birdamlik

Сулаймон Муроднинг фожиали ҳаёти

Болалигимизда биров билан ади-бади айтишиб қолган ёши улуғроқ кишилар «Эҳ, мен қорним учун эмас, қадрим учун йиғлайман», дейишганида маъносига унча тушунмасдик. Камина ҳам етмиш ёшдан ошгандагина, қадр-қиммат оёқ ости бўлиши инсон учун нақадар оғир зарба эканлигини ҳис қилди.

Мен Хоразм вилоятининг кунчиқар дарвозаси Питнак қишлоғидаги Шихлар элатида туғилиб вояга етдим. Олий маълумотли шифокорман. 1958 йилда Самарқанд шахридаги зооветеринария техникумини, 1965 йилда Самарқанд медицина институтини битказганман. Олий тоифадаги терапевт, 1-тоифали фтизиатр, 1-тоифали рентгенолог даражаларига эга бўлганман.

Қирқ ҳунарни оз билдим шекилли, асосий касбим шифокор бўлсада, сиёсатга қизиқа бошладим. Шу қизиқишим туфайли 1989 йилда бир думалаб «Бирлик» ХХ га аъзо ҳам бўлиб олдим. Чўнтакда муқоваси кўз ўйнатадиган гувоҳнома, биров билан ади-бади айтишсанг ҳимоя қиладиган қалқонинг бордек гўё.

Омад келса, киши кутмаган ёқдан ҳам келаверар экан, деб ўйлардим ўша пайтлари мен. Негаки, орадан кўп ўтмай мен мазкур ҳаракатнинг Урганч тумани биринчи котиби лавозимига сайланган эдим. Амалдорлик, мансаб дегани шу бўлса керак, деб камина бу лавозимда елиб-югириб, жонини жабборга эмас, мазкур ҳаракатнинг тепасида ўтирган ёшуллиларга берганча хизмат қилдим. Орадан икки йил ўтгач, «Бирлик» ҳаракати аъзолари орасида зиддиятлар пайдо булиб, унинг таркибидан «Эрк» демократик партияси ажралиб чиқди. Биринчилардан бўлиб партияга аъзо бўлдим. Ўзбекистонда бўлиб ўтган илк президентлик сайловлари арафасида муқобил номзод Мухаммад Солиҳнинг тарафдори сифатида фидойилик билан меҳнат қилдик. Сайлов кампанияси даврида Урганч туманидаги мусиқа мактабида штаб ташкил қилиб, бир ойдан зиёд вақт мобайнида шу ерда ётиб ишладик ва тарғибот ишларини олиб бордик. Бироқ сайловда ғолиб чиқа олмадик.

Отдан тушсак ҳам, эгардан тушмайдиганлар тоифасидан эканмизми, шундай бўлса-да, биз ўзимизни тушкунликка тушмагандек, бардам, умидвор, курашга чанқоқ одамлардек кўрсатишга ҳаракат қилардик. 1993 йилда партиямиз етакчиси М.Солиҳ Ўзбекистондан чет элга чиқиб кетди ва фаолиятини хорижда давом эттира бошлади.

“Ҳожам қайтиб келганда ҳайит бўлар эртага, мойлаш учун муртимни тавоқ қўяр ўртага”, деганларидек биз партиямиз ғояларига содиқ қолиб, М.Солиҳнинг кўрсатмалари асосида иш юритдик.

Алломалардан бири “Сиёсат бир ўйин тифлоналарча”, деб ёзганда нечоғлик ҳақ экан. Сиёсат мени шу қадар ўзига мафтун қилган пайтлари буни чуқур ва теран англаб етолмаганимга жуда қаттиқ афсусланаман. Сиёсатнинг тор ва чиркин кўчаларидан юриб, ҳатто қонунга зид ишлар билан шуғулланишдан ҳам ўзимни четга олмаганимни эсласам, ўзимдан хафа бўлиб кетаман.

Кунлардан бирида «Эрк» газетасининг хорижда тайёрланган дастлабки нашрлари ва Сафар Бекжоннинг «Нариги дунё дарчаси олдида» китобидан иборат икки қоп адабиётларни Тошкент шаҳридан вилоятга автобусда олиб келдим ва ҳамфикрларимга тарқатдим.

Мазкур адабиётларда Ўзбекистон ички сиёсати танқид остига олиниб, уни ўқиган одамларда ҳукуматга қарши норозилик кайфияти уйғониши табиий эди.

М.Солиҳга садоқатим шу даражада кучли бўлган эканки, ҳатто унинг онаси Халима опа вафот қилганида унинг маъракаларида тик туриб, қамишдан белбоғ ясаб хизмат қилибман-а!

Йиллар ўтган сари каминадаги ички туғёнлар совудими ёки танлаган йўлим тўғрилигига иккиланиш пайдо бўлдими ёхуд бизларни серкадек нариги томони қоронғу қўрага бошлаб борган партия етакчиларига нисбатан ишончим сусайдими, билмадим, сал андиша билан иш кўрадиган бўлиб қолдим.

Кўпчиликка маълумки, М.Солиҳ хорижга кетгач, Ўзбекистон ҳудудида яшаётган «Эрк» фаолларига партия бош котиби Отаназар Орипов раҳбарлик қила бошлади. Унинг раҳбарлигида партиянинг бир неча Қурултой ва фаоллар йиғилишлари ўтказилди. Ҳозир эсласам юрагим орқага тортиб кетади. Ўшанда, охирги марта 2004 йил апрелда Тошкентга, партиянинг навбатдаги Қурултойига чақиришди. Партиянинг вилоят фаолларидан яна бири Аминбой Қодиров билан «Урганч-Тошкент» йўналишида автобусда йўлга чиқдик. Ушанда мен 67 ёшда эдим. Шеригим ҳам ёши кексайган бўлсада, мендан анча тетик кўринарди. Биз Урганчдан Самарканд шахрига етиб боргунга қадар, автобусда жой етмаганидан тикка туриб борганмиз. Айтилган вақтга етиб бориб, ўз садоқатимизни изҳор этиш учун биз шунга ҳам рози бўлганмиз.

Минг афсуски, бир пайтлари сенинг кучинг, дадил овозингдан фойдаланган кимсалар пайти келиб қадрсиз ва кераксиз буюмдай сенга муносабатда бўлсалар, қаттиқ алам қиларкан.

Бир пайтлари менинг тўғрисўзлигим, адолатпешалигимдан фойдаланган «Эрк» партияси раҳбарлари мени эндиликда кераксиз буюмдай қадрсиз аҳволга солишди. Наҳотки бугунга келиб партия раҳбарлари биздек жонкуярларни эсдан чиқаришган бўлса, ахир бу адолатданми?

Наҳотки «Эрк» партияси даъво этиб келаётган адолат шу бўлса, биз эса шу ғоя учун умримизни сарфлаган бўлсак?

Ич-ичимдан отилиб чиқаётган бу туғёнларга асос бор. Сўнгги йилларда соғлигим ёмонлашиб, турли дардларга чалина бошладим. «Озодлик» радиоси ўзбек шўъбасида мухбир бўлиб ишловчи тутинган қизим Мехрибон Бекиева Хоразмга келди. Мен дўстим Аминбой билан бирга дарҳол уни кўришга ошиқдик. Мехрибондан сўрасак, у хорижда М.Солиҳ билан мулоқотда бўлиб тураркан. Унга ўзимиз ва дўстимиз Ғойибназар Қўшжоновнинг оғир аҳволи ҳақида айтиб бердик ва бу ҳақда М.Солиҳга хабар етказишини сўрадик.

Орадан анча вакт ўтди, лекин ундан сас-самар чиқмади. Менинг касаллигим ва ўпкамдан сув олдирганим ҳақида М.Солиҳнинг яқинлари ва танишларига айтдим. Шундан сўнг ҳам лоақал телефон орқали хабар олиб, кўнглимни кўтаришга ярашмади. Мен «Эрк» ДП етакчилари М.Солиҳ ва О.Ориповлардан жуда хафаман. Ахир, жамғарилган партия маблағларидан О.Орипов ҳашаматли уйлар қурса, янгидан-янги хориж автомашиналари олса-ю, партиянинг содиқ заҳматкаш аъзолари ночор аҳволда кун кечираётган бўлса, шу адолатданми?

Яқинда бир воқеани эшитиб нафақат мен, балки партиянинг келажагига умид боғлаб юрган бошқа сафдошларимиз ҳам изтиробга тушди. Собик «Эрк» фидойиларидан ҳисобланган Самарқанд вилояти бўйича партия котиби Сулаймон Муродни кўпчилигимиз яхши билардик. У ҳам биздек «Бирлик» нинг фаол аъзоларидан бири бўлган. Кейинчалик Солиҳга эргашиб, «Эрк» етакчиларидан бирига айланган.

Ўша пайтларда у Самарқанд Давлат университетида кафедра мудири лавозимида ишлашига қарамасдан, партия учун бор куч ва билимини аямади. 1999 йилда у чет элга чиқиб кетди ва АҚШда сиёсий қочоқ мақомини олиб, Нью-Йорк шаҳрида яшай бошлади. Хорижда туриб М.Солиҳга яқин ҳамфикр ва елкадош сифатида партия ишларида унга яқиндан ёрдам бериб келди. Сулаймоннинг бошига оғир синовлар тушди. Унинг ўғли Ғайрат Муродов автоавария ҳалокатига учраб, фожиали тарзда вафот этди. Оғир мусибатли кунларда ҳам М.Солиҳ ундан лоақал кўнгил сўраш ва таъзия билдиришга ярамаган. Ўғли дардида куюниб, тушкунликка тушган Сулаймон ўн икки бармоқли ичак раки билан касалланиб, олти ой мобайнида тўшакка михланиб қолди.

Шунда ҳам унинг ҳолидан ҳеч ким хабар олмади. Ўлимидан бир неча кун олдин у партия аъзоларидан бири, хонанда Дадахон Хасановга қўнғироқ қилиб, аҳволини, ичидаги дардини айтган. Сулаймон «Эрк» партияси ғояларига содиқ қолиб, ҳаётда эришган барча нарсаларидан, ишидан, мансабидан, Ватанидан воз кечиб, Солиҳга эргашганини, бор куч-ғайрати, билими ва иқтидорини шу йўлда аямаганини, охир-оқибат бошига оғир кунлар тушганида ёнида ҳамдард топа олмасдан чет элларда хор бўлганини, яшаган умридан афсусда эканини йиғлаб гапирган.

Ахир бир пайтлари матбуотда бонг уришича ўзини ўзбекнинг аслзодаларидан, саидларидан санаган М.Солихдаги мусулмончилик, одамгарчилик қаерда қолди? Наҳотки, у мансаб, обрў, эътибор учун курашавериб минг-минг йиллик ота-боболаримиз қадриятларини ҳам еб-ичиб, топтаб юборган бўлса?!

Сулаймон Муроднинг фожиали ҳаёти мен ва мен каби Солиҳга ихлос билан халигача ишониб яшаб келаётган содиқ «эркчи»ларга сабоқ бўлади, деб ўйлайман. М.Солиҳ ва О.Ориповлар мансабга эришиш, ҳокимият илинжида биздек оддий фуқаролардан фойдаланмоқчи бўлганлигини ҳис этганим сайин тинимсиз лаънатлар ўқигим келади уларга. Мен ҳозирда фақат оила аъзоларимга, фарзандларимга ишонаман. Кексайганингда ҳолингга фарзандлар ярар экан.

Шу кунларда ҳам Интернет ва хорижий ахборот агентликларида берилаётган турли ҳаёлий даъватлар, бемани мулохазаларни кузатар эканман, яна кимлардир пуч ваъда ва алдовларга дучор булаётгани, кимларнингдир қулига айланаётганини кўриб ич-ичимдан уларга, ўз ватани, яқинларидан йироқда юрган ватандошларимга ачинаман.

Минг шукр, юртимизда тинчлик ҳукм сурмоқда. Оллох томонидан берилган беш кунлик умрни ур-тўполон, бақир-чақириқдан кўра тинч-тотув, тўкин-сочин ўз кадрдонларинг атрофида кечиришга нима етсин. Мен эса беҳуда ўтган умримни эслаб, қадрим учун йиғлайман ва бу кунларнинг қадрига етдим.

Хожибобо Бобоев, Хоразм

http://www.birdamlik.info/?p=16693#more-16693

One Response to “birdamlik”

  1. tanidigan Says:

    “Ахир бир пайтлари матбуотда бонг уришича ўзини ўзбекнинг аслзодаларидан, саидларидан санаган М.Солихдаги мусулмончилик, одамгарчилик қаерда қолди? Наҳотки, у мансаб, обрў, эътибор учун курашавериб минг-минг йиллик ота-боболаримиз қадриятларини ҳам еб-ичиб, топтаб юборган бўлса?!”
    Ока, бу Салай ҳеч қачон саидлардан бўлмаган! У мусулмончилик ниқоби остида яширинган бир юҳо! Фақат ўзини ва яна ўзини ва яна ўзини ўйлайди. Каримов керай бўлса ҳамма қириб ташийди деймиз, Салай эса ундан минг бор баттарини қилади-ку! Қаранг, нимага бўмаса Мурод Джураев ва бошқалар, ҳатто ўз укаси ҳам қамоқда ётишибди, ҳа! Ўйлаб кўринг, таҳлил қилинг! Унга эришадиғонлар ҳам унинг тоифасидан, бир нима манфаатлари бор, чунки мияси жойида бўлганлар аллақачон уни қанақалигини билиб тарк этишган.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s


%d bloggers like this: