МХХ ўзининг назорати остидаги “Озодлик”ни ҳимоя қилишнинг антиқа усулини топибди

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг тапшириғи билан Андижон вилоят телевидениясида АҚШнинг “Озодлик” радиоси ўзбек хизматини қораловчи программа намойиш қилинибди. Турли туман ҳуқуқ ҳимоячиларию мухолифатчилар бу воқеани “Озодлик” радиосига қарши ҳужум, деб баҳоламоқдалар. Аслида шундайми? Йўқ, аксинча, мақсад – бу радиони оқлашга интилишдир. Бу иддаони ҳар ким ҳам дарҳол тушунолмаслиги мақаррар.

Маълумки, бизнинг сайтимиз “Озодлик” радиосининг ўзбек хизмати тамомийла МХХ назорати остида ишлаётгани, бутун дунёда демократиянинг ривожланиши учун катта хизмат қилаётган бу радионинг Ўзбекистонга таъсири МХХ томонидан, тўғрироғи униг радиодаги одамлари томонидан минималлаштириб қўйилганини давомли ёзиб келмоқда.

МХХнинг ақлли одамлари “Озодлик” радиосини Ўзбекистондаги режимнинг маддоҳига айлантирб бўлмаслигини яхши биладилар. Аслида, айлантириш мумкин, лекин шундай қилинса, АҚШнинг ўзи радионинг ўзбек хизматини дарҳол тарқатиб юборадику. Демак, энг яхши йўл – бу радионинг ўзбек жамиятига таъсирини камайтириш.

МХХ бу мақсадига икки йўл билан борди.

Биринчи йўл. Радионинг программаларини қизиқарсиз бўлишига эришилди. Унинг Тошкентдаги офиси бекилгач, радио Ўзбекистонда доимий ва расмий асосда ишлаётган мухбирларидан айрилди, хабар ва таҳлиллар радио учун энг муҳим бўлган жиҳатини, яъни оперативлигини йўқотди. Бу каби радиоларни оддий одамлар ҳеч қачон эшитмагани, сиёсатга бироз қизиқадиган зиёлилар эса, бугуннинг Интернет каби оператив имкониятларидан, уларга Ўзбекистонда тўсиқ қўйилган бўлса ҳам, фойдаланиш йўлларини етарлича ўрганиб олганларини ҳам ҳисобга олсак, бу радиони эшитувчилар сони қанчалик озайганини тушуниш мумкин.

Иккинчи йўл. Радиони демократия мактаби, демократиянинг тарғиботчиси, демократияни ривожлантиришга чорловчи жиҳатлари йўқ қилинди, йиғи-сиғи қилиш билан чегаралановчи, мавжуд шароитда нима қилиш керак, деган савол устида ўйлаб ҳам кўрмайдиган, тўғрироғи, ўйлай олмайдиган, демократия учун курашни масхарабозлик қилиш, деб тушунган одамларнинг минбарига айлантирилди.

Ҳақиқатда, ўйлаб кўринг, радио эшитувчиларнинг мияси бу радио ходимлари тарафидан қандай ювилмоқда?

Радиони эшитган одамларнинг миясига ҳозир Ўзбекистон режимига қарши чиқиб бўлмайди, унга қарши чиққан ҳар қандай одам дарҳол йўқ қилинади, мухолифат эса, бу режимга қарши кураш олиб борувчиларддан эмас, йиғи-сиғи қилишдан бошқа нарсани билмайдиган, биринчи имконият бўлиши билан чет элга қочиб қоладиган одамлардан иборат, бошқа йўл ҳам йўқ, деган фикр қуйилмоқда.

Бу радиода “Бирлик” Партиясининг, “Эзгулик” жамиятининг, Ўзбекистон ичида тарқатилаётган “Ҳаракат” журналининг фаолияти ҳақида бирон нарса эшитасизми? Йўқ ҳисоб.

2003-05 йиллари ўн йиллик фалажликдан кейин “Бирлик” тикланди, у расмий рўйхатдан ўтиш учун Адлия вазирлиги, тўғрироғи, мавжуд режим билан ҳуқуқий майдонда кураш олиб борди, аввал парламент, кейин президент сайловларида қатнашиш учун ҳеч ким қилолмайдиган ишларни қилди. Булар “Озодлик” радиосида ёритилдими? Йўқ ҳисоб.

Андижон воқеаларидан кейин яна фалаж ҳолга тушган мухолифатни оёққа турғазиш учун яна “Бирлик” ҳаракат қилди. Бир неча натижасиз урунишлардан кейин, 2006 йил 11 ноябрда мухолифатнинг биринчи сиёсий фаоллиги кўзга кўринди – “Бирлик” Партияси Марказий Кенгаши Тошкентда очиқча йиғилиши ўтказишга эришди. Ҳозир жуда катта ҳаракатлар билан “Бирлик”нинг қурултойига тайёргарлик кетмоқда. Партиянинг Фарғона вилоят ташилоти конференциясини ўтказди. Булар ўзбек демократиясининг машаққатли ривожланиш тарихига тушадиган воқеалар. Аммо, улар “Озодлик” радиосида ёритилдими? Ёритилмади, ёритилмайди ҳам, акс ҳолда, Ислом Карим МХХни ёпиб ташлаган бўлардику, биттагина “Озодлик”ни бошқаролмаётгани учун.

“Бирлик” келажакда Ўзбекистонни НАТОга аъзо қилиш масаласини, Ўзбекистонда Чет элдаги ватандошлар билан алоқалар вазирлиги тузиш каби муҳим таклифларни ўртага отди. “Озодлик” буларни гапирдими? Йўқ, гапирмайди ҳам.

Чунки, булар гапирилса, радио эшитувчида мухолифат бир нарсалар қилаётган экан, “Бирлик” қурултой ўтказишга тайёргарлик кўраётган бўлса, демок, Ўзбекистонда мухолифатчилик билан шуғулланиш мумкин экан, деган фикр шакллана бошлайди, мен ҳам мухолифат сафларига қўшилсаммикан, деган савол туғилишга бошлайди. Радиоэшитувчиларнинг сони ортишга бошлайди. “Озодлик” радиоси ўзбек хизматининг ходимлари, тўғрироғи, МХХ буни истамайди? Йўқ, истамайди, шу сабабли юқорида айтилган дозарб ва халқимиз учун сувдек керак бўлган мавзулар “Озодлик”да йўқ.

“Озодлик” радиоси бугун, юқорида айтилганидек, йиғи-сиғи минбари, холос.

Айни замонда, “Ҳаракат” сайтининг “Озодлик” радиоси ўзбек хизмати МХХ назорати остида ишламоқда, деган фикри борган сари тарқалиб бормоқда. Бу гап чувалайверса, АҚШнинг ўзи радионинг ўзбек хизмати билан “шуғулланишга” бошлайди-ку.

Шундай шароитда ва “Озодлик” радиоси ўзбек хизматининг соат сайин тушиб кетаётган обрўсини АҚШ маъмурияти олдида ҳимоя қилиш мақсадида, МХХнинг топшириғи билан Ўзбекистон телевидениясида бу радиога қарши эшиттиришлар уюштирилганига ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас.

Аслида, дейди “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат, бу радионинг ҳеч қандай келажаги йўқ. Оддий бир ўзбек куннинг маълум вақтларини кутиб, бу радиони эшитиб ўтирмайди. Мухолифат руҳидаги одамларга етишишнинг йўли – “Ҳаракат” журнали каби нашрларни яратиш, уларнинг тиражини оширишдир. “Озодлик”дек радио ҳам демократия куйчиси, демократи курашчиси бўлишини истардик, аммо, ҳозир унинг эшитувчилар сони оз бўлгани учун, бу масала билан овора бўлиш ҳам ортиқча иш. Эшитувчилар сони озлиги муболаға эмас. Агарда, улар кўп бўлса эди, ҳеч бўлмаса мухолифатчиларнинг кўпчилиги шу радиони эшитаётган бўлса эди, Ўзбекистонда мухолифатнинг лидери “Эрк” партиясининг 53-54-чилари бўларди. “Бирлик”ни олдинга чиқармаслик учун МХХ шуни ҳам истарди. Аммо, ҳозир мухолифат доираларида “Ҳаракат” журнали ҳал қилувчи ролга эга, “Бирлик” мухолифатнинг ягона кучига айланмоқда.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s


%d bloggers like this: