Тиши йўқ мухолифатчилар Ислом Каримга ялиниб-ёлвориб “тиш кўрсатишмоқчи”

Тиши йўқ мухолифатчилар Ислом Каримга ялиниб-ёлвориб “тиш кўрсатишмоқчи” (Тузатилган вариант)

Ўтган йили қандайдир бир “Уйғон Ўзбекистон” ёшлар ташкилоти сиёсий импотентилик сифатидаги таклиф билан чиққанда, сайтимизда уларни ҳақли равишда ҳунасалар деб айтгандик. Уларнинг биттаси ростдан ҳам шундай касал экан, жисмоний камчилигидан кулганимиз учун хафа бўлибди. Ундан узр тилаймиз, чунки, биз сиёсий ҳунасаликни назарда тутган эдик, холос. Шу сабабли, яна кимларнидир билиб билмас хафа қилиб қўймаслик ниятида, янги бир ташаббус билан чиққан мухолифатчиларга нисбатан яна ўша иборани ишлатмасдан, “тиши йўқлар” калимасидан фойдаланмоқдамиз. Мавзу эса қуйидагича.

2-3 кун аввал Россия Федерал Хавфсизлик Хизматининг лойиҳаси бўлган “фарғона.ру” сайтида номи берилмаган бир гуруҳ ўзбек мухолифатчиси номидан Ўзбекистон президенти Ислом Каримга ёзилган хатга изоҳ берилибди. Ўзбекларнинг ўзбекка русча ёзилган хатида чет элда яшаётган ўзбек мухолифатчиларининг мамлакатга қайтиши учун рухсат сўраб, ялиниб-ёлворилган.

Баъзибир ўзбек мухолифатчиларининг касаллик каби одатлари одамни ҳайрон қолдиради. Маълумки, вақти-вақти билан ўзбекча сайтларда ўзбек мухолифатини бирлашишга чақирувчи баёнотлар пайдо бўлади. Уларнинг ҳаммасида ватан ва миллат олдидаги маъсулият эслатилади, гина-кудуратларни унутишга чиқарилади. Биронта одам бундай чақириққа жавоб бермагач, у ўз-ўзидан унутилади.

Аммо, бироздан кейин айнан шундай чақириқ билан ўша жим турганларнинг бошқа гуруҳи чиқади. Улардан биронтаси “Аввалги чақириқлар жавобсиз қолган эди, демак, бу шаклдаги чақириқлар фойдасиз эканми, фойдали қадамлар устида ўйлашимиз керак”, демайди ҳам. Агар мухолифатчилар аввалги чақириқлар фойдасиз бўлаётганидан хулоса чиқариб, янги чақириқларида бир қадам бўлса ҳам олдинга кетсалар эди, секин-аста бўлса-да керакли йўналишда кетган бўлардик.

Дарвоқе, “Бирлик” айнан шундай қилмоқда. Аввалги чақириқлари беҳуда бўлгач, мухолифатни ўз таркибида бирлаштирмоқчи.

Россия махсус хизматининг сайтида бошланиб, Ўзбекистон МХХси назорати остида ишловчи “Озодлик” радиосининг ўзбек хизматида давом эттирган мавзу – Ислом Каримга ялиниб-ёлвориш хатини реклама қилишдир. Бу хат муаллифлари ҳам юқорида айтилган “мухолифатни бирлаштириш” курашчиларига ўхшаб иш қилишаётгани яққол кўриниб туради.

Бир қарашда хат тўғри ёзилгандек. Аммо, масаланинг моҳиятига қаранг. Дарҳол бу тиши йўқ мухолифатчиларнинг башараси очилади. Бу сиёсий саводсиз хатнинг 3 нуқтасинигина тилга олмоқчимиз:

Биринчидан, хат ялиниб-ёлвориш тарзида ёзилгани мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган нарса. Шу сабабли хат мухолифатни обрўсизлантириш учун қилинган провокацияга ўхшайди. Ҳар ҳолда шундай бўлса керак.

Иккинчидан, у ердаги “Ўзбекистон мухолифатчиларсиз ҳам яшайверади, аммо улар Ўзбекистонсиз яшолмайдилар” иборасининг сиёсий саводсизларча тузилганига қаранг. Хат муаллифлари Ўзбекистон билан Ўзбекистон ҳукуматининг фарқига боришмайди. Чунки, мавжуд ҳукумат мухолифатсиз яшайверади, тўғрироғи, у фақат мухолифатсиз яшай олади. Аммо, мухолифатсиз ҳақиқий замонавий давлат бўлолмайди, тўғрироғи, Ўзбекистон давлат бўлолмайди, мухолифатсиз яшай олмайди.

Учинчидан, хат ёзаман деган одам аввалги тажрибаларни ўрганиши, улардан сабоқ чиқариши, сабоқ чиқаролса, аввалги ташаббуслардан олға кетиши керак. Тажриба сифатида кўрилиши керак бўлган воқеа шундан иборатки, “Бирлик”нинг лидерларидан Пўлат Охун узоқдан туриб ялиниб-ёлвориб ўтирмасдан, Ўзбекистонга қайтиб борди ва у ерда қолиш учун бир ярим йилдан кўпроқ режим билан курашди. Режим уни қабул қилмади. Бу хат муаллифларидан биронтаси ўша пайтда Пўлат Охунга ҳеч бўлмаса маънавий ёрдам қўлини чўздими? Ҳозир хат тўқиётганда Пўлат Охуннинг тажрибасини ҳисобга олдими?

Яна бошқа мисол бор. Ўтган йили сентябрь ойида “Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлат Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасига икки марта мурожаат қилиб, Ўзбекистонга қайтиб бориш учун ҳужжат беришларини сўради. Чунки унинг Совет замонида олган паспорти ўз кучини йўқотганди. Хатлар махсус почта орқали юборилиб, элчихонадан хат олингани ҳақида тилхат келган бўлса ҳам, элчихона хатларга жавоб ҳам бермади.

Кейин Абдураҳим Пўлат Ўзбекистон президентига махсус хат йўллаб, Пўлат Охундек таниқли ва тажрибали мухолифатчини миллатимизни ҳозирги оғир аҳволдан чиқаришда ўтдек зарур бўлган ишларда фойдаланиш таклифини ўртага қўйди. Яъни, Ўзбекистон ҳукумати таркибида чет элдаги юз минглаб меҳнат муҳожирларининг муаммолари билан шуғулланувчи вазирлик тузиб, Пўлат Охунни унга вазир қилишни таклиф этди.

Ислом Каримга ялиниб-ёлворганлар буни ҳам билишмайдими? Улар ўзи нимани билишар экан?

Бу айтилаётган хатнинг тишсиз муаллифларига мухолифатдан ҳеч ким ҳеч қанақа ваколат берган эмас, уларнинг мухолифат номидан бирон нарса ёзишга маънавий ҳақлари ҳам йўқ.

Ўзбек мухолифатининг ҳақиқий намояндалари ватанга қайтиш, қайтиш имкониятини яратиш учун курашмоқдалар ва албатта қайтадилар. Бу курашнинг таянч нуқтаси – юрт ичидаги мухолифатни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, ташқаридагилардан юрт ичида мардларча фаолият олиб бораётганларга ҳар томонлама ёрдам уюштиришдир.

harakat.net

Leave a comment