Толиб Ёқубов: БУНДАЙ ИФЛОС ХУДОДАН ХАМ КУРКМАЙДИ

Абдураҳим Пўлатов нима деб вайсамасин

Мен мазкур мақолани ёзишдан олдин, уни ёзиш керакми ёки ёзиш керак эмасми, дея кўп ўйладим. Мақолани сайловолди кампанияси даврида ёзишга бошлаган эдим, бироқ Абдураҳим Пўлатов ўзининг собиқ сафдошлари бирор нарсага қўл уришса (масалан, Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракатини тиклаш, ва бошқалар) дарҳол: «Бирлик» партияси менинг номзодимни Ўзбекистон президенти лавозимига қўяётгани учун булар сайловдан олдин мени обрўсизлантирмоқчи бўлишаяпти», дея шовқин солганини кўргач, мен сайлов ўтишини кутишга қарор қилдим. Мана, сайлов ҳам ўтди, А.Пўлатов эса, буюк рус шоири А.Пушкиннинг «Балиқчи ва олтин балиқча ҳақида» деган эртагидаги балиқчи чолнинг кампири каби тешик тоғорага эга бўлиб қолаверди. Бу – заҳархандалик билан кулиш эмас, балки ватандаги мавжуд реалликни кўрсатишдир.

Д.Тошмуҳаммедова, А.Рустамов ва А.Саидовлар А.Пўлатовга ўхшаш 15 йил хорижда юрган эмас, улар Ўзбекистон ичида юрган одамлар эса-да, ҳар бири бор-йўғи 2-3% овоз олди, деб кўрсатилди. Ж.Шосалимов, А.Шоймардонов, А.Тожибой ўғли каби жасоратли ҳуқуқбонлар гарчи ҳар куни юзлаб одамлар билан учрашиб, ҳеч бўлмаганда Тошкентда халқка танилган инсонлар бўлсалар-да, бироқ мавжуд ҳукумат уларни сайлов майдонига яқинлаштирмади ҳам. Ҳеч ким А.Пўлатовнинг обрўсизлантирган эмас, у ўз обрўсини аллақачон ўзи йўқотиб бўлган. Бироқ мен бари бир сукут сақладим.
Шу ерга келганда шуни ҳам айтиб кетишим керак-ки, А.Пўлатовга мендан яқинроқ ва содиқроқ сафдош бўлмаган, десам адашмаган бўламан, деб ўйлайман. Бир пайтлар: «Бирлик»да мабодо иккита одам қолса ва бири А.Пўлатов бўлса, иккинчиси сўзсиз мен бўламан» – деган фикр кечарди мендан. Мен ўнлаб жойларда, баъзи одамлар билан бўлган сўҳбатларда, давлатнинг турли идораларида ва, ҳатто, чет элларда, А.Пўлатовни жон-жаҳдим билан ҳимоя қилганман. Битта мисол келтираман, холос. Воқеа «Эрк» партиясининг офисида бўлган эди («эрк»чи биродарлар мендан хафа бўлишмасинлар – бу вокеага уларнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ). Ўша кунлари А.Пўлатов Москвада эди ва «бугун-эрта қайтади» деган гап бор эди. Офиснинг бир хонасида 30 дан ортиқ одам йиғилди, табиий ҳаммани мен ҳозир эслай олмайман. Менинг ўнг ёнимда раҳматлик Абдурашид Шарипов, чап томонимда эса Дилором Исоқова ўтиришганини яхши эслайман. Мажлисни олиб бораётган Шўҳрат Исматуллаевнинг ёнида «Эрк» партияси раиси Муҳаммад Солиҳ ўтирганидан ташқари, хонада Москвадан келган Ҳамид Расулов ҳамда олдин «Бирлик»нинг ёшлар қанотида фаолият олиб борган Шавқиддин Жўраев бир неча оғайнилари билан ўтиргани эсимда бор. Мажлис кун тартиби нимадан иборат бўлганини аниқ айта олмайман, бироқ мажлис А.Пўлатов шахсига қарши қаратилгани яхши эсимда қолган. Унга қарши Ҳамид ака ва Шавқиддин кескин гапиришди. Мен Шавқиддинга: «Ҳамма гапирса ҳам сен гапиришга ҳаққинг йўқ. Сен «Бирлик» Қурултойининг темирйўлчилар саройида бўлиши лозим бўлган куни метронинг «Мустақиллик майдони» бекати олдида милиция ходимларига маълумот бераётганингда ушлаганман. Эсингда борми?» деганимдан кейин дами ичига тушди. Мен Ҳамид аканинг гапини ҳам тўхтатдим: «Ҳамид ака, Пўлатов ҳозир бу ерда йўқ, агар ўзи бўлсайди у ўзини ҳимоя қилар эди. Инсоннинг йўқлигида унинг ҳақида исталган нарсани гапиравериш мумкин». Бахс узоқ давом этди, хонадаги кўпчиликка қарши фақат мен дафу-жавоб қилдим, – Пўлатовни мен ҳимоя қила олдим. Бошқача айтганда, А.Пўлатовни лидер сифатида кўтара-кўтар қилишда менинг айбим кам эмас экан.

Биринчи параллель

Мен буни биринчи марта 2001 йил 19 март куни АҚШда тушундим. Мўлжалим А.Пўлатов уйида камида икки ҳафта туриш бўлса-да, мен унинг хонадонида бир сутка турдим, холос. Шу бир сутка ичида у мени ҳақорат қилди. Менинг ёшим А.Пўлатовнинг ёшидан анча катта, у менга на ака, на ука, на ота ва на тоға эмас-ки, менинг қандайдир айбим учун мени ҳақорат қилишга унинг қандайдир ҳақ-ҳуқуқи бўлса! Сиёсий партия ёки ҳаракат, ҳуқуқбонлик ёки бошқа нодавлат ташкилоти фаолиятида қатнашиш ижтимоий вазифа бўлиб, инсон унда истаса қатнашиши ёки қатнашмаслиги мумкин. Давлат ташкилоти раҳбари ўз ходимига давлат номидан қандайдир маош тайинлайди ва ўшанга яраша ундан иш талаб қилади. Шу тақдирда ҳам инсон ўз хоҳишига кўра давлат ишини ташлаб кетиши мумкин. Менинг қайси «айбим» А.Пўлатовга мени ҳақорат қилишга «ҳуқуқ» берди?
А.Пўлатовнинг уйига жойлашганимнинг эртаси куни эрталаб иккаламиз Вашингтонни айлангани бордик ва шаҳар кўчаларини узоқ пиёда кездик. Мени биринчи ажаблантирган нарса шу бўлди-ки, у негадир мени: «Сиз Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятини ЖЭК (жилищно-эксплуатационная комиссия)га айлантирдингиз» дея айблай бошлади. Бу гап қаердан ва кимдан чиққанини мен дарров фаҳмладим. Гап шунда-ки, бундан бир ярим ой илгари, тўғрироғи 2 февраль куни менинг уйимга Васила Иноятова кириб келди. Шу пайтда мен ташкилотнинг Хоразм вилояти бўлимининг раиси Ҳайитбой Якубов билан гаплашиб ўтирган эдим. Ҳайитбой эртаси куни (эсимдан чиқмаган бўлса) Самара шаҳрига 10-кунлик ҳуқуқбонлик семинарига кетаётган эди. Сўҳбат давомида шуни эшитган Васила кескин жанжал чиқариш йўлига ўтди: «Нима, биз эшшакдай ишласак ҳам бирор жойга юбормайсиз! …» (ва ҳоказо) дея бақира бошлади у. Мен унга яқинда Прагага бориб келганини эслатиб, ташкилот аъзоларини чет элга чиқиши менга боғлиқ эмаслигини, халқаро ташкилотлар кимни таклиф қилишса, ўша одам чет элга бориб келишини тушунтира бошладим. Бироқ Васила тоборо жаҳлга миниб менга маломат тошларини ота бошлади. Мен ҳам жаҳл билан, бироқ жиддий оҳангда унга: «Сен ҳамма вақт одамларни ўз иродангга бўйсундирмоқчи бўлиб келгансан. Мени ҳам сен ўз иродангга бўйсундирмоқчи бўлаяпсан. Бироқ овора бўласан – сенинг иродангга бўйсунадиганлар уйингда сақич чайнаб ўтирибдилар, бориб бор нафратингни ўшаларга қаратавер!» – дейишим билан у йиғлаб чиқиб кетди. Бу воқеага Ҳайитбой Якубов тўлиқ гувоҳ бўлган. Васила шу билан мен ва ташкилотдан алоқани узди. Шу воқеадан кейин бироз ўтгач у «Бирлик»нинг иши билан Москвага кетди. Москвалик икки танишим менга хат ёзишиб (бир-биридан хабарсиз ҳолда бўлса керак, деб ўйлайман): «ЎИҲЖга нима бўлди? Васила Иноятова менга жуда ачинарли нарсаларни гапирди. ЎИҲЖ ҳозир ЖЭК вазифасини бажараяпти, деди» – деб мурожаат қилишди. А.Пўлатов ҳам менга худди шу гапларни айтди. Унинг гапининг оҳангида норозилик яққол билиниб турар эди. А.Пўлатов мавзуни ўзгартирди: у мен ва ЎИҲЖга асоссиз айблар қўя бошлади. Унинг муддаоси қуйидагидан иборат эди: «ЎИҲЖ инсон ҳуқуқлари бўйича мониторинг ўтказишни юқори чўққига олиб чиқди, лекин мониторинг энди ўтган замон, бундан кейин ЎИҲЖ сиёсий талаблар билан чиқиши керак» – деди у, бироқ қандай сиёсий талаблар эканини аниқламади. Мен: «Абдураҳим ака, Ўзбекистондаги аҳволни яхши билсангиз керак. Шундай оғир шароитда биз қўлимиздан келган барча ишларни қилаяпмиз, бундан ортиғи қўлимиздан келмайди» – дедим. Шу гап камида тўрт ёки беш марта такрорланди, А. Пўлатов эса тоборо қизишиб бораверди. Метро поезди Патомак дарёси устидан ўтаётганда у сўкинди: «Сизнинг гапларингиз х..ня» (охирги сўз русча) деди у жаҳл билан. Мен сесканиб тушдим, ўзимча: «Оғзидан билмасдан чиқмб кетди-ёв» – деб ўйладим мен, унинг сўкишига реакция билдирмай. Метронинг охирги станциясида тушдик, бироқ ташқарига чиқмасимизданоқ у яна олдинги гапини такрорлади, мен эса: «Абдураҳим ака, русларда: «Выше головы не пригнешь» деган гап бор. Биз ҳам имконимиз қадар ишлаяпмиз» -дейишим билан у мени кескин оҳангда қаттиқ ҳақорат қилди. Мен қотиб қолдим: менинг отам мулла Ёқуб мени бирор марта «сен» демаганлар, мени ўта ёқтирмайдиган одамлар ҳам мени сўккан эмас. 15-20 минутча мен қимирламай турдим, А.Пўлатов мендан уч метрлар нарида туриб: «Оғзимдан чиқиб кетибди, юринг кетдик» дер эди. Охири мен унга эргашишга мажбур бўлдим: менинг икки сумкам уникида, ёнимда ҳеч қандай пул йўқ эди, тилни ва А.Пўлатовнинг адресини билмас эдим. Уйигача индашмасдан бордик. Етиб боргач, мен дарҳол майда-чуйдаларимни йиғиштирдим ва янгага мурожаат қилиб, берган тузига рози бўлишини сўрадим. Шуҳрат (А.Пўлатовнинг ўғли) амакисининг ўғлига Қаҳрамонга телефон қилди. Мен А.Пўлатов билан хайрлашмай уйини тарк этдим. Кўчада мен Қаҳрамонни бироз кутдим, шу пайтда А.Пўлатов балконга чиқиб: «Ҳов, Толиб ака, болалик қилманг, уйга чиқинг» – деб уч марта такрорлади, мен орқага бурилмадим, у эса ичкарига кириб кетди.
Мен қайси «айбим» учун Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракатининг раисидан сўкиш эшитганимни батафсил ёздим. Бу сўкиш – унинг одат тусига кирган ўнлаб, балки юзлаб сўкишларидан бири эди, холос. Мен А.Пўлатов, жумладан, Ёзувчилар уюшмаси котиби Жамол Камолни уюшма биноси ичида ёқасидан буғволиб, «онангни …» дея бўралаб сўкканини ўз кўзим билан кўрганман. Натижада, Ж.Камол тўлиқ И.Каримов томонга ўтиб кетди ва «Бирлик»ка душман позицияга ўтди. Ўз вақтида «Бирлик» ХҲга юзлаб олимлар ва бошқа соҳаларнинг ўқимишли, етук вакиллари келиб қўшилишди ва А.Пўлатовнинг манманлиги, оғзи коскилиги, бировнинг фикрига чидамсизлиги туфайли «Бирлик» ХҲни… ташлаб кетишди.
Ниҳоят, И.Каримов ва А.Пўлатов орасидаги биринчи параллелни чизиш мумкин. И.Каримов ўз сафдошлари, давлат структурасидаги одамларни онаси ҳам, хотини ва қизи ҳам қолмасдан бўралаб сўкиши ва дуппослашини халқнинг ярми эшитган, десак муболаға бўлмайди. Буни Акмал Саидов, Мурод Муҳаммаддўст, Омон Матчон, Шавкат Йўлдошев ва кўпгина бошқа ўзига яқин тутганлар «татиб» кўришган. Нега А.Саидов И.Каримовдан ўлгудай қўрқади ва у қандай қилиб Францияга элчи ва сўнгра Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий марказига директор бўлган? 90-чи йиллар бошида И.Каримов уни қаттиқ тепкилаб ургач, орият кучли А.Саидов икки ой остона ҳатлаб кўчага чиқмаган. Икки ойдан сўнг И.Каримов уни чақиртириб «сулҳ» тузган ва уни Францияга элчи қилиб жўнатган, 1996 йилда эса Париждан чақиртириб олиб Миллий марказ директори лавозимига қўйган.
Шундай қилиб, И.Каримов ва А.Пўлатовлар характерида биринчи умумийлик – ҳар иккаласи ҳам ўз сафдошларини ҳақоратлаш, камситиш, уларнинг фикрига чидамсизлик, уларни фақат ўз фойдасига ишлатиш, ишлашдан бош тортган одамни «хоин» ва «душман» деб эълон қилиш хислатлари бир хилдир. Ушбу санаб ўтилган хислатларни бир қолипга тушириш ва биринчи параллелни ўтказиш мумкин:
Ўзгача фикрга чидамсизлик.
Юқорида келтирилган хислатлар орасидан буни шунинг учун ажратдик-ки, қолганлари унинг ҳосиласи ўлароқ ундан келиб чиқади.
Ўзгача фикрга чидамсизлик А.Пўлатовда кейинги пайтларда шаклланган эмас, бу хислат унда азалдан бўлганига жуда кўп мисоллар келтиришим мумкин, бироқ мен битта мисол билан чегараланаман. 90-чи йиллар бошигача «Бирлик» халқ ҳаракатида фаоллик кўрсатган инсонлардан бири Зиёдулла Зиёмов эди. Зиёдулла ака Тошкент вилоятидаги катта бир ГЭСнинг директори вазифасида ишлаган ва иқтисодни жуда яхши билар эди. У киши «Бирлик» ХҲ МК Ҳайъатининг аъзоси бўлиб, мажлисларда одатда нотиққа битта савол берар эди: «Шу Сиз қўйган масалани ечиш учун пулни қаердан оласиз?». Унинг бу саволи А.Пўлатовни ҳамма вақт ғазаблантирар эди. Адашмасам, 1991 йили А.Пўлатов мажлис олдига амалга оширилиши керак бўлган улкан бир масалани қўйганда, Зиёдулла ака яна ўша саволни берди. А.Пўлатов ғазабдан қизариб кетди ва ҳамманинг олдида: «О…ни … дан оламан!» деб бақирди. Зиёдулла ака чиқиб кетди ва «Бирлик»ка бошқа қайтмади. Зиёдулла ака нақадар ҳақ эканлигини кўпчилик (хусусан, мен ҳам) кейин тушунди: сиёсий кураш олиб борётган партия (ҳаракат ва ҳоказо)да пул бўлиши асосий шартлардан бири экан. Ҳақиқий лидер буни яхши тушуниши ҳамда қандайдир йўллар билан ташкилот пулини шакллартириши керак. Бу йўллар қонуний ва ноқонуний бўлиши мумкин, мен ноқонуний йўллар қўлланилганига иккита мисол келтираман. ХХ-асрнинг энг буюк авантюрист ва террористларидан бири Владимир Ульянов (Ленин) РСДРП га пул топишда иккита ноқонуний йўлни танлаган: биринчиси, босқинчи террористик гурухлар тузиш, иккинчиси эса Россия душманлари билан келишиш ва улардан пул олиш. Биринчи йўлда Лениннинг ўзи каби авантюрист ва террорист армани Камо (партиявий тахаллуси) жонбозлик кўрсатган, унинг босқинчи одамлари банклар, бой одамларнинг уйини урган, талон-тарож қилган ва ҳоказо. Лениннинг ўзи эса Германия ҳукумати билан махфий музокаралар олиб бориб, Россияда революция қилиш учун ўша пайтда жуда катта ҳисобланган 50 миллион немис маркаси олган. Иккинчи мисолни ўзимизнинг мамлакатимиздан оламиз: И.Каримов ҳукумат тепасига келгач, ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш ва барча сиёсий рақибларини енгиш учун ўзбек халқининг бойликларини аямади ва ҳозир ҳам шу йўлни давом эттирмоқда.
Мен «Бирлик» ХҲдан 2002 йил 19 май куни баёнот бериб чиқиб кетдим. Гарчи «Бирлик»дан кетишим А.Пўлатовнинг ҳақорати туфайли бўлган бўлса-да, баёнотимда бирор одамни ёмонотлиқ қилганим йўқ. Бироқ А.Пўлатов мени «хоин» деб атай бошлади. «Бирлик»нинг бош ирмоғи бўлган Дадахон Ҳасан, Алибой Йўляхшиев, Ҳазратқул Худойбердиев каби ўнлаб инсонлар менданда олдин А.Пўлатов томонидан «хоин»га айландилар. Баъзиларни (хусусан мени ҳам) А.Пўлатов тўғридан-тўғри «душман» деб атай бошлади. И.Каримов ва унинг матбуоти бизни «халқ душманлари» деб атаётган бир пайтда А.Пўлатов эса «Бирлик»нинг «душманлари» демоқда. Биз ҳар иккала «лидер»га хизмат қилишдан бош тортдик ва «душман»га айландик. Тарих И.Каримов ўзбек халқининг асосий душмани эканини яққол кўрсатди, у (тарих) А.Пўлатов «Бирлик» ва мухолифатнинг асосий душмани эканини ҳали кўрсатажак – бунга менинг ишончим комил.
Хулоса: «И.Каримов ва А.Пўлатовлар лексикони бир хил жирканч сўзлар билан бой». Бу – улар орасидаги иккинчи параллелликдир.
И.Каримов ва А.Пўлатов серфарзанд оилалардан чиққан, уларнинг ўз оға-иниларига нисбатан муносабатлари кам фарқ қилади. И.Каримов ўз ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари билан юзкўрмас, Тошкентда студентлик чоғида ота-онасига бир оғиз маслаҳат қилмасдан уйланган бир рус аёлни ота хонадонига олиб борганда Абдуғани ота уларни уйидан ҳайдаб чиқарган ва ўғлини «оқ» қилган. У отасининг дафн маросимига бормаган, акаси Арслон Каримовнинг таъзиясида ўн минутлар чамаси қатнашган, холос. Унинг ўғли Жамшидни 2006 йил 12 сентябрдан бошлаб Самарқанддаги «психушка»га тиқиб ташлаган. Пўлатовлар етти ака-ука бўлиб, улардан Абдурашид ака қайтиш бўлди. Мен Анвар ва Абдуҳаким акалар, Абдуҳамид, Абдумажидни яхши биламан ва чин қалбдан ҳурмат қиламан, улар билан кўп марталар сўҳбатлашганман, Анвар ака ва Абдумажиднинг хонадонида кўплаб марта бўлганман ва тузларини ичганман. Абдураҳим Пўлатов ҳамма ака-укалари билан қир-пичоқ дея олмайман, бироқ уч ака-ука билан унинг муносабати қандайлигига тўхталмоқчиман. Мени бу ака-укалар кечирар, деб ўйлайман, мен уларга ёмонлик қилмоқчи эмасман. Агар мен А.Пўлатов ҳақида бор ҳақиқатни ёзишга киришмаганимда эди, сўзсиз бу фактларни ошкор этмаган бўлар эдим. 2001 йил мен АҚШга борганимда А.Пўлатов укаси Абдуманнобни дўппослаганини менга ўз оғзи билан айтгани эсимдан чиқмайди. Ҳозирги кунда ҳам ака-укалар бориш-келиш қилмайди, деган маълумотлар келиб туради. А.Пўлатовнинг яна бир укаси, физика-математика фанлари доктори, профессор, талантли олим Абдумажид бундан ўн йиллар илгари акасининг олди (Истанбул) дан қайтгач, менга: «Акам сиёсий жасадга айланиб бўлибди, ўн кун турган бўлсам, мен билан ўн кун уришди, у Ўзбекистондаги реалликни тамоман тушунмайди» дегани ҳозиргидай эсимда бор. Абдуҳамид Пўлатов Санкт-Петербургда истиқомат қилади, кўп йиллар Ёқутистонда ишлаган. 2007 йилда мен ундан электрон почта орқали қисқа бир хат олдим. Унинг хатини келтирмоқчиман:
Ассалому -алайкум Толиб ака! Соглигингиз ва ишларингиз яхшими? Сизга Пулатов Абдухамид ёзаяпти Санкт-Петербургдан. Статьяларингизни укиб тураман. Менинг ишларим нормал кетаяпти. Рахим акани ростаканига ахмок булиб колганига энди бутунлай ишониб колдим. Эсингизда булса, уша Тошкетда куришганимизда (1999 й.) фикрларим уларникидан бошкачарок эди. Уша пайтда айтардим – уларнинг реал вокеалардан анча оркада колиб кетганларини. Хозирку – гирт жинни деса булади. Майли билган букини есин. Мен унга 96 йилда уша ахмокона китобини чикаришга ва бошка нарсаларига 2500 дол. карз берган эдим. Мана ун йил утибди-ки якинда шу пулни кайтаришни сураган эдим. Ва балога колдим. Мунчалик сиесий шарлатан, муттахам одамликларни билмасдим. Кейиги 20 йилдан бери хеч каерда ишламасдан, текин пуллар эвазига яшаб, хаммани бир бирига уруштириб юрганликларини сезиб колдим. Худодан хам куркмайдиган булиб колибди бу ифлос. Майли, мен пулимдан айрилганлигимни тушундим (Пулларимни ута халоллик билан Якутияда 78-93й. топганман -узиниз биласиз). 1980 йилларда у эшшак комунистик вакханалия пайтларида коммунист булиб олиб анча давр сурган (Якутиядан отпускаларга келганимда куриб хайрон булардим – бели огримаганнинг нон ейишини кара деб). Энди демократ булиб хаммани алдаб юрибти. Мени максадим пулимни ундуриб беринг эмас. Бошка фикрим бор. БУНДАЙ ИФЛОС ХУДОДАН ХАМ КУРКМАЙДИГАН ОДАМНИ ВЛАСТЬГА ХЕЧ КАЧОН КЕЛТИРИШ КЕРАКМАС! Шунинг учун менга маслахат беринг. У эшшакни маскасини олиб асл юзини халкка курсатишимиз керак, Бирликдан хайдаш керак. Мен энди хеч нарсадан тап тортмайман. Гап пулда эмас, мени тугри тушунинг! Маслахат беринг. Нима киламиз? Хатингизни пойлайман. Узингиз тугрингизда хам езиб юборинг. Мен хозир хам энергэтикада ишлаяпман – якинда Бухоро, Навои ва Зарафшонларга командировкага бориб келдим. Оиламиз худога шукур тинч. Хурмат билан Абдухамид. Яна адресим pulatov@mtrele.ru тел.уй.(812)372-02-65 , моб. 8-905-255-92-36
Хулосани ўкувчининг ўзи чиқарар, деб ўйлайман. Табиий, мен Абдуҳамидга бирор маслаҳат бера олмадим, чунки, ҳарҳолда, бири эт, бири тирноқ. Бироқ у акасининг кўпгина жирканч томонларини санаб берган ва иккита муҳим таклиф киритган: 1) А.Пўлатовни «Бирлик»дан ҳайдаш, ҳамда 2) уни ҳокимиятга яқинлаштирмаслик. Иккинчи масалани И.Каримов ва В.Иноятова муваффақиятли бажаришмоқда, биринчисини эса бирликчилар ҳамжиҳатлик билан амалга оширишлари мумкин, холос. А.Пўлатовнинг ажойиб оналари бўлиб, у инсон 1997 йилнинг ёзида бандаликни бажо келтирдилар. Онахон ўғиллари Абдумажиднинг хонадонида ўлим билан олишаётганда мен ўша ерда эдим. Ўша куни Абдуманнобга Ўзбекистон визасини ташкиллаштириш учун мен икки марта Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига ва уч марта (бир кунда) АҚШ элчихонасига борганман. АҚШ элчихонасининг вакилини Абдумажиднинг уйига олиб борганимдан, ва у онахонни ўз кўзи билан кўргандан кейин америкалилар вазирликдан ижобий жавоб олдилар. Абдуманноб оналарининг вафотидан бир кун ўтиб етиб келди, бироқ акаси Туркиядан келмади, ваҳоланки, унга қарши жиноий иш очилмаганлигини ҳамма билади.
Шундай қилиб, биз И.Каримов ва А.Пўлатов орасидаги учинчи параллелни ўтказдик. Унинг ака-укалари ва онасига нисбатан муносабати ҳаминқадар бўлганда, бегоналарга муносабати қандай бўлиши мумкин? Мен иккита мисол билан чегараланаман. Мард инсон, «Бирлик» ХҲнинг ва ЎИҲЖнинг Қашқадарё вилояти бўлимларини бошқарган Шавриқ Рўзимуродов ҳукумат томонидан ўлдирилгач, А.Пўлатов «Бирлик»нинг сайтига: «Бирлик» И.Каримов ва З.Алматовни халқаро судга тортиш учун ҳаракат бошлади» деб ёзиб қўйди ва бу ёзув сайтнинг ўнг юқори қисмида узоқ турди ва бир кун сайтдан олиб ташланди. ЎИҲЖ ҳуқуқшунослари мазкур ёзувни кўргач: «Қўлидан келмайди, чунки ҳукумат шу қадар пухта ҳужжат қилиб қўйган-ки, ўлим қийноқлар натижаси эканлигини исботлай олмайди» – дейишди. А.Пўлатов Василага Шавриқнинг оиласига ҳар ойда 50 доллар пул бериб туришни буюрган. Васила бошида 2-3 ой шу пулни бериб турган, кейин Шавриқ оиласини унутган.
Менинг куёвим, ЎИҲЖнинг Сирдарё вилояти бўлимининг раиси Азам Фармонов мутлақо асоссиз, сохта жиноий иш қўзғатилиб, 2006 йил 29 апрельда қамоққа олиниб, суд 9 йилга озодликдан маҳрум қилгач, уни Жасликдаги қамоқхонага юборишганини унча-мунча одам эшитган бўлса керак. Ўша оғир кунларда менинг ҳақиқий дўстларим ёнимда бўлишди. Мени ёқтирмайдиган баъзи одамлар ҳам самимий ҳамдардлик билдиришди. «Қамоққа тушишни душманингни бошига ҳам туширмасин» дейди доно халқимиз. А.Пўлатовнинг ҳам талай ака-укалари, қариндош-уруғлари бор – улар ажойиб инсонлар ва олимлардир. Худо кўрсатмасин, уларнинг бирортасининг бошига оғир кун тушса ёки қамалса, мен: «Ажаб бўпти!» дея заҳархандалик билан кулмас эдим. Бироқ А.Пўлатов ва унинг Ўзбекистондаги ишонган тоғи Васила Иноятованинг муносабати тубдан бошқача бўлди. Мен А.Пўлатовнинг «ижодидан» бир-икки намуна келтираман («Ҳаракат» сайтидан олинди):
«Баҳтиёр Ҳамро ўғлининг қамалишини сабаби – ўзининг ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти эканлигини гапирмоқда. Бу мутлақо тўғри. Баҳтиёр Ҳамронинг шундай “айби” бор. Аммо, бошқа айбларни ҳам эслатиш, бошқаларга ибрат бўлиши учун, мутлақо керак. Баҳтиёр Ҳамро тузилганда бери “Бирлик” халқ ҳаракатининг ва 2003 йилдан бери “Бирлик” Партиясининг аъзоси. Сўнги 10 йил ичида асосан ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида фаолият олиб бормоқда, маълум муддат “Ҳаракат” журнали ва шу номли хабар агентлиги билан ҳамкорлик қилган.
Сиёсатдан хабари бўлган Баҳтиёр мамлакатдаги вазиятни фақат ва фақат мухолифат партиялари ўзгартира олишини, демак, мухолифат партияларини мустаҳкамлаш, инсонларнинг сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш – ҳамма ҳуқуқ ҳимоячиларининг асосий вазифаларидан бири бўлиши кераклигини яхши тушунади. Аммо, минг афсуски, баъзи ҳолларда тушуниш бошқа, амалдаги ишлар бошқа бўлмоқда. Мана Бахтиёр Ҳамронинг ўзи билан боғлиқ мисол. 2004 йилнинг бошида “Бирлик” Партияси Жиззах вилоят ташкилотининг ўша пайтдаги раиси Муҳиддин Қурбон сохта айблар билан ушланиб, бир неча ойдан кейин шартли жазо билан озод қилинди. Бу даврда “Бирлик” Партияси ва унинг раҳбарлари сафдошларини озод қилиш учун нималар қилишганини билишни истганлар шу сайтнинг “қидирув” системасига кириб Муҳиддин Қурбонов ва Мухиддин Курбонов (аввалари сайтда ўзбек ҳарфлари бўлмаганини ҳисобга олинг) сўзлари билан боғлиқ хабарларни қидиришлари етарли. “Бирлик”чилар Муҳиддиннинг оиласидан хам хабардор бўлиб туришди. Абдураҳим Пўлат “Муҳиддиннинг оиласи шундай вақтда ҳеч нарсага зор бўлмасин” дея таълимот бергани ва шахсан ўзи молиявий ёрдам юбориб тургани ҳам факт. Лекин, айнан ўша кунлари Бахтиёр Ҳамро очиқ бир баёнот эълон қилиб, “партия раҳбарияти Муҳиддин Қурбоновнинг тақдири билан қизиқмаётгани, унинг оиласи бир бурда нонга зор бўлиб ўтирганда, ҳеч қандай ёрдам бермагани” учун партиясидан чиққанини эълон қилди. Айтилган иддаоларнинг хато ва мантиқсизлигини бир четга қўйиб турайлик. Фараз қилайлик, иддаолар тўғри. Шундай бўлса, Муҳиддиннинг оиласига ёрдам уюштириш ва унинг масаласи билан шуғулланиш Бахтиёрнинг ҳам вазифаси ва сафдош сифатида бурчи эмасмиди? Шундай оғир пайтда дарҳол партиядан истеъфосини намойишкорона баёнот билан эълон қилиш шунчалик зарурмиди?
Кейин маълум бўлишича, ўша пайтларда Бахтиёр Ҳамро Толиб Ёқуб билан биргаликда шу вилоятдаги жуда кўп бирликчиларни ўз партиясидан чиқиб, “Озод деҳқонлар”га киришга ундаш билан шуғулланишаётган экан. Бунинг учун Муҳиддининг қамоқхонада эканлигидан ҳам фойдаланиб қолишга интилишибди. Шу билан қоғоздагина мавжуд бўлган “Озод деҳқонлар” кучли бўлиб қолгани йўқ, аммо мухолифатнинг энг кучли ташкилотини қўлдан келганча болталашга ҳаракат қилинди. Албатта, Бахтиёр Ҳамро ва Толиб Ёқубларнинг қилган ишлари – бир маҳаллар Каримовнинг сўзига кириб “Бирлик”га қақшатғич зарба берган Салой Мадамин, Дадахон Ҳасан кабиларнинг иши билан солиштирсак – арзимаган нарсадек кўринади. Аммо, ҳар ким мухолифатни мустаҳкамлаш ўрнига, унга зарба бериш билан шуғулланадиган бўлса, миллатнинг аҳволи ҳозирги кундагидек эканлигидан ҳайрон бўлиш керакми? Салойнинг укаси, Бахтиёрнинг ўғли, Толибнинг куёвини бугун режим қамоқхоналарида ўтиришига уларнинг ўзи ҳам айбдор эмасми? Салой, Бахтиёр ва Толиблар ўзларича яхши ният билан ҳаракат қилган бўлсалар ҳам, бу уларнинг миллат олдидаги айбларини оқлай оладими? Бу воқеалар бошқаларга ўрнак бўлиши керак. Ҳозир ҳам “Бирлик”нинг оёғига болта уриш учун енгини шимарган одамлар унинг ичидан чиқмоқда. Улар ҳам 1-2 йилдан кейин яхши ният билан ҳаракат қилгандик деб йиғи-сиғи қилиб юришлари муқаррар. Агар улар мухолифатни заифлаштириш ва шу йўл билан мавжуд режимни мустаҳкамлаш учун ҳаракат қилаётганларини вақтида тушуниб етсалар, 53-54-чиларнинг ҳолига, қолаверса, Салой, Баҳтиёр ва Толибларнинг ҳолига тушишмайди. Бундан ҳам муҳими, миллатга ёмонлик қилишмайди. (Ихтибос тугади).
Бу сўзларни фақат муттаҳам одам ва ёлғон қон-қонига сингиб кетган шайтон ёзиши мумкин, холос. А.Пўлатовнинг ёзганларини сиқиқ ҳолга келтирсак, унинг гапларидан шундай бир мантиқ, тўғрироғи, мантиқсизлик келиб чиқади: Муҳаммад Солиҳ, Бахтиёр Ҳамроев ва мен «Бирлик»ни тарк этганимиз учун М.Солиҳнинг укаларини, Б.Ҳамроевнинг ўғлини, менинг эса куёвимни И.Каримов ҳукумати қамоққа ташлабди, А.Пўлатов ва В.Иноятова «Бирлик»да астойдил тургани учун уларнинг қариндош-уруғига тегинмас экан! Бунинг асл сабабини В.Иноятовадан сўраш керак: пичоққа илинадиган билими бўлмаган ўғли юридик институтни битирган, армияни МХХнинг элитный батальонида ўтаган, қизининг тўйини 2005 йил 30 сентябрда (Андижон воқеаларидан кейин) Тошкент шаҳар ҳокимиятининг ресторанида ўтказган, хусусий колбаса цехи кўп йиллардан бери узлуксиз ишлаб турган, оиласи бир эмас, бирваракайига учта (ГАЗ-3110, Матиз, ВАЗ-2106) машина минадиган аёл буни билмаслиги мумкин эмас. Бизнинг укаларимиз, ўғлимиз ва куёвимиз пешонасига ёзилган бўлса, Аллоҳнинг кўмаги билан озодликка чиқишар, иншааллоҳ! Улар аслида А.Пўлатов ва В.Иноятоваларга ўхшаган кимсалар учун азоб чекишмоқда.
Мен А.Пўлатовнинг юқоридаги мақоласи юзасидан Муҳиддин Қурбоновга мурожаат қилдим ва ушбу жавобни олдим:
Ассалому алайкум Толиб ака
Пўлатовнинг: “Мухиддиннинг оиласи қийналиб қолмаслиги учун ўзим ва Бирлик партияси моддий ёрдам берган» дегани ғирт ёлғон. Қамалганимнинг 3-чи кунида мени прокротурага, қамашга ордер олиш учун олиб борганда, прокурор Ҳайиталиев менга: «сиз ҳақингизда маълумот сўраб «Озодлик»дан телефон қилишди ва Бахтиёр Ҳамроев деган ҳам келиб кетди» деган. Василанинг УВДдан чиқиб кетишда Илхом Муродовга: «ҳақиқатан ҳамма нарса [милтиқ, ўқ-дори, наша, Хизб ут-Тахрир партиясига доир китоблар – Т.Ё.] мендан чиққани рост деб бўйнига олди» дегани ҳам ёлғонлигини сизга айтгандим. Қамоқдан чиқишдан бир кун олдин қамоқхонада Абай Байбўлатов мен билан учрашиб айбловни бўйнимга олиш олмаслигим тўғрисида сўраганда, энди ортга қайтмаслигимни айтганман. «Нега сен қамалдинг Толиб қамалмайди» деб хам савол берганини, ўзбекча гапирсам, русча гапиравер, деганини айтгандим сизга. Қамоқдан чиққандан кейин ҳам Василанинг: «судда айбловни бўйнингизга олмасангиз сизга қийин бўлади» дегани рост. Суд жараёни кетаётган бир пайтда Васила менга қўнғироқ қилиб: «сизни ўрнингизга Улуғбек Ҳайдаровни Бирликнинг Жиззах вилоят бўлими раиси қилиб тайинласак» деган. Мен бу ҳақда Исмоил Дадажоновга қўнғироқ қилиб: «нима, Васила эсини еб қўйганми?» деб айтганимда, Дадажонов: уни гапига парво қилманг, деган. Абдураҳим Пўлатов ёрдам қилиш у ёқда турсин, қўлимда мобил телефоним бўлган бўлсада, бир марта телефон қилиб аҳвол сўрагани йўқ. Швецияга келганда ҳам Пўлат Охуновга телефон қилиб: Абдурахим ўз ходимининг
холини сўрашга ҳам ярамайдими, айтинг менга телефон қилсин, деганман, лекин телефон қилмади. Анча вақт ўтгандан кейин ўзим телефон қилиб алоқа боғладим. Бир неча марта телефон орқали гаплашиб, Абдураҳим тўғрисида ”ақли расо эмас” деган хулосага келдим. Ўзаро мулоқот чоғида уй телефонини кабелидан узиб, қўл телефонини ўчириб қўйган вақтлари бўлган.
Ҳурмат билан Мухиддин».
А.Пўлатовнинг ҳозирги пайтдаги ақлий потенциали масаласида Муҳиддин ва Абдуҳамиднинг баҳолари бир хил бўлиб чиқди. А.Пўлатовга ёлғон гапириш одат тусига киргани ҳақида кўплаб биродарлар айтишмоқда ва ёзишмоқда. Бизнинг қишлоқлик, ёлғон гапиришда Алдаркўсани ҳам ортда қолдириб кетадиган бир йигитдан мен: «Ука, муттасил ёлғон гапиришга сизни нима мажбур қилади?» деб сўраганимда у: «Э, ака, ўн гапимдан тўққизтаси ёлғон бўлмаса мазам қочаверади» деб жавоб берган эди. А.Пўлатов худди шундай ахволга тушганига менда шўбҳа йўқ.
Ҳокимиятга келиш ҳаваси паталогияга айланган одамда инсон тақдирига ачиниш бўлмайди, ўз мақсадига эришиш учун бундай одам ҳар қандай одамни оловга ўтин каби ташлаб юбориши мумкин. Бу йўналишда А.Пўлатов И.Каримовдан қолишмайди. Иккаламиз Вашингтон кўчаларини айланар эканмиз ва у тинимсиз бир гап: «Сизлар мониторингни тўхтатиб, энди сиёсий талаблар билан чиқишларинг керак» деб такрорлар экан, гап орасида: «Тўғри, сиёсий талаблар билан чиқа бошласаларинг, И.Каримов сизларни қамаши мумкин, лекин бари бир бундан кейин сиёсий талабларни илгари суриш керак» – деди. Мен сескангандай бўлдим ва дилимдан: «Бу одам ўз сафдошларининг ҳаётини эмас, ўзининг манфаатларини ўйлар экан. У, руслар айтганча, «он пришел к власти на костях своих сподвижников» қаблида, бизнинг қамалишимиз ҳисобига ҳукуматга келмоқчи экан» – деган фикрни ўтказдим. У ўзини миллат тақдирига қайғургандай қилиб кўрсатади, бироқ 15 йилдан бери халқдан узилган ва «Бирлик» ХҲ ва партияси ишини бошқаларнинг қўли билан қилиб келдаи, ватанга қайтишни ўйламади. Чамаси, у ўзини Ленин билан қиёслар ва тарихий шахсликка даъвогар экан. 2005 йилнинг баҳор кунларининг бирида у менга кутилмаганда телефон қилиб қолди. «Сўҳбат» 45 минутлар давом этди, бу орада у 40-43 минутлар гапирди, мен эса тишни-тишга қўйиб эшитиб туравердим. У мени тинимсиз танқид қилаётгани учун кўнглимдан: «Сен шунчалик зукко ва қўрқмас экансан, нега Ўзбекистонга қайтмайсан» – деган савол ўтиб турди. Охири бардошим тугади ва мен вазминлик билан ўша саволни бердим. У телефонда бақира бошлади: «Борсам мени ўлдиришади-ку! Сиз тарихий шахс нималигини тушунмас экансиз!». Мен телефон трубкасини қўйиб қўйдим. У ҳатто менинг телефоним узлуксиз эшитилиши ва ёзилишини ҳам ўйламади: назаримда МХХдагилар унинг қўрқанидан бақирганини эшитиб роса кулган бўлишлари мумкин, деб ўйлайман.
А.Пўлатовнинг юқорида келтирилган тўҳматига яна қайтсак, мен ва Бахтиёр Хамроевнинг «Бирлик» партиясига қарши иш олиб борганимиз ҳақидаги сафсатани А.Пўлатов Василанинг «ғалладонидан» олганлигига шўбҳа йўқ. «Бирлик»ни болталаган Дадахон Ҳасан, Бахтиёр Ҳамроев, мен ва бошқалар эмас, айнан Васила Иноятова эканини тарих ҳали юзага чиқаради. Шу жойда А.Пўлатовнинг яна бир иғвогарона гапини келтираман (уни у менинг куёвим ҳақида ёзган маколам ЦентрАзия сайтида чиққач, 080 рақами билан комментарий сифатида қолдирган):
Предатель Салай Мадаминов помог Каримову, остановив митинги Бирлика. Все помнят слова предателя по кличку 53-54: “Митинги только поднимают пыль, мы же должны сотрудничать с коммунистической властью Каримова”. А Талиб Якубов в последние годы жизни в Узбекистане боролся в основном против Бирлика. Все знают, его слова: “Не произностие даже имени Бирлик в моем доме”. Борясь против оппозиционеров, Талиб Якуб, так же как Салай помогал Каримову. Теперь оба на Западе хают на Каримова. Потому что Каримов выбросил их сначало поиспользовав. Отобрал квартиры у Салая и посадил его брата в Жаслык. Точно так жк он посадил зятя Талиба.
Очень не хочется сказать – так и надо им. Но они узбеков больше не интересуют. Пусть их предательство будет уроком для остальных. (Ихтибос тугади).
А.Пўлатовнинг бу икки хати укаси Абдуҳамиднинг акасига берган баҳоси нақадар тўғри эканлигини кўрсатади: «Худодан хам куркмайдиган булиб колибди бу ифлос». Худо хоҳласа, яхши замонлар келса, Худо ҳаммамизга умр берса, Ўзбекистонда учрашармиз. Шунда мен В.Иноятова ва А.Пўлатовдан: «Менинг уйимда «Бирлик» деган сўзни эшитмайин, «Бирлик»дан чиқиб «Озод деҳқонлар» партиясига ўтинглар» – деб Толиб ака айтувди» – деган ҳеч бўлмаганда битта одамни кўрсатишни талаб қиламан. Бахтиёр ҳам худди шундай қилишига ишончим комил.
Ёлғон гапиришни А.Пўлатов бўйинча қилиб кийиб олганини Ҳаракат сайти яққол айтиб турибди: у бугун ёлғон гапирганини эртаси куни одамлар фош қилиб турибдилар. Оёғи тагидан замин кетаётганини сезган «сиёсатчи»га ёлғон гапиришдан ўзга чора қолмайди. И.Каримов бошдан-бош ўз сиёсатини КАТТА ЁЛҒОН устига қурганидай, «Бирлик» ХҲ ва партияси тарихига назар солинса А.Пўлатовнинг ҳам иш олиб боришдаги асосий услуби ЁЛҒОНни болалатиш эканлигини аксарият бирликчилар тушуниб етишди. Ҳар қадамда ёлғон гапириш И.Каримов ва А.Пўлатовга хос умумий белгилардан биридир.
А.Пўлатовнинг оёғи 15 йилдан бери ўзбек тупроғини босмади, бу – унинг оёқлари остидан замин кетганининг бир белгисидир. Буни ўзи ҳам яхши тушунади. Образли қилиб айтганда, у ерда турган эгарга миниб ўтирибди. Бир пайтлар «Бирлик» ХҲ сафида у билан елкама-елка бирга курашган ўз сафдошларининг катта кўпчилиги билан уришиб, уларни «хоин»га чиқариб бўлган. У соф коммунистик: «Ким биз билан бўлмаса, у бизнинг душманимиздир» деган нақлни ўзлаштирган ва шу жиҳати билан И.Каримовдан қолишмайди. У отдан аллақачон тушган бўлса-да, «отдаман» дея бечорагина «сиёсатчи» ўзини-ўзи овутиб юради. Яқинда Ҳаракат сайтида у қуйидагини ёзди:
«Абдураҳим Пўлат: Мамлакатдан чиқиб кетганимга бугун 15 йил бўлибди … бундан 15 йил аввал айнан шу куни, яъни 18 декабрь куни (1992 йил) Ўзбекистондан чиқиб кетганимни эслаб қолдим. Қаранг, умримнинг чораги юрт ташқарисида ўтибди. Даҳшат! Аммо, ҳақиқат. Ўтган вақт ичида биз бирликчилар мухолифатни қайтадан тикладик. Бу ишга юрт ташқарисидан туриб мен раҳбарлик қилдим. Балки бу ишни энди бошқалар давом эттирса яхши бўлмасмиди, деб ўйладим. Ҳозирча фикрим қатъий: мен кетишим билан Ўзбекистонда демократик мухолифат битади. Бундай бўлишини истамаганим учун мухолифатчиликни давом эттиришга маҳкумман».
Шарҳлаш ортиқча, деб ўйлайман. Инсоннинг юзи табиий қизил бўлиши мумкин, бу унинг соғлиғи мукаммал эканлигининг, унда ҳаётий энергия барқ ураётганининг белгисидир. Юзни шапати билан ҳам қизартириб юрса бўлади. Ўзбек мухолифати ҳозирги кунда юзини шапати билан қизартириб юрган А.Пўлатовга муҳтож эмас. А.Пўлатовга муҳтожсизлик бугун пайдо бўлган ҳам эмас, у тан оладими-йўқми, бундан қатъий назар, унга муҳтожсизлик 90-чи йилларнинг ўртасида пайдо бўлган. Бу борада ҳам у И.Каримов билан бетакрор ўхшаш – ҳар иккаласи ҳам ҳозир ўзбек халқига керак эмас.
2007 йил мен «Постоянный скандальный фон в среде оппозиции и правозащитного движения в Узбекистане» номланган мақоламни ёзиб, уни 18 мартда ЦентрАзия сайтида эълон қилдим. Мақола ўзбек мухолифати ва ҳуқуқбонлик ташкилотлари фаолиятида МХХнинг ролига бағишланган эди. Мақолада мен «Эрк» ва «Бирлик» партияларининг раислари ҳақида ёзар эканман: «Бу партияларга тарафдор бўлмаган баъзи одамлар М.Солиҳ ва А.Пўлатовнинг ҳар иккаласи ҳам ҳукуматга ишлайди, деган фикрига қўшилмайман, аксинча, уларнинг ҳар бири ҳукуматдан мустақилдир, бироқ ривожланиш (ҳукумат сиёсати, икки раис орасидаги зиддият ва ҳоказо) шундай давом этаверса, уларнинг бири албатта ҳукумат олдига сажда қилиб боради», деган фикрни айтган эдим. Ўзининг гапига қараганда А.Пўлатовнинг ёши 60 атрофида ва ҳокимиятга келиш эҳтимоли ва шанси тезлик билан нольга яқинлашмоқда – буни у яхши тушунади. Президент бўлиш манияси кучли бўлган одам (А.Пўлатов айнан шундай одам эканлиги аввалдан маълум) бундай ҳолатни ўз бошидан оғир кечиради, йўл топа олмайди, саросимага тушади, ва ниҳоят, битта йўл, – ҳар қандай йўл билан бўлса-да ҳукуматга яхши кўриниш, – қолганини англайди. Акс ҳолда унинг М.Солиҳни тинимсиз чайнаши, ўз собиқ сафдошларига тош отиши ҳамда ҳақорат қилиши ва кўпгина бошқа ҳатти-ҳаракатларини тушуниш ва тушунтириш қийин. У сиёсатда «бумеранг эффекти» жуда эффектли эканини билмайди, деб ўйлайсизми? Билади, бироқ бошқа йўли йўқ. Образли қилиб айтганда, В.Иноятова уни И.Каримов олдига бўйнига арқон солиб етаклаб олиб боради.

«Толиб аканинг «даҳшатли ўчи»

Менинг «Постоянный скандальный фон …» номли мақолам ЦентрАзияда пайдо бўлгач, А.Пўлатов ва В.Иноятова менга бўйнига хурмача илиб олиб, жазаваси тутиб ўйинга тушаётган сайёр дарвешларни эслатишди. Ҳар иккаласи менга қарши ғазаб ва бўҳтонга тўла мақолалар ёза кетишди. Менинг асосий мақсадим «Бирлик» ХҲ ва «Эрк» партияси лидерлари сиёсий тузум масаласи ҳал бўлаётган долзарб бир пайтда ҳукуматнинг махсус хизматлари (МХХ, ИИВ ва бошқа) фаолиятига етарли эътибор бермаганларига ўқувчининг эътиборини қаратиш бўлиб, бу нарса мухолифат мағлубиятининг асосий сабабларидан бири эканлигини кўрсатиш эди. Мақолани синчковлик билан ўқиб чиққан ҳар бир одам мен А.Пўлатов ва М.Солиҳга нисбатан бирор ёмон муносабат билдирганим йўқлигига амин бўлади, – мен баъзи инкор этиб бўлмас фактларни келтирдим ва умумий хулосалар чиқардим, холос. Мақолада мен В.Иноятовага жиддий айблар қўйганман, – бу факт. Шулардан оддий биттасини келтираман. 2003 йили «Бирлик» ХҲни партияга айлантириш ва уни давлат рўйхатидан ўтказиш иши бошланди. Бундай пайтда, гарчи Ўзбекистон шароитида партия ишини йўлга қўйиш мисли кўрилмаган қийинчиликлар билан боғлиқ бўлса-да, ҳукумат доиралари эътирозини юзага келтирадиган бирор бир нарса қолдирмасликка ҳаракат қилиш керак эди. И.Каримов учун унинг одамлари сайловолди кампанияси даврида 800.000 дан ортиқ сайловчининг имзосини тўплаб беришди, МСК эса уни текшириб ҳам ўтиргани йўқ. Масала «Бирлик», «Эрк» ёки «Озод деҳқонлар» партиялари билан боғлиқ бўлса, хотирингиз жаъм бўлсин, ҳукумат ҳар бир имзони эринмай текширади. 2004 йил охирлари бўлса керак (аниқ сана эсимда йўқ) эшигим қўнғироғи жиринглади. Эшикни очсам, мутлақо бегона бир одам папка кўтарган ҳолда турганини кўрдим. «Келинг, сиз кимсиз? Нима хизмат?» деб сўрадим мен ва иккаламиз орамизда қуйидаги сўҳбат бўлиб ўтди:
– Мен Адлия вазирлигиданман, мана менинг гувоҳномам. Сиз Толиб Ёқубовмисиз? Шу сизнинг хонадонингизми?
– Ҳа.
– «Бирлик» партияси давлат рўйхатидан ўтиш учун ҳужжат топширган, Биз ҳозир имзоларнинг ҳақиқийлигини текширмоқдамиз. Сизнинг хонадонингизда учта партия аъзоси яшар экан, шуларнинг имзосини тасдиқлаб берсангиз, – деди вазирлик вакили ва папкасидан бир пачка рўйхат чиқариб, уларнинг бирини менга берди.
– Якубова Турсуной менинг рафиқам, бироқ у болалар билан 1985 йилнинг августидан бери Жиззахда туради, пропискаси ҳам Жиззахда. Эшонқулов Ориф менинг жияним, бироқ у 1998 йили меникидан чиқиб кетган, унинг қаердалигини ҳеч ким билмайди, мана бу Эргашев А.С.ни бизлар танимаймиз, бундай одам ҳеч қачон меникида яшамаган ва пропискада бўлмаган. Аёлимнинг имзоси ҳам бундай эмас, – дея мен қизимни чақирдим ва ундан аясининг имзосини таниш-танимаслигини сўрадим. У иккиланмай: «Йўқ, бу аямнинг имзоси эмас, мен аямнинг имзосини яхши биламан», деди.
– Шу гапларни ёзиб бера оласизми?
– Албатта, – дедим мен ва ёзиб бердим.
Табиий саволлар туғилади: «Бирлик» партияси аъзоларининг Адлия вазирлигига топшириладиган рўйхатига бу учта сохта имзо, партияга алоқаси бўлмаган одамлар ва менинг адресимни ким ва қандай мақсадда киритган? Бундан В.Иноятованинг хабари бўлганми, йўқми?
Жавоб: Нафақат хабари бўлган, балки бу одамларни рўйхатга унинг ўзи киритган, дейишга менда асос бор. Менинг Тошкентдаги уйимдан аллақачонлар чиқиб кетишган аёлим ва жиянимни В.Иноятовадан бошқа одамлар танимас эди. В.Иноятовани «Бирлик» партиясининг рўйхатдан ўтиш-ўтмаслиги қизиқтирмайди, уни бошқа масалалар қизиқтиради. Мазкур ишда унинг режаси аниқ ва равшан: адлия вакили келганда мен ўзимни икки хил тутишим, яъни: 1) йўқ, бу одамлар бу ерда туришмайди, имзо сохта, мана бу одам мутлақо бизга номаълум, деб ёзиб беришим; 2) менда бирликчилик ҳисси устун келса, ҳа, бу одамлар шу ерда туради, имзолар ҳақиқий, деб ёзиб беришим мумкин эди. Мен биринчи, рост вариантни танладим, мен В.Иноятованинг найрангини дарҳол сездим. Гарчи партияда бўлмасам-да, у мен «Бирлик» ХҲ ғояларига содиқ эканимни яхши билади ва шундан фойдаланмоқчи бўлган. Мен иккинчи вариантни қилганимда эди, адлия вакили менинг сохта ҳужжат қилиб берганимни туман паспорт столига бориб «шесть секунда» аниқлаши мумкин эди. Бу – ҳукуматга мени айблаш учу насос бўлар эди. В.Иноятова менинг хотиним ва жиянимни «Бирлик» партияси аъзосилигига ёзиш, бизга мутлақо нотаниш бўлган «Эргашев А.С.» деган одамни менинг уйимга «пропискага қўйиш»дан қандай мақсадни кўзлаган бўлиши мумкин? Адлия вазирлиги вакили олиб келган рўйхат оддийгина бир қоғоз эмас, у «Бирлик» партиясини рўйхатдан ўтказиш учун вазирликка тақдим этилган асосий ва муҳим ҳужжат-ку! Ҳозирги пайтда А.Пўлатов ҳар қадамда «Толиб Ёқубов кейинги йилларда мухолифатга қарши курашди ва И.Каримов режимини мустаҳкамлашга ёрдам берди» деб ёзаяпти. Мен ўзимни оқлашимга ҳожат йўқ – баландпарвозлик бўлса-да айтаманки, менинг ишларимни халқ билади. Мен юқорида В.Иноятованинг партия иши билан боғлиқ қинғир ишларидан битта кичик мисол келтирдим, холос. Мен эса унинг фаолиятидан партия ишига зарба берган ўнлаб, балки юзлаб мисолларни биламан. В.Иноятова А.Пўлатов наздида «Бирлик» партиясига энг содиқ одам экан, у юқорида келтирилган кичик бир эпизодни қандай тушунтириши мумкин? Мен ҳамон кутмоқдаман. Ўзига ҳеч қачон дўст изламаган И.Каримовдан фарқли ўлароқ А.Пўлатов дўстлар сонини кўпайтириш йўлини танламади ва бу йўналишда ҳам тоборо И.Каримов изидан изчиллик ила кетмоқда.
А.Пўлатов ҳар қадамда: «Бирлик» партияси Ўзбекистонда ягона сиёсий куч» дея жар солади. Партияга одамлар пул учун эмас, эътиқод билан кирсагина у ҳақиқий сиёсий кучга айланади. В.Иноятова эса «Бирлик» партиясига одамларга бир неча минг ўзбек сўми бериб аъзоликка жалб қилди, – буни тасдиқлайдиган одамлар бисёр. «Бирлик» ХҲга одамларга пул бериб жалб қилинганмиди? Ўз вақтида унинг юз минглаб аъзолари бор эди ва у сиёсий куч эди. Одамларга пул бериб партияни кучайтириш мумкин бўлганда эди, шу пайтда «Озод деҳқонлар» партияси энг кучли партия бўлар эди, чунки унинг лидери Нигора Ҳидоятовада пул етарли. Бироқ у А.Пўлатовдан фарқли етук (дееспособный) партияни бу йўл билан шакллантириб бўлмаслигини яхши тушунади: бундай партия бугун бор, эртага йўқ! Етук партия вакилига битта эмас, мингта Толиб Ёқубов ва Бахтиёр Ҳамроев «Озод деҳқонлар» партиясига ўтинг!» деб ҳар қанча даъват қилишмасин, улар ўтишмайди. Биз-ку бундай даъват билан бирор марта ҳам чиққанимиз йўқ (бу В.Иноятованинг касал ўй-хаёли ва тафаккуридан ҳосил бўлган), агар «Бирлик» партиясининг, А.Пўлатов айтганидай, жуда кўп аъзолари «Озод деҳқонлар» партиясига ўтиб кетган бўлса, унда бу партияда барқарорлик йўқ экан ва у лидерликка давогарлик қила олмайди. И.Каримов каби авантюрист Ўзбекистон ҳокимиятини антиконституцион равишда эгаллаб турибди. Худди шундай «Бирлик» партияси раислигини ҳам авантюрист А.Пўлатов эгаллаган. Менинг сиёсий фаолиятим «Бирлик» ХҲ билан боғлиқ бўлган бўлса-да, мен чин сидқи-дилимдан «Бирлик» партияси ҳақиқий сиёсий кучга айланишини истайман, Унинг дастлабки шарти «Бирлик» партиясидан асосий авантюристни тарих ахлатхонасига улоқтириш керак. Бироқ, бу – партия аъзоларининг иши.

«Миллат учун куюнчак А.Пўлатов»

Қрим татарлари ватанга қайтиш учун курашиб юрган пайтда Ўзбекистонда яшаган Айше Сеитмеметова деган 18 ёшли қиз миллати йўлида Ўзбекистондан чиқиб кетади ва роса икки йилдан сўнг Нью-Йорк шаҳрига етиб келади ва катта машаққатлар чекиб Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясида чиқиш қилишга эришади. У миллатининг тақдири ҳақида жўшқин нутқ сўзлайди. Унинг бу нутқи дунёда катта резонанс беради. Эътиборли томони шу-ки, у мақсадини амалга ошириш учун СССР ва бошқа мамлакатларда икки йил машаққат чекиб йўл юради.
Жанубий Африка Республикаси президенти Нельсон Манделла 27 йил қамоқда ўтиради. Уни ҳар куни уришар, бироқ у 27 йил давомида фақат битта жумлани такрорлайверган экан: «Халқ барибир енгади!». Озодликка чиққач халқ уни мамлакат президентлигига сайлади. Унинг даврида ЖАР демократик давлатга айланди.
Бизнинг икки ака-ука, шоввоз Пўлатовларимиз бири 1993 йилдан, иккинчиси 1998 йилдан бери АҚШнинг қоқ юрагида яшашади. Образли қилиб айтганда, улардан БМТ идорасигача бир қалам. Бироқ, улар миллатга ўта «куюнчак» бўлгани учун бўлса керак, ўз қалбининг қўри билан БМТ Бош ассамблеясида бир марта ҳам чиқиш қилишмади. Ёлғон бўлмасин, Абдуманноб бир марта БМТ «Инсон ҳуқуқлари комитети» сессиясида (2001 йил март, Нью-Йорк) қатнашди. «Қандай қилиб» дейсизми? 26-27 март кунлари мазкур сессияда Ўзбекистон ҳукумати «Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақидаги халқаро Пакт» бўйича ҳисобот бераётган эди. БМТ Комитети альтернатив доклад тайёрлашни илтимос қилиб 2000 йил август ойида ЎИҲЖга мурожаат қилди. Искандар ака Худойбергановнинг жонбозлиги туфайли биз 45 бетлик доклад тайёрладик ва уни сессияга тақдим этиш учун иккаламиз Нью-Йоркка бордик. Бизни таклиф этган «Инсон ҳуқуқлари халқаро лигаси» (Нью-Йорк), гарчи Абдуманноб ташкилотимиз раиси бўлса-да, уни сессияда қатнашишига унамади: «Биз фақат Ўзбекистон ичида туриб курашаётганларни чақирганмиз», дейишди улар. Бироқ, нималардир сабаб, уни сессияга қўйишди. Табиий, биз бу гапларни кейинчалик эшитдик.
БМТ Бош ассамблеяси у ёқда турсин, мен ака-укани бирор бошқа халқаро анжуманда қатнашганини билмайман. Бир сафар Абдураҳим Пўлатов АҚШ Конгресси Инсон ҳуқуқлари бўлимидаги учрашувда М.Солиҳни кўриб ўқраси қўзиган ва жанжал кўтарган, бошқача айтганда, миллатга «куюнчаклик» унда устун келган. Пўлатовларнинг принципини тушуниш қийин эмас: «Сизлар қонхўр режим билан ўлдирса ҳам, қамаса ҳам, оилангиз оч бўлса ҳам, тўқ бўлса ҳам курашаверинг, биз ака-ука АҚШда компьютер олдида ўтириб, узоқдан туриб сизларни бошқараверамиз! Қани, бўлинг, туринглар!». Қрим татарларининг лидери Мустафо Жемилев, Польша «Бирдамлик» ташкилотининг раиси Лех Валенса, Чехословакия лидери Вацлав Ҳавел (10 йил қамоқда ўтирган), Гуржистон лидери Михаил Саакашвили ва кўпгина бошқа лидерлар ўз сафдошларини телефон оркали бошқармаганлар.
А.Пўлатов сайловолди кампанияси бошланмасдан олдин: «Биз Ўзбекистондаги мавжуд қонунлар доирасида курашиш мумкин эканлигини кўрсатамиз» дея бир неча марта ёзди. И.Каримов унга кўрсатди, фақат уч бармоқдан ясаладиган фигурани кўрсатди, холос. Ўз номини ўрта ва олий мактаб дарсликларига киритган, тарих дарсликларига «Бирлик» ХҲ ва «Эрк» демократик партиясини олабўжи тариқасида ёздиртирган, ўзи учун Оқсарой ва ўнлаб махфий объектлар (шу жумладан, аэродромлар) қурдирган, ўз режимини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш учун миллиардлаб доллар пулни иккиланмай сарфлаётган одам «Бирлик» учун қонун доирасида иш олиб боришига йўл қўйишиига фақат вокеъликни, реалликни тушунмаган ёки алданаётган ёки ақлсиз сиёсатчигина ишониши мумкин. Чамаси, Абдуманноб вазиятни акасига нисбатан чуқурроқ тушунар экан, шекилли. У 2001 йилда АҚШ фуқаролигини олиб, маза қилиб яшаб юрибди.
Ака эса вақтни бой бермай «Бирлик» партиясининг навбатдаги оламшумул иккинчи қурултойига тайёргарликни бошлаб юборди: одамлар ишлаб ётишибди, В.Иноятованинг учта шахсий машинаси хизматда, ва ниҳоят, унинг (А.Пўлатовнинг) ўзи иштирок этмаса-да, қурултойни АҚШдан туриб телефон орқали бошқариб туради. Айтингчи, нимаси ёмон? Қурултойнинг натижаси ҳам ҳозирдан маълум: В.Иноятова омон бўлса, раислик унинг қўлида. Худди 23 декабрь сайловлари каби Табиий, А.Пўлатовнинг кўнгли яна бир марта тўлади, мағрурона яна мухолифат лидериман, деб айта ва ёза бошлайди. Ажабо, И.Каримов йўлига ўхшашликни қаранг-а!!
А.Пўлатов ўзининг «Толиб аканинг «даҳшатли ўчи» деб номланган мақоласида И.Каримов режимини жон-жаҳди билан ҳимоя қилувчи, КГБнинг юқори унвонли офицери Михаил Ардзиновни оқлашга ҳаракат қилган ва менинг у ҳақида ёзганларимни мантиқсизлик деб баҳолаган. Менинг қўлимда у ва унинг укаси Василий Ардзинов КГБнинг кадровий офицери бўлганликлари ҳақида 1998 йилда Санк-Петербургдан келган хат бор. М.Ардзинов ҳозир ҳам Россия ФСБсининг Ўзбекистондаги резидентидир. У ўзбек МХХга содиқлик билан хизмат қилаётганини ҳамма билади. Менда М.Ардзинов 1991 йили МХХда тузилган махсус “Дезинформация» группасининг раҳбари этиб тайинлангани ҳақида ишончли манбаъдан олинган ҳужжат бор. Мен-ку «Бирлик» ҳақида бир сатр ҳам ёмон гап ёзмаганман, – буни ҳамма билади, – М.Ардзинов «Бирлик» ҳақида юзлаб бўҳтонлар ёзиб одамлар ичида юриб таеқатди, факс ва электрон почта орқали юзлаб адресларга жўнатди. Бир мисол. Илгари «Озодлик» радиоси ва Украина элчихонаси битта бинода жойлашган эди. Бир куни мен «Озодлик»дан чиқиб, бир иш билан элчихонага кирдим. Мени элчининг маслаҳатчиси В.Яковенко қабул қилди ва гап орасида столи устида турган қоғозлар орасидан бир ҳужжатни олиб менга узатди ва: «Сиз шу одамни танийсизми, у қандай одам?» деб сўради. М.Ардзиновнинг В.Яковенко узатган мақоласи бошдан оёқ «Бирлик»ка қарши ёзилган экан. Мен ўз фикримни айтгач, В.Яковенко: «Как он нам надоел! Он пешком разносит свои сочинения всем организациям. Как он не устает? Тема одна: «Бирлик» такой- «Бирлик» сякой». Агар А.Пўлатов шундай одамни қўлласа, у ҳолда унинг ўзи ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керакка ўхшайди.
А.Пўлатов мени мухолифатга қарши курашди (душманлик қилди) ва бу билан И.Каримов режимини мустаҳкамланишига ёрдам берди, деб айбламоқда. Айни пайтда у «Мухолифат = «Бирлик» партияси» деган формулага урғу бермоқда. «Биз «Бирлик»нинг қурултойини ўтказдик ва мухолифатни тикладик», – бу унинг ёзганларидан бир жумладир. Бу «буюк сиёсатчи» ўзбек халқининг аксарият қисми аллақачон мухолифатга айланиб бўлганини сезмас ҳам экан. Афсус-ки, бу мухолифат ҳозирча унсиз (товушсиз), бироқ унинг ҳам даври келишига шўбҳа йўқ. Партияга одамлар пул бергани учун эмас, эътиқоди туфайли кирсагина бундай ташкилот унли ва салоҳиятли бўлади. «Бирлик» партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш учун 2003 йилда Ўзбекистондаги асосий бирликчи В.Иноятова бошчилигида аҳоли орасида имзо йиғиш бошланганда имзо чекан одам бир неча минг ўзбек сўми билан «сийланди». Маълум бўлишича, партияга 25.000 одам аъзо бўлган. Табиий, бу одамлар мен мухолифат деб атаган аҳоли орасидандир. Бироқ партия унлими? Агар у унли бўлганда эди, бу партия 2004 йил декабрь сайловларида Олий Мажлисга ўз депутатларини ўтказа олмаган тақдирда ҳам туман, шаҳар ва вилоят кенгашларига ўнлаб, балки юзлаб депутатларини ўтказган бўлар эди. ЎИҲЖ сон жиҳатдан «Бирлик» партиясидан 50 баробар кичик ташкилот бўлса-да, ўша сайловларда ўзининг уч вакили (қаршилик Саидмурод Қўчқоров (Аллоҳ раҳмат қилсин), ангренлик Холхўжа Юнус, жиззахлик Суннат Орипов)ни маҳаллий кенгашларга депутатликка ўтказди. Мард одамларимиз ярим кечаси сайлов қутиларини олиб кетаётган машиналар ғилдираклари тагига ётишди ва бюллетенларни қайта санаб чиқишга мажбур этишди. Мухолифатга Дадахон Ҳасан, Бахтиёр Ҳамроев, мен (ва А.Пўлатовнинг собиқ бошқа сафдошлари) эмас, ўзларининг беҳаё ёлғонлари билан мамлакат ичида И.Каримов, унинг ташқарисида туриб эса А.Пўлатов душманлик қилишмоқда.
А.Пўлатов бошқа сиёсий партияларни ерга уриш ҳисобига ўз партиясининг обрўйини оширмоқчи бўлади. «Эрк» партиясига қанчалик тош отганини ҳамма билади, «Эрк»ни бир чеккага қўя турайлик. Унинг ёзишича «Озод деҳқонлар» партияси қоғозда бор-у, ўзи йўқ, эмиш. Агар имзолари пул билан тўплаган партия кучли партия бўлганда эди, шу пайтда Ўзбекистонда энг кучли партия «Озод деҳқонлар» партияси бўлар эди, чунки, юқорида айтганимиздек, Нигора Ҳидоятовада пул етарли, бироқ у А.Пўлатовдан фарқли унсиз партия билан ҳеч қандай ижобий натижага эришиб бўлмаслигини яхши тушунади, чунки унсиз партия, яна такрорлайман – бугун бор, эртага йўқ!
Ким «Бирлик» раҳбарини лақиллатиб юрибди ва ким кимга зарба бераяпти – буни яхшиси В.Иноятовадан сўраш керак. ЎИҲЖнинг аъзолари наманганлик Аҳмат Абдуллаев, андижонлик Музаффармирзо Исоқов, хоразмлик Ҳайитбой Ёқубов, ургутлик Комилжон Ғофуров, бойсунлик Ҳаким Пўлатов ва бошқалар бу хонимнинг бошни айлантирувчи ширин (асосан пул билан) «ашулалари» оқибатида ташкилотни тарк этдилар. 2001 йил 29 сентябрь куни ЎИҲЖдан уч вакил (А.Абдуллаев, М.Исоқов, В.Иноятова) АҚШ элчихонаси таклифи билан «Америка билан танишиш» программаси бўйича АҚШга уч ҳафталик сафарга жўнаб кетишди. Бениҳоя хурсанд А.Абдуллаев ва М.Исоқов аэропортга менинг хонадонимдан жўнаб кетишди ва АҚШдан бутунлай бошқа кайфиятда қайтишди ва 2-3 ой ҳатто менинг қўнғироқларимга ҳам жавоб беришмади. Улар «Эзгулик»нинг 2002 йил 17 февралда бўлган қурултойида қатнашиб, шу жамиятга ўтиб кетишди. Мазкур сафардан 20 кун олдин, яъни 2001 йил 9 сентябрда ЎИҲЖдан уч вакил (В.Иноятова, қаршилик Тўлқин Қораев, ургутлик К.Ғофуров) Белград (Сербия)га 10 кунлик ҳуқуқбонлик семинарига кетишди. Т.Қораев ва К.Ғофуров аэропортга менинг уйимдан жўнаб кетишди, бироқ қайтгач, ургутлик аъзомиз ариза бериб ташкилотдан чиқиб кетди. Менда К.Ғофуровнинг кечирим сўраб ёзган хати ҳам сақланмоқда – у хатосини кечроқ бўлса-да тушунди. В.Иноятованинг ёлғони туфайли ташкилотни тарк этган Ҳ.Ёқубов «Эзгулик»нинг қурултойида алданганини сезган ва ташкилотга кирмаган.
Мен ЎИҲЖнинг раиси сифатида Аҳмат ака, Музаффармирзо, Комилжон, Ҳайитбой ва бошқалардан хафа эмасман, қайси ташкилотда ишлаш уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари. Уларнинг ҳар бири ҳуқуқбон сифатида ЎИҲЖда шаклланганлар, ва агар улар инсон ҳуқуқларини астойдил ҳимоя қилаётган бўлсалар, буни табриклаш керак. Бироқ мен Ҳайитбой хусусида бир оғиз гап айтиб кетмоқчиман.
Чамаси, у узоқ вақтлар ЎИҲЖдан умидини уза олмаган. 2005 йил баҳор ойларининг бирида менга Женевадан БМТ Инсон ҳуқуқлари комитетининг эксперти, Болгария Хельсинки комитетининг раиси Крассимир Канев телефок килди ва: «Ҳайитбой Ёқубов ЎИҲЖнинг аъзосими?» деб сўради. Мен: «Йўқ, биз уни 2002 йил 5 ноябрда ЎИҲЖдан чиқарганмиз. Шу мажлисимизда Польша Хельсинки комитети раиси Анджей Жеплинский ва Голландия Хельсинки комитети вакили Ян тер Лаак қатнашишган. Нима гап?» деб жавоб бердим. У Ҳ.Ёқубов Женевага Туркманистон бўйича ўтказилган ва БМТ томонидан ташкил этилган конференцияга келгани ва БМТга ЎИҲЖ номидан катта грант сўраб заявка топширганини айтди. Мен унга: «БМТ Ҳ,Ёқубовга миллион долларлик грант берса ҳам қарши эмасман, бироқ у грантни ЎИҲЖ номидан олаётган бўлса мен қаршиман» дедим. К.Каневни мен 2006 йил ноябрда Софияда кўрдим ва у менга ўша заявка қайтарилганини айтди.
2006 йил ноябрда В.Иноятова Жиззахга ташриф буюрган (у пайтда мен Францияда эдим) ва ЎИҲЖнинг Жиззах туман бўлими раиси, ЎИҲЖнинг таъсисчиларидан бири Мамиржон Азимовни «Бирлик» партияси ва «Эзгулик»нинг вилоят бўлимларини бошқаришга кўндиришга ҳаракат қилган ҳамда унга 200 (100 «Бирлик»дан ва 100 «Эзгулик»дан) доллар маош таклиф этган, бироқ рад жавобини олган. 25.000 аъзоси бўлган партия ва аъзоларининг 98% бирликчи бўлган «Эзгулик» (бу рақамни В.Иноятова «Фридом Хаус» ташкилоти офисида АҚШнинг янги элчиси билан бўлган учрашувда ғурур билан кўпчилик орасида айтган эди) бир вилоятга раисни ЎИҲЖдан излагани кўп нарсани тушунишга ёрдам беради. И. Каримов ҳам бошда ўз томонига одамларни «Бирлик» ХҲ, «Эрк» демократик партияси ва бошқа ташкилотлардан оғдириб олганини кўпчилик эсласа керак.
Ўзини катта сиёсатчи деб ҳисоблайдиган А.Пўлатов 90-чи йилнинг бошида «Бирлик» ХҲ ичида партия ташкил этишга қаттиқ қаршилик кўрсатди. Биз, 10-15 бирликчилар, ЎзФА аспиранти Оппоқов (наманганлик, исми эсимда йўқ) бошчилигида 1989 йил охирларида партия тузиш мақсадида бирлашиб, ҳафтада бир марта йиғилишиб, бўлажак партия устав ва программасини ёза бошладик. 1990 йил январида мен А.Пўлатовни кўндиришга кўп ҳаракат қилдим. Бир куни иккаламиз уч соатча пиёда кўча айландик ва мен партия тузиш зарурати туғилганини унга гапирдим, бироқ у кўнмади. Кўп ўтмай, 11 апрель куни (санада адашган бўлсам, эркчи биродарлардан узр сўрайман) Ўзбекистон «Эрк» демократик партияси тузилганлиги эълон қилинди ва … А.Пўлатовнинг пайтавасига қурт тушиб қолди. У биз билан актив мулоқот бошлади ва биздан тайёрланган ҳужжатларни олиб, партия қурултойига тайёргарликни бошлаб юборди. Сана ёдимдан кўтарилган, қурултой Инқилоб хиёбони ёнидаги матбуот редакцияси рўпарасида жойлашган Миролим Одилов адвокатурасида бўлиб ўтди. А.Пўлатов ташаббусни қўлга олди, биз таклиф этган номни ўзгартирди, ташаббускорлардан деярли ҳеч кимни (жумладан мени ҳам) партия раҳбарияти таркибига яқинлаштирмади ва ўзини раис этиб сайланишига эришди. Қурултой тугагач, бир одам ҳайратланиб: «Э, қойил! Мен ҳали бундай авантюристни кўрмаганман!» дегани менинг ҳамон қулоғимда. Ижтимоий-сиёсий вазият маълум бир ҳаракатларни актив амалга оширишни тақазо қилаётганини сезган ва тушунган, асосий соҳаларда ҳукуматдан ўзиброқ ҳаракат қиладиган сиёсатчигина ҳақиқий лидерликка даъвогар бўлиши мумкин. Партия тузиш масаласида А.Пўлатов бундай лидер эмаслиги, бироқ яхшигина авантюрист эканлигини кўрсатди.

Хотима

Мен мақолани тугатмоқдаман. Бу мақолада мен нафақат А.Пўлатовнинг жирканя башарасини одамларга билдирмоқчи, балки ўзим ҳам камида ўн йил унинг сафдоши бўлганимда қанчалик катта хатолар қилганимни астойдил кўрсатмоқчи бўлдим. Қилган хатоларим учун мен ҳақиқий бирликчилар, эркчилар ва бошқа дўстларимиздан кечирим сўрайман. Ушбу мақола Интернет-сайтларда берилса, А.Пўлатов ва В.Иноятованинг яна жазаваси тутишини кўз олдимга яхши келтираман. Масаланинг мени афсуслантирадиган ва қийнайдиган бир томони бор-ки, уни айтмасдан иложим йўқ. А.Пўлатов атрофида ҳалиям соф виждонли, «Бирлик» ғояларига содиқ талайгина инсонлар бор ва мен уларни самимий ҳурмат қиламан. Агар улар сиёсий курашда А.Пўлатов ёнида турсалар – бу уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, мен бунга асло қарши эмасман. Мен ўз хулосам ҳамда танловимни тушунган ва масъулиятли равишда қилдим. Бироқ, мақолани ўқигач, юқорида айтилган дўстлар мендан ранжисалар ёки, унданда оғирроқ, юз ўгирсалар, бу – мен учун оғир бир синовга айланади.
Мен ҳақимда А.Пўлатов нима деб вайсамасин, бу менинг унинг ҳақида ёзган охирги мақоламдир ва бундан буён мен уни кўнгилсиз туш каби унутишга ҳаракат қиламан.

12 январь 2008 йил Франция

4 Responses to “Толиб Ёқубов: БУНДАЙ ИФЛОС ХУДОДАН ХАМ КУРКМАЙДИ”

  1. Anver Says:

    Yakubov sen ham aklingni yebsan! Pulatovdan olgan pullaringni hem aytda! Vijdaning tazzza buladi. Inaytovaga hujum bermay Pulatovni ysasang zur bulardi. Siyosatni bilmaysan karib kolgan chol!

  2. Birlikchi Says:

    Hakikatdan ham jinni bulibdi. Bugun yozganini harakatda ukidim. Uni okpadar ham deb aytishgandi. Shu gap ham rost ekan.

  3. Harakatga Says:

    Hurmatli web-sayt tahririyati,
    sahifalaringizda ko’plab ishonarli va kerakli malumotlar e’lon qilinadi va buning uchun sizlarga uz minnatdorchiligimizni bildiramiz. Ammo muxolifat partiyalariga ovoz berilgan jadvallar va shunga uxshash Birlik partiyasini Erk partiyasidan ustun ko’rsatishga qaratilgan maqolalar tug’risi kishini ensasini qotiradi. Men bir xolis vatandosh sifatida sizlardan iltimosim shuki, foydali maqolalar bilan shug’ullansalaringiz. Birlik zurmi Erk zurmi, bu hozir hech kimni qiziqtirmay quydi va shu ketishda bu nomlar ham vatanda unutilib ketadi. Biz (ya’ni men singari fikrlaydigan o’zbek xalqining bir qatlami) muxolifatdan juda katta narsalar kutgan ekanmiz va adashdik. Biz uchun kim hozir xalqqa foydasi tegadigan amalda biron ish qilsa shu partiya zur, internet orqali tosh otishishlar bu sizlarning dunyoqarashlaringizning qanchalik sayozlashib ketganligini kursatadi. Bizga faktlar kerak emas, qilayotgan ishingizga qarab uzimiz xulosa qilaveramiz, qaysi partiya zurligini. Shunga uxshash har xil befoyda maqolalarga ketgan vaqtni foydali ishlarga sarflaganingizda, O’zbekiston ozgina bo’lsada Demokratiya sari qadam quygan bulardi, ming afsus..

  4. Дипломат Says:

    Жаноб А. Пулатов бундай ёзибди-
    Умид қилиш керакки, дейди мухбиримиз, “Бирлик” Партияси раиси ўринбосари Пўлат Охуннинг паспорти масаласи ҳам Шаҳрихон ИИБ томонидан тезда шу шаклда битказилади. Қолаверса, партия раиси Абдураҳим Пўлатга ҳам Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчилиги томонидан паспорт берилиб, унинг Ўзбекистонга қайтиши учун имкон яратилса, бу ишлар Ўзбекистонда демократиянинг муҳим ғалабаси бўларди. Эслатиб ўтиш керакки, Абдураҳим Пўлат бу хусусда элчиликка 2007 йил 2 сентябрь куни расман мурожаат қилган бўлса ҳам, ҳалигача жавоб олмаган.
    -У Туркияга кандай борганди. коида буйича СШАни паспорти вилан Вашингтонга виза учун мурожаат килиши керак ва Уз бораверсин. Уни устидан хеч качон иш очилмаганини хамма билади.
    Сайтида хаммани ахмок деб билиб бунака ёзиб ниам килади.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s


%d bloggers like this: