirmang.
Hurmat bilan muxlisingiz Kamolliddin.
Цитировать

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s


%d bloggers like this: