Yangudunyo

Хориждаги МХХ малайларини фош этайлик

Юсуф Расул
Мана ниҳоят уч кунлик танаффусдан сўнг саҳифамиз қайта ишга тушди. Ўзбекистон махсус хизматлари жосуси Анвар Каримов (Суратда) билан бўлиб ўтган воқеалардан сўнг (тафсилотлар қуйида келтирилади) дабдурустдан сайт ишламай қолди.  Саҳифамизга жой берган кишилар ҳам бунинг сабабини билишолмасди. Сервер эгалари қандайдир дастурловчи қурилма нотўғри ишлаётганини айтишган. Нима бўлганда ҳам хатолар тузатилди ва саҳифамиз яна ишга тушди. Бу барча ўқувчиларимиз учун ҳақиқатдан қувончли воқеадир.
Энди кечаги воқеалар ҳақида қисқача маълумот
23 февраль куни “Янги Дунё” сайтида Ўзбекистон МХХ  жосуси Анвар Каримов ҳақидаги бор ҳақиқатлар эълон қилингач, у каминага таҳдид қилиб турли СМСлар юбора бошлаганида, у қадар эътибор бермагандим. “Майли, ёзаверсин, ёзганлари уни кимлигини фош этишимиз учун бизга далил бўлади” деб қўя қолдим. Орадан икки соат вақт ўтган ҳам эди, нариги уйда ўғилчамизни ухлатаётган рафиқам мен ишлаб ўтирган хонага югуриб келиб, “Анвар! Анвар етиб келибди шунча жойдан. Пастда туриб сизни чақираяпти” деди.
Анвар Каримов мен турган жойдан тахминан 150 км узоқликда, Швециянинг шимол томонидаги Людвика шаҳарчасида оиласи билан яшайди. Шунча жойдан олдин менга таҳдидли СМСлар юбориб, кейин ўзи келиши боисини тушунгандек бўлдим. У менга таҳдид қилмоқчи эканлиги аён эди. Ўнг қўлим автоаварияда синиб, ҳозиргача даволанаётганимни Анвар яхши биларди. Бундан ташқари мен у билан пачакилашиб, муштлашиб юришни ўзимга эп кўрмадим. Шаллақи, шантажчи бу бола ҳақида тезда полицияга телефон қилиб, хабар бердим. Полиция ходимлари мени уйдан чиқмасдан кутиб ўтиришимни айтишди.
Орадан 10 дақиқа ўтгач, пастда полиция ходимлари билан Анвар Каримовни нималардир ҳақда гаплашиб ўтиришганини кўрдик. Улар гаплашиб бўлишгач, полиция кетиб қолди. Анвар эса ўзида йўқ хурсанд эди. Назаримда у полиция ходимларини алдаб юборган эди.
Мен яна полицияга телефон қилдим. Улар “Бу бола сизни танир экан. Дўстимни кўргани келдим деяпти” дейишди. Мен уларга Анвар Каримов юборган таҳдидли СМСлар ҳақида гапириб, илонни ёғини ялаган бу жосус уларни алдаганини тушунтирдим. Орадан 5 дақиқа ўтмасдан полиция етиб келди. Анвар Каримов бу пайтда қаёққадир гумдон бўлганди.
Мен полиция ходимларига Анвар йўллаган СМСларни таржима қилиб тушунтириб бердим. Полиция ходими Анварни телефон рақамини мендан сўраб олиб, кичкина аппаратчасига ёзди. “У шаҳардан чиқиб кетишга улгурибди. Ҳозир қўлга оламиз” дейишди улар.
Полициячилар менга қўриқчи тайинлаб, ўзлари Анвар изидан кетишди. Орадан икки соатлар ўтгач, Анвар Каримов менга СМС юборди. Унда: “Каллангиз борми? Бу туҳматку! Полицияни судга гувоҳ сифатида чақираман. Нима қиласиз ёлғон гапириб?” деб ёзилган эди… Назаримда у полиция ходимларини яна алдаб, сувдан қуруқ чиқиб кетган ва яна менга туҳмат қилаётган эди.
Эртаси куни у яна менга СМС юбориб, ўзига туҳмат қилаётганим ҳақида огоҳлантирган эди. Қизиқ, унга нима деб туҳмат қилибман? Менга СМС юборганлари,  мухолифатчиларга шантаж қилиб “Янги Дунё” портали номидан иғво мақолалар уюштиргани, уйимга келиб, бақириб чақирганларини нимаси ёлғон ёки туҳмат экан?
Анвар Каримовнинг жосуслиги ҳақида билганларим…
“Янги Дунё” кейинги бир йил ичида, айниқса Қирғизистондаги 2010 йилги июнь воқеаларидан сўнг анча машҳур сайт бўлиб қолди. Ҳар куни 10-12 минг ўқувчилар сайтга киришарди. Бу каби кўп ўқувчиси бор сайт албатта ҳукуматни, айниқса МХХни назарига тушмаслиги мумкинмиди?
Анвар Каримовни Ўзбекистон махсус хизматлари билан алоқаси борлиги ҳақида кўплаб маълумотлар бор. Бу ҳақда кўплаб интернет сайтлар ёзишган. Унинг ўзи ҳатто “Озодлик” радиоси орқали ҳукумат билан келишмасдан ишлаб бўлмаслигини айтганди.
Ўтган йилнинг ёз ойларигача Анвар Каримов мен учун умуман нотаниш киши эди. Ўтган йили мен Стокҳолмга келганимда у дабдурустдан пайдо бўлиб, менга квартира топишимга ёрдам бера бошлади. Ишга киришимга ҳам елиб югуриб кўмак кўрсатди. Жуда самимий, очиқ кўнгил йигитдек таассурот қолдирганди биринчи танишганимизда.
Баъзан спиртли  ичимликлар олиб келар, саҳифани кучли материаллар билан бойитиш ҳақида маслаҳатлар берарди. Тўғриси, уни “Янги Дунё”га қизиқиши сабабини унчалик тушунмасдим. У ҳам саҳифа мухлиси эканда, деб ўйлардим.
Баъзан учрашиб қолганимизда мендан яширинча қаёққадир телефон қилар, мухолифат фаоллари ва ҳуқуқ ҳимоячиларини қаерда ва нима ишлар билан бандлиги, кимлар қаерда пикет қилишни мўлжаллашгани ҳақида сўзлаб берарди. Айниқса,  диндорлар ҳақида менга номаълум кишиларга кўплаб маълумотлар етказганини, Намоз Нормўмин қанақа сайт очгани, Обидхон қори қанақа йиғилиш қилгани, Абутов тўй қилгани, хуллас, барча- барчаси ҳақида кимларгадир оқизмай-томизмай маълумот етказиб берарди. Шундай пайтлари уни кўзига шубҳаланиб қараганимда, “Ака, қўяверинг, баъзи ўртоқларим қизиқишаяпти” деб жавоб берарди.
Ўтган йилнинг 23 ноябрь куни мен автоаварияга учраб оғир тан жараҳоти олган куним яна Анвар пайдо бўлди. У менга кийим бошлар, яна спиртли  ичимликлар олиб келган эди. Мошинасида мени уйимгача обориб қўйди. Яна бир икки марта ҳол -аҳвол сўраб  келиб турди.  Жуда ҳам самимий, бошқаларга ўхшамаган мард ва танти йигитдек кўринарди.
Автоавария пайти ўнг қўлимнинг билак қисми иккига бўлиниб кетган, оғриқнинг зўридан компютер олдида нари борса беш ёки ўн дақиқа ўтира олардим. Шундай пайтда Анвар жуда кўп мавзулардаги мақолаларни менга таклиф қилиб, чиқариб беришимни илтимос қила бошлади. Мен оғриб ётганим боис, у таклиф қилаётган мавзуларга эътиборсиз қарадим. “Янги Дунё” саҳифаси таҳририяти номидан янги таҳлилий мақолалар уюштириш истаги борлигини айтганида, сўзсиз рози бўлдим. Сабаби, мен бемор бўлсам ҳам саҳифа ўқувчилари назаридан қолмаслик учун имкони борича жамоатчилик эътиборини тортадиган материаллар эълон қилиш тарафдори эдим. Анвар Каримов эса мен учун яхши дастёр эди. У ҳар куни скайп орқали турли мавзудаги материалларни таклиф этар, мен эса уларни мазмун -моҳиятига қарамасдан сайтга қўйиб борар эдим. Сабаби, унга ишона бошлаган эдим. Юрт учун, Ватан учун куюнадиган, илмли салоҳиятли ёшлардан бири экан, деб ўйлаган эдим.
Кейинги уч ой ичида у мени ишончимга кириб, Қозоғистонда ҳибсда сақланаётган Ўзбекистонлик диндорлардан бирини фош этувчи мақола эълон қилишга эришди. Кейин кетма-кет “Бирдамлик” лидери Баҳодир Чориевни “фош этиб борди”. Лекин негадир у ёзган мақолаларида ўзини исмини қўймасди. Фақат “Янги Дунё Портали номини қўлларди. Буни сабабини сўраганимда, у “шундай қилсак, саҳифа қизиқарли бўлади. Ўқувчилар кўпаяди. Мухолифатчиларни ҳаммасини фош этсак, улар биз билан ҳисоблашадиган бўлади” (?)  деб такрорларди.
Ўша пайтларда  Анвар тайёрлаган материалларни охиригача синчиклаб ўқишга имкониятим бўлмаган. Куни кеча соғлигим бирмунча яхшиланиб, уни ёзганларини қайтадан ўқиб чиқдим. Даҳшат! У мухолифат фаолларига шантаж ва таҳдид қилган, кўплаб кишиларга туҳмат ва ҳақоратлар ёғдириб, Ўзбекистон Махсус Хизматлари буюртмасини шараф билан бажариб ётган экан. Дунё ўзбеклари севиб ўқийдиган “Янги Дунё” саҳифаси ичига МХХ жосуси ўрнашиб олганини кейинроқ англаб етиб ўзим ҳам даҳшатга тушдим ва тезда 23 феврал куни редакция номидан Анвар Каримов ёзган мақолалар ҳақида маълумот бердим. Афсус, энди кеч эди. Мен уни ёзганларига эътибор бермабман. Бу борада ҳамма айб менда, беморлигим сабаб бунга.
Ажабланарлиси Анвар Каримов фош этилгач, у менга МХХга хос таҳдидларини бошлади. У мени Тошкентда яшаётган акам Назиржон Расулов ҳақида яхши хабардор эди. Турмуш ўртоғимнинг қариндош уруғларини яхши биларди. Улар орқали менга босим ўтказишни олдиндан режалаштириб олгани маълум бўлди. Мақола эълон қилинган соатда менга тинимсиз қўнғироқ қила бошлади. Телефонни олиб у билан пачакилашиб ўтиришни ўзимга эп кўрмадим. Шундан сўнг ҳақорат ва таҳдидга тўла СМСлар жўнатиб, акам ва қариндошларим ҳақида қочириқ гаплар қила бошлади. Табиийки, мен уни бу таҳдидларидан чўчимасдим. Лекин ҳар эҳтимолга қарши акамни турли провакациялардан эҳтиёт бўлиши кераклиги ҳақида огоҳлантириб қўйдим.
Ўзбекистон махсус хизматлари атайин тайёрлаб хорижга юборилган жосуслар кўплиги ҳақида маълумотлар бор. Жосуслар ичида олдин қамалиб чиққанлар кўпчиликни ташкил этади. Анвар Каримов ҳам Швецияга келмасдан олдин кимларнидир пичоқлаб қўйиб қамоққа ташлангани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ундан қандай қилиб хорижга чиқиб кетгани ҳақида сўраганимда “Ака, қамоқдан қочиб чиқдим” деб жавоб берганди. Кейинчалик ишончли манбаълардан олинган маълумотлар Анвар Каримов ҳам қамоқхонада атайин тайёрлаб хорижга чиқариб юборилгани маълум бўлди.
Анвар Каримов хорижга келган илк кунларидан бошлаб, мухолифат вакиллари, ҳуқуқбонлар, мустақил журналистлар ҳақидаги маълумотларни ўз кураторларига етказиб туриши кўпчиликка сир бўлмай қолди. Унинг жосуслик фаолияти ҳақида таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Муҳиддин Қурбонов Швеция полицияси ва пракуратурасига ёзма равишда маълумот йўллаган. Швед радиоси мухбири, ёзувчи Элин Ёнсон ҳам Анвар устидан полицияга шикоят қилганини билдирди. Бир гуруҳ  ҳуқуқбонлар ўтган йили Ўзбекистон махсус хизматлари Анвар Каримов ёрдами билан атайин тайёрлаб Европага юборган “мухолифат фаоллари” ичида Самад Мурод ҳам борлигидан норози бўлиб Швеция Парламентига ёзма равишда мурожаат қилишганди. Лекин буларнинг ҳеч қандай натижаси бўлмади.
Ўзбекистон махсус хизматлари сал фаолроқ  интернет сайтлари эгаларига турли йўллар билан босим ўтказмоқчи бўлишади. Бунинг учун уларга Анвар Каримов каби жосуслар катта ёрдам беради. Ишончли кишиларнинг айтишича, ҳозир Анвар Каримов Швеция махсус хизмати – СЭПО  назоратида. Шахсан менинг ўзим уни менга кўрсатган таҳдиди ҳақида ўзим яшаб турган шаҳар полициясига икки марта шикоят аризаси ёздим. Айни пайтда полиция менга юборилган СМС таҳдидларни ўрганаяпти. Улар ҳар бир ариза бесамар кетмаслигини, албатта ўрганилиб, қонунбузарларга чора кўрилишини айтишди.
Албатта, биз ҳаммамиз бу каби провакаторларни фош этиб боришимиз керак. МХХнинг хориждаги малайларига кучимиз етмаса, қандай қилиб Ўзбекистондаги кучли диктатурага қарши кураша оламиз?
http://yangidunyo.com/?p=17547

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s


%d bloggers like this: