ЭРК – демократиясиз демократик партия…

28 июнь куни тарқатган хабаримизда Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти маълумотларига асосланиб айни жамиятнинг Швеция пойтахти Стокҳолмдаги офисида бўлиб ўтган ташкилотлараро “Ҳамкорлик” Уюшмасининг навбатдаги йиғилишида ЭРК партиясининг Стокҳолм бўлими котиби Маъруфжон Абдуғаффоров “Ҳамкорлик” Уюшмасига раиси этиб сайлангани ҳақида маълум қилган эдик.
Мазкур йиғилиш баённомаси ИХҲЖнинг интернетдаги сайтида (қаранг:http://himoyachi.at.ua/news/2009-06-28-206) эълон қилинган ва жамоатчиликка тарқатилган эди.

Эрк партиясининг Европа бўлими томонидан кеча тарқатилган билдиришномада “бундан бир йил муқаддам Эрк партиясининг Стокҳолм шаҳри бўйича котиби лавозими қисқартирилиб, партиянинг Швециядаги барча бўлинмалари ягона Оврупа бўлимига бирлаштирилгани” , Маъруфжон Абдуғаффоров ва Юсуф Расулов (Юсуф Расуловни бу йиғилишга нима алоқаси борлиги маълум қилинмаган)га партия номидан иш кўриш ваколати берилмагани таъкидланади.

Ўзини ЭРК партиясининг Стокҳолм бўлими котиби деб ҳисоблайдиган Маъруфжон Абдуғаффаровнинг бизга маълум қилишича, у ва бошқа партия аъзолари ЭРКни Стокҳолм бўлими қисқартирилганидан хабарлари йўқ. “Ахир ЭРК партиясининг Стокҳолм бўлимини бизлар ташкил этганмиз. Ташаббускор гуруҳ ҳеч қачон бўлимни ёпиш ҳақида қарор чиқармаган. Европа бўлими номидан хабар тарқатган жаноблар наҳотки шу оддий нарсани англаб етишмаган”, дейди у.

Афтидан ЭРК партиясининг Швеция бўлими аъзолари ўртасида анчайин жиддий зиддиятлар пайдо бўлган.

-Мен ва бошқа фаолларимиз партия ичида яхши муҳит пайдо бўлиши тарафдоримиз. Бу ҳақда партия раиси Муҳаммад Солиҳ жанобларига ҳам бир неча марта билдирганмиз. Лекин негадир бизни талаб ва эътирозларимиз эътиборсиз қолиб кетди. Тўғриси, мен олдинлари бу партияни жиддий бир сиёсий ташкилот деб ўйлаган эдим. Кейинчалик бу партия эмас, оддий болалар боғчаси, деган хулосага келдим, дейди М.Абдуғаффаров.

Унинг айтишича, ЭРК партиясининг Европа бўлимига Дўстназар Худойназар раҳбар этиб сайланган илк дақиқилардан бошлаб, у ишни партияга янги аъзо бўлиб кирганларга солиқ солишдан бошлаган. Шахсан Маъруфжонни ўзидан олдинига 2500 крон (250 евродан ошиқ) пул олиб, бу пулларни ўз шахсий манфаатига ишлатиб юборган. Орадан кўп вақт ўтмай мардикорлик қилиб кун кечирадиган Маъруфжон Абдуғаффоровдан партия иши учун дея, бир ойда қайтариш шарти билан 17 минг крон (салкам 2000 евро) пул олган. Д.Худойназар Швецияда қочқинлик мақоми сўраб базур кун кечираётган кўплаб ўзбеклардан (уларни рўйхати тузилган) уларга қочқинлик мақоми олиб беришга ваъдалар бериб турли миқдорда маблағлар олиб юрган. У ЭРК партиясининг Европа бўлими номидан Швеция Муҳожирлик хизматига гўёки бу қочқинлар ЭРК партиясига аъзо бўлиб киришгани, улар ватанга қайтса ҳаётлари хавф остида қолиши мумкинлиги ҳақида узундан узоқ хатлар уюштирган. Фикрлари исботи билан бўлиши учун ўзи пул олган муҳожирларни авраб мухолифат фаоллари ташкил қилган турли хил пикетларда суратга тушуриб ЭРК тарафдорлари томонидан ташкил қилинган қўлбола сайтларда чиқартирган ва бу суратларни Муҳожирлик хизматига тақдим этиб келган.

-Олдинига ҳаммаси яхши кетаётганди. Биз Дўстназарни чақириқларига биноан қишнинг совуқ кунларида Стокҳолм марказидаги Медбореплатс майдонида бир ой совуқ палатка ичида яшадик. Акция мақсадсиз ташкил этилганди ва натижаси ҳам шунга муносиб бўлди. Лекин мен палатка ичида яшаб, ЭРК партияси учун ҳаракат қилиб топганим бўйрак касаллиги бўлди. Совуқдан бўйракларим шишиб кетди. Ҳозиргача улар менга тинчлик бермайди. Бир гал Дўстназар ака мени қўлимга 1500 крон пул бериб партия аъзолари олдида ўзига Ўзбекистонлик сиёсий маҳбуслар оиласига ёрдам учун дея берасиз, бу бошқаларга ибрат бўлиб улар ҳам кўпроқ пул берадилар, деб қолди. Мен пулни олдим. Лекин мен уни айтганларини қилмадим. Ошхонага кириб кетиб бу ёлғон, қаллобликни қилмаслик учун узоқ қолиб кетдим. Лекин у барибир тўпланганлардан анча пул йиғиб олди. Лекин у пуллар айтилган жойга етиб бормади, деб эслайди Маъруфжон.

Маъруфжон Абдуғаффоров бир куни ЭРК партиясини Стокҳолм бўлими фаолларини йиғиб партия раиси Муҳаммад Солиҳга мактуб йўллашганини гапириб берди.

-Дўстназарни фирибгарликлари ҳаммага аён бўлиб қолганди. У мендан ташқари яна кўплаб одамларни қон қақшатиб кетган эди. Охири шундай оғир вазиятга қолдикки, Дўстназар пикетларда тушган суратларимизни Муҳаммад Солиҳни ҳамюрти Қудрат Бобожонов томонидан ташкил қилинган турли сайтларда эълон қилиб ташлагани учун ватанга -Ўзбекистонга қайтиб бориш биз учун ҳақиқатдан хавфли бўлиб қолди. Аслида кўпчилик “янги ЭРКчилар”нинг мухолифатга умуман алоқаси йўқ. Улар мардикорлик қилиб пул ишлаш мақсадида Швецияга келиб қолган меҳнат муҳожирлари эди. Ўз ҳаққимизни талаб қилиб туриб олганимиздан сўнг Дўстназарни кўя туринг партия раиси М.Солиҳ ҳам биз билан алоқага чиқмай қўйди. Кейинчалик маълум бўлишича, партия аъзолари ичида норозиликлар кўпайиб боргач, М.Солиҳ ҳамюрти Қудрат Бобожонга Дўстназардан ЭРК печатини олиб қўйишга буйруқ берган. Қудрат Бобожон эса печатни олиб, уни ўрнига Йўлдош Очил деган сиёсатдан узоқ бир одамни партияни Европа бўлимига раҳбар этиб тайинлабди. (???) Қизиқ, партияни Европа бўлимини бошқарув ҳайъати ёки ташаббус гуруҳи йўқми? Қудрат Бобожоновни печатни олиб қўйиш ва бошқа бир одамни бу вазифага тайинлашга ҳаққи борми? Умуман, биз ташкил қилган партия бўлимига раҳбар Низом бўйича МС томонидан тайинланмайди, балки партия аъзоларининг умумий йиғилишида овоз бериш йўли билан сайланади. ЭРК Муҳаммад Солиҳни шахсий томорқаси эмас-ку! Ахир уни ўзини партияга раислик муддати тугаб кетганига кўп йиллар бўлиб кетмадими?

Маъруфжон Абдуғаффоров ЭРК партияси келажагига ачиниб куюниб гапиради.

-Агар ЭРКни Стокҳолм бўлими қисқартирилган бўлса, нега бундан партия аъзолари хабардор эмасмиз? Нега халқимизнинг шундай катта партияси ўғрилик, мутаҳамлик билан кун кўриб келган Дўстназар Худойназар, Қудрат Бобожонга ўхшаган нобакор одамлар қўлига қўшқўллаб бериб қўйилган? Дўстназар Худойназар ёки Қудрат Бобожонни товламачилик, фирибгарлик қилиб юришидан нега партия раиси кўз юмади? Каримовни Ўзбекистонда нима бўлаётганидан хабари бўлмагани каби Солиҳ акани ҳам партия ичида нима бўлаётганидан хабари йўқми? Лекин мен бундай деб ўйламайман. Шу битта одам, яъни Дўстназар бутун мухолифатни ЭРКка қарши қилиб қўйди. Мен бу одамларга эмас, халқимиз келажагига ачинаман. Ўзбекистонда болаларим, оилам қийналиб яшашмоқда. Қора меҳнат қилиб топган пулимни бу ўғрилар олиб қўйишса, арзи додимга ҳеч ким қулоқ солмаса додимни кимга айтаман? Лекин кейинги кунларда партияни бу текинхўрлардан тозалаш ва номини оқлаш учун охиригача курашишга қарор қилдим. Мени қўллайдиган одамлар кўп. Мухолифат ичидаги адолатли инсонлар бу борада менга ёрдам берадилар деган умиддаман.

Маъруфжон Абдуғаффоров ўзини ҳақли равишда ЭРК партиясини аъзосиман дейишга маънавий ҳаққи борлигини айтади. У кўплаб норозилик акцияларини ташкил қилди. Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган диний ва сиёсий маҳбусларни озод этилишига ёрдам беришларини сўраб Швеция парламенти аъзолари билан учрашувлар ўтказди. Европа Парламенти депутатлари билан ЭРК аъзолари учрашувларини ташкил қилди. Парламентдагиларга Ўзбекистондаги сиёсий аҳвол ҳақида етарлича маълумот бериб келди. Уларга турли аризаларни тақдим этишдан эринмади.

-Бугун 1 июлдан бошлаб Европа Иттифоқига раислик вазифаси Швецияга ўтди. Олти ой амал қиладиган бу раҳбарлик даврида кўплаб ишларга улгуришимиз, халқимизнинг овозини уларга етказишимиз керак. Зотан бизнинг асосий вазифамиз ҳам шу – муштипар, бечора халқимиз дардига малҳам қўйишдир,-дейди у.

Маъруфжон Абдуғаффоров ЭРК партияси номидан ўзбек мухолифати партияларини ўзаро боғлаб турган Ташкилотлараро “Ҳамкорлик” Уюшмасига раис этиб сайланди. Тиришқоқ ва ҳаракатчан бу йигит демократик ЭРК партияси томонидан қувғинга учрагани сабаби оддий- у демократик партия ичида демократия бўлишини, партияни ислоҳ қилишни истайди холос.

Юсуф Расул, Швеция.

http://www.yangidunyo.com

http://yangidunyo.com/%D0%90%D1%80%D1%85%D0%B8%D0%B2/4815

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s


%d bloggers like this: