uzbekistanerk

Мухаммад Солих

Янги дунё номли сайтда Ўзбекистонлик ёзувчининг “Тақдир ажойиботлари ёки Одил Ёқубов ҳақида” хотира-қиссаси босилди. Бу “қисса” ўқувчида ўлкамизнинг жорий ёзувчилари носталгик хотиралар ёзабошлабдими, совуқ уруш давридаги каби хориждаги диссидентларни қоралашга ўтибдими, демак, ватанимизда ёзувчи ҳайқириши керак бўлган муҳим масала қолмабди, юртимиз гули-гулистон экан, қабилида бир таассурот уйготади.

Қиссада Каримов режимига мадҳия билан бир каторда диктаторнинг маддоҳлиги ҳам бўртиб кўриниб турибди. Шунингдек, Одил Ёқубовнинг шогирдчаларидан А.Мамарасуловнинг (Бу фермер =ёзувчи йигитчанинг бизга карши ёзгани сўкинч тўла мақоласини хам ўқигандирсиз.)хабар беришича қиссада Абдулла Қаҳҳор ва каминанинг марҳум ёзувчи Одил Ёқубовнинг “оёғидан чалганлиги” тилга олинибди. Бу хусусда қиссага сўзбошида алоҳида урғу бериб, реклама қилинганига кўра, қисса нашридан келадиган обрў шу жиҳатнинг тараннум савиясига ҳам боғлиқ.

Қисса муаллифи (Г.Хотамов) ҳақда махсус ёзишга ҳожат йўк, бу тоифа кишиларининг умумий портретини чизиш қулайроқ: булар ўзларини ўзбек адабиётининг ўзбек меросхўрлари деб билишади. Адабиётда миллийлик тарафдорилар, миллийликни эса, уларнинг фикрича, фақат қишлоқда туғилган ёзувчи тамсил этиши мумкин.

Ўзларини жайдари ўзбек қилиб курсатишни ва бунинг исботи учун сўкиниб гапиришни севадилар. (Бу одатлари билан маьнавий оталари Каримовга ўхшаб кетадилар).Адабий тотемлари ҳам шунга яраша – жайдари Одил Ёқубов, жайдари Шукшин ёки, дейлик, Распутин. Аммо шиорлари – замон сенга боқмаса, сен замонга боқ. Идеаллари – Комсомол мукофоти. Минбарлари – “Ёшлик” журнали. Яъни абадий ёш авлод, муттасил норасида зотлар. Бутун даврларда бахтиёр яшашни уддалай олган, умрида изтироб чекмаган, фаровонликнинг тирик тимсоллари. Лабларида 24 соат табассум, жанозаларда ҳам.

Совет даврида бу инсонлар билан ҳеч ишим бўлгани йўқ , уларга истеҳзо ҳам қилмадим. Ёзганларимнинг бари реал ҳокимият соҳибларига қарши эди, уларнинг югурдакларига эмас.

Шунга қарамай, камина бу инсонларнинг доим ғашини келтирганимни сезардим. Ўзини мухолифатда деб билган, аммо зеҳнияти юкорида айтилган тоифага яқин биттаси мендан “ўзини халқдан кўпроқ яхши кўради”, деб хафа бўлибди. Албатта, ўзимни ёмон кўраман десам, ёлғон бўлади. Xудди халқимни ёмон кўраман десам ёлғон бўлганидек.Аммо бир мусулмон сифатида ўз нафсимга, ундаги манфий жиҳатларга қарши баҳолиқудрат мужодала этмоқдаман. Бу мужодала мустабид хукмдорга қарши курашдан муттасилроқдир.

Модомики, бу мавзуда ҳисоб бериш керак экан, берайин: уруш жанжални севмайман, аммо 1984 йилда бошланган миллий қадриятларимизга қарши хуружлар тенгдошларимиз қаторида мени хам уруш-жанжалга савқ этди. Бу ғавғода ҳеч қачон биринчи бўлиб ҳужум қилмадим, доим ҳужумга қарши мудофаа билан машғул бўлдим. 1984 йилдан бошлаб ёзган бутун мақолаларим мудофаа мазмунли матнлардир.

Роббимга шукрлар бўлсин, У менга ҳеч қачон шахсий ташвишларимни тилимга олдирмади, доим халқимнинг дардини айттирди: мудофаа этаркан, халқимнинг манфаатларини мудофаа эттирди.Бу уруш фонида мен Ёзувчилар котиблигига сайландим. Оллоҳ шохид, бу мақомга асло интилмадим, мени у ерга воқеалар тадрижи олиб борди. Кейин ЭРКка раҳбар бўлдим. Буни ҳам орзу қилмагандим, ватанимдаги шароит шу ишга киришга мажбур қилди.

Аммо бу маколани ёзаркан, “мен” калимасини қўлланишга мажбур бўлаётганимдан хижолат чекмоқдаман. Халқ дарди эмас, нафсимни мудофаа қилаётганимга гашим келяпти. Бугунгача бу хил ёзувларга жaвоб бермагандим, чунки мухолифларимнинг ҳаммаси эл ичида шаллақилиги билан танилган кишилар эди, уларни мен айтмасам ҳам одамлар яхши танирди. Бугунгиларга жавоб бераяпман чунки бу кишилар халк ичида “ёзувчи” сифатида билинади, (ёзувчига халқимизда ҳали ҳам ишонч бор).

Бу тоифа шаллақилардан таҳликалироқ, чунки булар инсонларга – гапирганда туфук сочадиган шаллақи тоифадан фарқли ўлароқ – лабида табассум билан мурожаат қилади. Ичлари зимистон бўлган ҳолда, беғуборлик ҳақда ваъз ўқийдилар. Буларнинг инсонлар ишончини суистеъмол қилиб, қорани оқ, оқни эса қора қилиб кўрсатишларига жим туриш мумкин бўлмади. (Айни онда буларни ёзаркан, мени бу инсонлар ҳолига туширма, эй, парвардигор, дейман. Чунки баъзан жўшиб кетиб, ёлғон сўйлаб қўйишдан бизни ҳеч ким кафолатлай олмайди. Илҳом келганда, чиройли сўзлар билан муболаға айтиш таҳликаси доимо мавжуд. Шу боис, илҳомнинг тойинчоқ йўлидан қўрқаман, чиройли гапдан, гўзал ташбиҳдан қўрқаман. Ифода этилган ҳар калимани ўлчашга маҳкумлик ҳам шундан.Чунки ҳар калима учун жавоб берилишини биламан).

Аммо “халқимни ўзимдан яхшироқ кўраман” дея кўкрагига урганлардан “халқинг учун нима қилдинг?”, деб сўралса, берадиган жавоби йўқлигини ҳам биламан. Масалан, ким халқини севиб, кимнинг севмаслигига ҳакамлик қилаётганлар 1984 йилда (Черненко даври) уларсевган халк ҳимоясига ёзилган “Политбюрога хат”га имзо қўйишдан қўрқиб, биздан яшириниб юрган пайтларини эсласатлар, балки ҳовридан тушган бўлардилар. 1988 йилда (Горбачев даври) гапириш учун тепадан рухсат келганда, булар тиллари бийрон, бизни “ҳукуматга сотилди, ўзини халкдан кўпроқ яхши кўрди”, дея айнан айблашганди.

Булар ҳеч ўзгармабди. Сочлари оқарган, аммо ичлари аввалгидай. Алхамдулиллоҳ, У мени доим заифлар тарафини олдирди,кучлиларга ёлтоқлик эттирмади. Xалқимни севаман, дейишга жасоратим йуқ, аммо халки ва юрти ҳуррияти учун бир кишининг тўлаши керак бўлган бадални тўладим, менинг тўлай олмаганларимни укаларим тўлаяпти Ўзбекистон турмаларида.
Шундай бир шароитда, бу зулм асрида бизлар ўзора нафратга эмас, ўзора севги ва ҳурматга муҳтож эдик. Аммо бу йўқ, нафрат бор дастурхонимизда.

Тепамиздаги Золим ўша нафратнинг моддийлашган шаклидир. Бу нафратининг манбаи қаерда?

Бизнинг мисолимизда бу нафратнинг психологик мотивини икки қисмга айириш мумкин.

Биринчи қисм хулосаси шу: ОДАМЛАР УЛАР ҚАДРЛАГАН НАРСАЛАРНИ МЕНСИМАСАНГИЗ СИЗНИ АСЛО КЕЧИРМАЙДИЛАР.

Фикри ожизимча, бизда, 80- йилларда миллий давo билан майдонга чиққан инсонларда айнан ана шу ҳалокатли менсимаслик рўй берди. Биз мансуби бўлганимиз Адабиёт Aҳлининг қадриётларини менсимадик. Улар учун қийматли не-ки бўлса, биз учун бир чақалик қадри йўқ эди. Адабий тотемларидан тортиб, Комсомол мукофотигача – бари биз учун масхара мавзуси эди. “Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ” мафкурасига қарши биз “Замон сенга боқмаса гар, сен ҳам боқма замонга”, дедик. Улар каби кўпрок гонорар олиш учун узун матнлар, достонлар битишни ўзимизга ҳақорат деб билдик. Ҳатто ,(янглишмасам, 1976 йилда) Хуршид Дўстмауҳаммаднинг уйида – у тирик, тасдиқласин – 7 киши “ким бу мустамлака хукуматдан мукофот олса, эркак эмас”, дея онт ичдик. Ва Оллоҳ энг омадлиларимизга ичган онтимизни тутишни насиб этди, алҳамдулиллоҳ.

Кейин сиёсатга кирдик, тақдир чизгиси айнан давом этди. 1992 йил 2 июл куни Каримов режими бошлаган репрессияларга норозилик сифатида мен Олий Кенгаш депутатлигидан истеъфо этдим. Ва у ердаги гўё бизнинг сафимизда бўлган сафдошларимизга ҳам истеъфо қилишни тавсия қилдим: “бу ерда қўл кўтар, деса кўтариб, тушир, деса тушириб ўтирадиган қўғирчоққа айланмасдан, номус ва шарафимиз билан кетайлик”,дедим. Улар “сиз хато қиляпсиз, биз кетмаймиз”, дейишди. Ярим йил ўтмай, бу инсонларнинг ҳаммаси камина ўз ихтиёри билан чиқиб кетган Кенгашдан ихтиёрларига қарши ҳайдалдилар.

Энди бу инсонлар ҳам биздан нафратланишади. Нега? Чунки ўшанда улар учун қийматли бўлган Олий Кенгашни бир чақага олмадик.

Нафратнинг психологик мотивини иккинчи қисмини шундай ифодалаш мумкин:

ОДАМЛАР УЛАР ҚИЛИШГА ЖУРъАТ ЭТМАГАН НАРСАЛAРНИ СИЗ ҚИЛСАНГИЗ СИЗНИ АСЛО КЕЧИРМАЙДИЛАР.

Бунга мисол:Бир гуруҳ ёш адибнинг – юқoрида ҳам эслатгандик – 1984-йилда ёзган “Политбюрога мактуби” мустақиллик гоясининг амалга ошишига инонмаганларни ғазаблантирди. Бу газабланганларнинг энг машҳури Абдулла Орипов эди. “Бу
ёшларга нима керак узи?. Ленин бобо ўрнидан туриб таъзим қилсинми буларга?

Ёки атом бомбасининг кнопкасини берайликми қўлларига, нима истайди булар ўзи?”, дея ҳайқирганди у Ўзбекистон компартияси минбаридан.

Яъни биз, 53 та ёш адиб, Орипов тенгдошлари журъат этмаган акцияга қўл уриб, уларнинг нафратини қозонгандик. 1989 йил январ ойида СССР Ёзувчилар Союзининг Қурултойида нутқ қилиб, кутилмаган таважжуҳ кўрдим, зал узоқ олқишлади. Сўнгра ёнимга машҳур рус шоирлари, Олжас Сулаймон, Онoр каби атоқли шоир ва носирлар келиб табрик этди, аммо ўзбеклардан шоир Шукрулло ва ёзувчи Мамадали Махмуддан бошка ҳеч ким келмади. Чунки камина улар журъат қилмаган нарсаларни билмай айтиб қўйганди.

Бу мажлисда ҳам Одил ака мендан хафа бўлганини Мамaдалидан эшитдим.Чунки нутқдан таьсирланган баъзи “фаросатсизлар” Одил Ёкубов номзоди кўрсатилган СССР депутатлигига менинг ҳам номзодимни кўрсатишга уринишган.

Гапнинг қисқаси, одамлардаги бу мажруҳ комлексни 20 июн 1990 йилда Олий Кенгашга “Мустақиллик декларацияси”ни кўтариб чиққанимизда ҳам, 1992 йилда Каримовнинг “ҳукуматга киринг” деган таклифини рад этганимизда хам кўрдик. Бу икки ҳолатда ҳам одамлар бизни кечирмадилар.

Мана, энди бу комплекс соҳибларининг Ёқубов билан орамизда ракобат, кўролмаслик бўлганлиги ҳакда миш-миш ва суиъ- зонларини ўқиб ҳайратга тушиб ўтирибмиз.

Каминанинг Одил Ёқубов билан ҳеч қандай олди-бердиси бўлмаган, на у билан рақобат, на унга ҳавас бўлган. Иснод этилган “оёғидан чалиш” сўзи камина учун энг тубан ҳакоратдир. Кин сақлаш табиатимга бегона, фикрим бўлса, инсонларнинг юзига айтганман. Одил Ёқубов ҳам бундан истисно бўлмаган.

Одил Ёқубов бу “хотиралар”ни, мухлислари айтаётгандай, маъқуллаган бўлиши мумкинми? Мумкин. Ёқубов умрининг охирги йилларида ҳукуматнинг унга лоқайдлигидан музтариб эди. “Озодлик” радиосига берган интервюларидан бу аламзадалик доим сезилиб турди. У кўпчилик ёзувчилар қатори 1999 йил феврал портлашларига баҳо беришда ҳукумат тарафида туриб, “ватан хоинлари”ни(улар рўйхатидаги илк исм камина эди) кескин қоралаган бўлса-да, Каримов оқсоқол ёзувчимизнинг саи-ҳаракатларини сезмади ёки сезмаганга олди. Одил Ёқубов “ватан хоинлари” ҳақда Абдула Орипов каби жазавага тушмаса ҳам, нафратини баҳолиқудрат ифода қилиб турди.

Ўша машъум февралда менинг учта укам билан бирга Одил Ёқубовга доим содиқ бўлган ёзувчи Мамадали Махмуд ҳам ҳибсга олинди. Мамадалининг ҳимоясига ёзилган мактубга имзо чекишдан бош тортган Одил Ёқубовнинг “Мамадали ўзи аҳмоқ эди”, дегани бизга кутилмаган зарба бўлди. Аммо Оллоҳ рози бўлсин, устоз Шукруллоҳ ака вa Гулчехра Нуруллоҳ опамиз бу писган ёзувчилар фонида Мамадали биродаримизни ҳимоя қилишдан қўрқмай, мардлиги кўрсатдилар.

Барибир, Одил Ёқубов ҳукуматдан садоқатига лойиқ эътибор кўрмади, тушкунликка тушди, боя эслатганим каби, умрининг сўнг босқичи изтироб ичида ўтди, Оллоҳ гуноҳларини кечирсин. Биз Одил Ёқубов билан бир-неча йил Ёзувчилар раҳбариятида бирга ишладик.

1988 йил май ойида мен ёзувчиларнинг аксариятининг дастаги билан уюшма котиблигига сайландим. Бу сайланиш Уюшма раҳбарияти ва ёки ҳукумат хайрихоҳлигининг натижаси эмас, aксинча, уларга қарама-қарши бир жабҳанинг ҳаракатлари ҳосиласи эди. Уюшма тарихида коммунист бўлмаган ҳолда раҳбарликка сайланган илк киши эдим. Бу гайрикомммунистни сайлаганлар 1980 йилларнинг ўрталаридан бошлаб, миллий масалаларни кўтаришга журъат этган ёш шоир ва ёзувчилар ва уларга хайриҳоҳ катта ёшдаги адиблар эди. Нега айнан мени сайладилар? Валлоҳи, бунда менинг гунoҳим йўқ. Балки, бу “сайланиш”га ўша даврда Москвада босилган мақолаларим ва бошқа фаолликлар замин ҳозирлагандир. Яхшиси, бу даврнинг холис баҳосини тарихчилар берсин.

Одил Ёқубовга келсак, бу кишига мен доим ҳурматда бўлганман. Унинг раҳбарлик мақомини задалайдиган бирор ҳаракат қилганим йўқ. Одил Ёқубов менинг дўстим Мамадали Маҳмуд воситасида камина ҳақда баъзи манфий таассуротларини менга етказиб турган. Буни доим ҳисобга олишга ҳаракат қилдим.

Ёқубовнинг каминадан илк ранжиши, янглишмасам, Уюшмага ишга келганимнинг иккинчи ҳафтасида юз берди. Менга таъсис этилган котиблик кабинетини ислоҳ этаркан, креслом узра осилиб турган Ленин портретини олиб, ўрнига жадид Абдулҳамид Чўлпон портретини осиб қўйдим. Бу портретни 1985 йилда рассом дўстим Ислом (Вячеслав) Охуновга илтимос қилиб чиздирган эдим. Ўша даврнинг руҳига уйғун, романтик бир портрет эди.Одил Ёқубов бу портретнинг Уюшма фаолиятига зарар беришини, Марказқўмнинг ғазабини қўзғашини айтди ва Ленин портретини ўрнига қўйинг, деди. Мен бу истакни юмшоқ бир шаклда рад этдим.

Одил аканинг каминага нисбатан иккинчи хафагарчилиги бизни Марказқўм Биринчи Котиби Рафик Нишонов чакиргандан кейин пайдо бўлди.1989-йил февралда Ўзбекистон Олий Советининг анчагина депутати Совет Иттифоқи Олий Советига сайланди ва ўзбек ҳукумати бўшаган ўринларга сайлов эълон қилди.

Ўзбекистон ҳукумати одатдагидек, сайланиши лозим бўлган депутатларнинг рўйхатини тузди. Бу рўйхатга каминанинг ҳам номини киритишган эди. Менинг ҳали бу “сюрприз”дан хабарим йўқ эди.Бир куни эрталаб Ёзувчилар уюшмасининг Компартия котиби Иброҳим Раҳим Одил Ёқубов бирга Марказқўмга чиқдик.

Ўзбекистон Компартияси Биринчи Секретари Рафиқ Нишонов, Марказқўмнинг 2 – котиби Владимир Анишчев, 3 – котиби Мутал Холмухаммедов қаршилади. Рафиқ Нишоновкаминани республика Олий Кенгаши депутатлигига тавсия этди. Аммо мен “депутат бўлиш ниятим йўқ, мабодо бўлганида, халқ тарафидан кўрсатилишимни афзал кўрардим” ,деган бахона билан таклифни кабул этмадим. Одил Ёқубов, эса биз “бу масалани ҳал қиламиз, ҳаммаси жойида бўлади”, дея сўз берди. У йўлда менинг хато қилганимни айтди, депутатликни қабул қилишим кераклигини, акс ҳолда, Уюшмага тазйиқ бошланиши мумкинлигини айтди, аммо мен қабул қилолмаслигимни айтиб, ундан узр сўрадим. Албатта, бу Нишоновга “ҳаммаси яхши бўлади”, деб ваъда берган Одил Ёқубовнинг нафсониятига қаттиқ тегди. Уюшмада раҳбар бўлатуриб, бир котибга айтганимни қилдиролмадим деган бир руҳи-ҳолия ичида эди ва ўзича ҳақли эди. Лекин бунинг бир куни кинга айланиб, Одил Ёқубов ихлoсмандларининг “хотиралари”га мавзу бўлади, дея хаёлимга ҳам келмаганди.

Албатта, хом сут эмган бандамиз, нуқсондан иборатмиз. Нуқсонларимиздан биттаси одамлар билан унсиятдаги нуқсон эди. Биз патологик тарзда ўз мустақиллигига боғланган кимсалар эдик. Бу боғлиқлик бошқаларни ўйламаслик, худбинлик даражасида эди.
Бу хам етмаганидай, тўгрисўзлигимиздан ғурурланардик.

Тўгрисўзни айтаяпман, деб бировларни хафа қилганимиз кўп бўлган. Ҳолбуки, жамиятимиз мустақил инсон каби, тўгрисўзни ҳам кечириш учун тайёр эмас эди. Кўриниб турибди, бугун ҳам тайёр эмас.Аммо гапиришга тўғри келади.

Одил Ёқубовгача Ёзувчилар Уюшмасига раиси Ўлмас Умарбеков эди. Уни бу мақомга Марказқўм котибаси Р.Абдуллаева келтирганди. Юмшоқ табиатли, ўртамиёна зако соҳиби, яхши одам эди. Аммо уни Марказқўм қўйгани учун бу кишига қарашимиз манфий бўлган.

Адабиёт ва санъат газетасининг мухаррири Одил Ёқубов анча либерал тушунчали, очиқ лаганбардорликдан йироқ бўлгани учун уюшма раислигига унинг номзодини ўтказиш учун яхшигина курашдик. Бизнинг тенгқурлар ичида унинг номзодига фақат Шавкат Раҳмон қарши эди ва сўнггигача қарши бўлиб қолди. Шавкат раҳматли анъанавий ўлароқ Сарвар Азимов тарафдори эди).

Одил Ёқубов раис сайлангандан кейин эски гуруҳ ва кланлар узун нафасли ҳокимият марофонининг янги пойгасига старт бердилар. Бу Лазиз Каюмов, Ҳафиз Абдусаматов ва ҳакозолар гуруҳи, Эркин Вохидов ва Ўткир Ҳошимов гуруҳи, Сарвар Азимов гуруҳи ва янги раис Ёқубов атрофида уймалашган гуруҳ.

Биз гарчанд Одил Ёқубовни қўллаган бўлсак-да унинг гуруҳига яқин эмасдик. Бизнинг гуруҳ (агар гуруҳ дейиш жоиз булса) гуруҳларнинг энг кичиги эди:

Миразиз Аъзам, Рауф Парфи, Чулпон Эргаш, Иброҳим Ҳаққул, Аҳмад Аъзам, Олим Отахон, камина, ҳали танилмаган ўн-ўнбештача истеъдодли ёш шоир ва шоиралардан иборат эди. Бу гуруҳда на котиблик, на-да раисликни орзу қилган борди.

Ҳокимият марафони 1990 йилга келиб, номенклатурага яқин Эркин Воҳид гуруҳининг устунлигини намойиш эта бошлади. Мен ЭРК партияси билан машғул эдим, Уюшма ишларига вақтим деярли қолмаганди. Бунинг устига гуруҳларнинг ғийбати ва бир-бирига нафрати орасида яшаш чарчатганди. Шу боис, уюшма Қурутойида котиблигидан истеъфо қилдим.

Тишларини ғижирлатиб ҳокимият учун талашаётганлар енгил нафас олдилар. Кўп вақт ўтмай, уюшма иккига бўлинди, фитна янада авж олди. Ва мен ёзувчилардан тамоман узоқлашдим.

Бугун хотиралар ёзиб, кинларини қусаётган комплексли кимсалар қандайдир маънода ўша мағлубият кунларининг интиқомини ҳам олмоқдалар.

Ҳолбуки,камина на уларга, на-да уларнинг рақибларига алоқам бор. Ҳар иккала уюшма халқ дардидан узоқ уюшмалар эди.

Баҳсимиз мавзуи бўлган тоифалар мамлакатнинг муҳим воқеаларининг ҳеч бирисига ўз муносбатини билдирмаган, билдиришдан қўрққанлар. Улар куч тарозисининг паллалари қай тарафга оғса, ўша тарафга оғишга доим тайёр турганлар. Парда орқасида пичир-пичир – уларнинг ҳайкириғидир.

Тарих буларнинг Андижон воқеaларида халқ тарафини олиб, норозилик бидирганини ёзмаяжак албатта. Чунки улар норозилик билдирмадилар. Улар халқ ўққа тутилаётган пайтда, балки, Дўрмон ишратгоҳида кайфу-сафо сураётгандилар. Режимдан норози мухолифат устидан кулиб, истеҳзоли матнлар тузаётган эдилар.
Тарих бўлган нарсаларни ёзадиган фан эса, буларни ёзажак. Чунки тарих инсонларнинг хотиралари эмас, халқнинг хотирасидир.

3 Responses to “uzbekistanerk”

  1. bilag'on Says:

    Sektada har xil dryan juda ko’p ekan, ko’kidan ham, oqidan ham bor. Uning mashu dryandan krishasi ketgan, uka.

  2. hayron Says:

    Bu yerda nega muncha dubina yuribti? Biror gap bormi, deyman.

  3. kimsan Says:

    Hoy bola, qiganini qilib endi fakturasini bizzi bo’yinga otasammi?

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s


%d bloggers like this: